Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов Навоий вилояти Навбаҳор туманининг “Сарбазор” маҳалласида бўлиб, ҳоким ёрдамчиси Жамшид Ҳамроев ташаббусига кўра ташкил этилаётган “Истеъмолчилар маркази” билан яқиндан танишди.
“Фуқаро – жамоат ташкилотлари – давлат” бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг “маҳаллабай” тизимини жорий этишга қаратилган “Истеъмолчилар маркази”да аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларнинг аниқ ҳал этилишида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорликда ишлашнинг янгича тизими йўлга қўйилади.
Бу жараёнда фуқароларнинг (газ, электр ва сув таъминоти, коммунал хўжалиги, экология, қурилиш, кадастр, бандлик, ижтимоий хизматлар, соғлиқни сақлаш, таълим, хизмат кўрсатиш, савдо, транспорт, алоқа ва бошқа) турли соҳалардаги мурожаатлари “маҳаллабай” кўриб чиқилишида ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши билан бир қаторда, мавжуд муаммоларнинг жойида ҳал этилишига шароит яратилади.