Фикрлашга ундаган мақола

Қўрқув бандасига хос. Аллоҳ йўриғидан четга чиқишга қўрққан инсон қўлидан ёмонлик келмаслиги ҳаётда миллион маротаба исботланган. Бу ҳиссиёт тарбия воситасида кўнгилга экилади.

Бироқ Ватанни ёғийдан ҳимоялаш, ёвузликка қарши кураш, юрт равнақи йўлида ҳақ сўзни айтишдан қўрқмаслик ҳисси ҳам мавжуд. Бундай инсон қандай тарбияланади? Бу вазифа кимнинг зиммасида?

Ана шундай саволлар олим, журналист ва муҳаррир Салим Дониёровнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган “Қўрқувсиз жамият куч-қуд рати эркин сўз ва озод ғоялар билан шаклланади” (2023 йил 28 февраль, 40-сон) мақоласини ўқигач ҳар бир маърифатли кишининг шуурида пайдо бўлиши шубҳасиз.

Аслидаям инсонни фикрлашга ундайдиган ҳар қандай битик кишини безовта қилиши керак.

Мақолада тоталитар жамиятлар инсон шахсини топтагани оқибатида қон-қонгача сингиб кетган қўрқув ва унинг асоратлари бугунгача таъсир этаётгани ҳаққоний очиб берилган. Уларни бартараф этишда матбуотнинг аҳамияти нақадар муҳим эканлиги исботланган.

Муаллиф ушбу мақолада Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 февраль куни Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида оммавий ахборот воситалари ҳақида билдирган қуйидаги фикрини келтиради:

“Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик...”. Ўша суҳбат чоғида Президент яна бир фикрни ҳам таъкидлади: “Яна олдингидек “СНБ”, прокурор текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?”.

Мана шу икки жиддий мулоҳаза Президентимизнинг 2017 йил январь ойида Сурхондарёга ташрифи чоғида собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг вилоятдаги фаолиятини жиддий танқид остига олганини эсга солди:

“Миллий хавфсизликдагилар Сурхондарёни ўлдирган. Булар... ҳамма тизимни эгаллаган, ҳамма ташкилотни эгаллаган. ...Сал қарши гап билдирса, ғийбат қилиб ишдан олиб ташларди. Ўғрига чиқарарди, бир айбни бўйнига қўярди. ...Шунинг учун бу ерга битта ҳам бизнесмен келмаган, келдими дарров қамарди”, деган эди ўшанда Шавкат Мирзиёев.

Президент фикридан мавзумизга хос хулоса чиқарадиган бўлсак, демократик жамият учун ножўя ҳисобланган бундай хатти-ҳаракатлар матбуот назоратидан четда қолдирилган, ҳаққоний ахборот тарқатишга йўл қўйилмаган, оқибатда коррупция гуркираган.

Кишилик жамиятидаги сифат ўзгаришлари билимнинг, бизнинг мисолимизда ахборотнинг ўрни нақадар муҳим бўлганини намоён этди. Ўзбекистонда тўпланган тажриба очиқ берилган ахборотларнинг юрт тарақ қиётига хизмат қилишини, яширилган ахборотлар эса тескари самара беришини кўрсатди.

Янги Ўзбекистон демократик жамият қуришни ўзига мақсад қилар экан, қанчалик оғир кечмасин, албатта, унинг барча қонуниятларига риоя этиш талаб этилади. Бу йўлдаги таж риба белгиланган вазифалар фақат қоғозларда, нутқларда қолиб кетса, қонунлар яратилиб, амалда қўлланилмаса ёки давлат тоталитар жамиятдан қолган усуллар билан бошқарилса, демократия ўз-ўзидан вужудга келмаслиги яқин тарихдан маълум бўлди.

Ҳақиқат баҳсларда туғилади

Мақоланинг яна бир диққатга сазовор жиҳати шундаки, унда халқ ва ҳокимият ўртасида риштанинг узилиши оқибатлари таҳлил этилган. “Ниманики йўқотган бўлсак, халқ ва ҳокимият орасидаги алоқа йўқлиги туфайли йўқотганимизни ҳам тушундик”, дейди муаллиф. Бу борада оммавий ахборот воситалари зиммасидаги вазифаларни, жумладан, адолатли танқид бўлишининг аҳамиятини кўрсатиб, камчиликларимизни таҳлил этган ҳолда, “фаолиятимизни ҳам танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқишимиз зарур бўлади”, дея ўз қарашларини баён этади.

Шу нуқтаи назарга демократик дунёда тан олинган давлатлар ва жамиятлар муваффақиятини таъминлаган “Матбуотнинг ижтимоий масъулият назарияси” қонуниятлари мисоли орқали муносабат билдиришни лозим топдик. Зеро, ҳақиқат баҳсларда туғилади. Хулосалар эса мақолада кўтарилган халқ билан ҳокимият ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Таъкидланган назариянинг аксар қоидалари Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач амалда қўлланила бошл анди. Масалан, “матбуотдан кўзланган бош мақсад ахборот бериш, кўнгил ёзиш ва сотиш, лекин асосан, муамм они муҳокамага олиб чиқиш экани, айтадиган гапи бор ҳар бир кишининг ОАВдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, жамоатчилик фикри, касб ахлоқи воситасида ОАВ назорат қилиниши, инсон ҳуқуқлари ва ҳаётий зарур ижтимоий манфаатларга матбуот орқали халақит бериш тақиқланиши” каби қоидаларнинг секинлик билан бўлса-да, ҳаётимизда татбиқ этилаётгани ижтимоий назария амаллари ҳисобланади.

Биз бу назарияни даврга ва менталитетимизга (асосан, ахлоқ нуқтаи назаридан) мослаб “Ахборий жамият матбуоти назарияси” деб атадик. Унинг жамияти- миз қабул қилишга қийналаётган ва ғарб демократик матбуоти бизга мажбурлаб сингдиришга уринаётгандек туюлаётган бир талабини қўллашга иккиланяпмиз. У қуйидаги қоидадир: “Оммавий ахборот воситалари ижтимоий масъулиятни ўз зиммасига олиши керак, акс ҳолда уларни кимдир шундай бўлишга мажбур этиши лозим”.

Мазкур гапнинг биринчи бўлагидаги талабни адолат тамойилига асосланиб бажаришимиз зарурлигини муаллиф ўз мақоласида таъкидлайди, албатта. Лекин иккинчи ярмидаги талаб (“акс ҳолда уларни кимдир шундай бўлишга мажбур этиши лозим”) очиқ қолади.

“Кимдир” ким?

Сиртдан қараганда демократик жамият матбуоти ҳар қандай тазйиқдан, цензурадан холи бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам демократик давлатлардан келган турли халқаро ташкилотлар мутахассислари бизнинг журналистларимиз учун ўз назарияларидан келиб чиқиб маҳорат дарслари ташкил этиб, жамиятдаги муаммоларни кўтариб чиқишга даъват этади. Уларнинг таълимини олган баъзи мухбирларимиз ахборот олиш ва тарқатишда, таҳлил ва танқид қилишда кўзимизга бетгачопардек туюлади.

Аслида журналистларнинг ҳақиқий ахборот тарқатиши ёки танқидий-таҳлилий мақола беришидан мавжуд ҳокимият манфаатдор бўлиши даркор. Ҳар қандай воқеа-ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб ўз оммавий ахборот воситаларимиз тезкор янгилик тарқатиши учун маълумот олишига имкон берилиши зарур. Танқидий материал лар чоп этилса, тегишли ташкилот муносиб жавоб ҳам тайёрлаши муҳимдир. Бунинг учун давлат ташкилотларида бюджет ҳисобидан маош оладиган матбуот котиблари лавозими йўлга қўйилган. Шундай бўлса-да, матбуотдаги турли чиқишларга тезкор жавоб қайтариш ҳанузгача оқсамоқда... Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бу вазифани уддалашга ҳаракат қилган тақдирда ҳам назариянинг таъкидланган талабини бажара олмайди. Негаки, у ижро ҳокимияти тизимидаги идора ҳисоб ланади.

Унда ОАВни “шундай бўлишга мажбур” қила оладиган “кимдир” ким? Журналистлар уюшмасими? Ёки уюшма қошидаги Жамоатчилик кенгашими? Бўлиши мумкин, бироқ масаланинг моддий жиҳати бунга йўл бермайди назаримизда.

Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасига қарашли ёшлар инновация маркази фаолият кўрсата бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бу ерда иқтидорли ёшларнинг ғоя ва мақсадларини амалга ошириш, янги ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Дунё тажрибасидан таклиф

Капитализм шароитида фақат ватанпарварлик билангина ишлаб бўлмайди. Бу журналистлар фаолияти учун муносиб иқтисодий асос яратилиши зарурлигини кўрсатади.

Ғарб демократик матбуоти ривожи ортида босқичма-босқич саноатлашиб, кучли ишлаб чиқаришга эга давлатларнинг иқтисодий салоҳияти турибди. Шундай бўлса-да, бугунги кунда ҳам баъзи мамлакатларнинг парламентлари матбуот эркинлигини қўллаб-қувватлаш учун катта миқдорда маблағ ажратмоқда.

Биз эндигина иқтисодий ривожланиш сари қадам ташладик. Ўзбекис тон саноатлашиб, постиндустриал ва ниҳоят, ахборий жамиятга босқичма-босқич ўтгунига қадар ОАВ учун ажратиладиган, энг асосийси, Олий Мажлис орқали бериладиган беғараз иқтисодий асос яратилиши зарур.

Шу боис, юқорида таъкидланган талаб — оммавий ахборот воситалари ижтимоий масъулиятни ўз зиммасига олмаса, Олий Мажлис уларни шундай бўлишга мажбур этиши лозим. Нега?

Биринчидан, бу даргоҳда халқ сайлаган вакиллар унинг манфаатини кўзлаб қонунлар яратади ва улар  қонунларнинг амалда қўлланилишидан манфаатдор ҳисобланади.

Иккинчидан, у даргоҳда турли қарашдаги сиёсий партиялар фракциялари ижро ҳокимияти фаолиятини ОАВ орқали  ҳам назорат қилиш имкониятига эга бўлади. Бу эса сайловчиларнинг ўз депутатлари орқали ҳокимиятни назорат қилишда, маълум маънода бошқаришда иштирок этишини англатади.

Бу бир кунлик иш эмас!

Оммавий ахборот воситаларининг ривожи муштарийлар маданиятининг ўсишига чамбарчас боғлиқ. ОАВда берилаётган ғояларни англаш ва уларга фаол муносабат билдириш ўқувчиларда фикрлаш кўникмасини ривожлантиради.

Муштарий талабининг ошиши ўз навбатида журналистларга масъулият юклайди, ўз устида ишлашга мажбурлайди.

Бунинг учун эса таклиф этилаётган “Ахборий жамият матбуоти назарияси”ни босқичма-босқич ҳаётга қўллаш бўйича кенг миқёсли миллий дастурни ишлаб чиқиб, уни амалда қўллаш талаб этилади.

Албатта, бу ўринда жадид боболар қўллаган МАЪРИФАТ аталмиш қудратли қуролни ишга солиш зарур.

Илк босқичда таълим муассасалари тизимига медиатаълим, шунинг дек, замонавий ахборот маданияти ва унинг энг муҳим хусусиятларига доир билимлар мажмуаси жорий  этилади. Унда ҳар бир инсоннинг фикр билдириш эркинлиги қаторида, ахборот олиш, қайта таҳлил қилиш, ундан фойдаланиш, суиистеъмол қилмаслик, интернет тармоғидаги сайт ва бошқа манбалар моҳиятини англаш, энг асосийси, сохта (атай уюштириладиган) ёки ёлғон (фейк) хабарларни ажрата билиш, ўз фикрини тўғри ёзиб (ҳам имло ва ҳам муомала маданияти нуқтаи назаридан) муносабат билдириш каби билимлар фанлар таркибига киритилади ва ўргатилади.

Фарзандлар ўзлаштираётган ахборот маданияти параллел равишда жамиятнинг бошқа қатламларига ҳам муносиб шаклларда тарғиб этилади.

Дастлабки аудитория ота-оналардир.

Бугун ижтимоий тармоқларга  эътибор қаратсангиз, баъзи ота- оналарнинг маданиятсиз муносабатларидан уялиб кетасиз. Қолаверса, мактабда билим олган болалар ўрганганларини биринчи навбатда оиладагилари билан ўртоқлашади. Уларга муносиб жавоб қайтариш учун ота-оналар тайёр туриши янги авлод тарбиясининг мукаммал бўлишига хизмат қилади.

Кейинги аудитория турли даражадаги раҳбар кадрлар ва давлат хизматчилари ҳисобланади. Уларнинг малакасини ошириш муассасалари, жумладан, давлат ва жамият бошқаруви академияси ўқув дастурларига ахборотга, оммавий ахборот воситаларидаги турли танқидий-таҳлилий чиқишларга муносабат билдириш, журналистлар билан мулоқот — матбуот конференциялари ўтказиш, саволларга мантиқли жавоб қайтариш, интервью бериш каби кўникмалар тўғрисидаги нафақат маъруза, балки амалий машғулотларни киритиш зарур. Зеро, ҳар бир бўғиндаги раҳбарнинг, давлат хизматчисининг бу борадаги иш тутумлари алалоқибат халқаро майдонда юрт обрўси кўтарилишига хизмат қилади.

Бундай билимлар мажмуидан бохабар бўлиш ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳам тааллуқли. Улар ҳам жамоатчилик билан узлуксиз ишлайди. Аҳолига, шу жумладан, журналистлар саволларига ҳам мунтазам жавоб бериши табиий жараён. Оддийгина мисол. Машиналар ойнасини “тонировка” қилиш муаммоси кўтарилганда бир ходимнинг жавоби кўпчилик ҳайдовчиларнинг ёдида қолди — ойналарга қорайтирилса машина ичидаги ҳолатни, масалан, жиноятчини аниқлаш қийин кечади. Мантиқан олганда тўғри жавоб. Бироқ “кимнинг маблағи бўлса ойнани қорайтириши мумкин”лиги ҳақидаги ахборот юқоридаги мутахассиснинг фикрини инкор этишини, мантиқ бузилганини ҳеч ким ўйламади. Натижа — ОАВ ва ижтимоий тармоқлар негативга тўлди. Шу боис, ҳар бир мутахассис журналистларнинг бу каби саволларига жавоб беришни ўрганиши ўта муҳим.

Демократик жамиятда замонавий ахборот маданияти ва унинг энг муҳим хусусиятларига доир илмий асосланган билимлар мажмуасини жорий этиш ва оммалаштириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори