Жаҳон тажрибаси кўрсатяптики, аҳолининг ижтимоий фаоллиги, энг аввало, унинг шу жамиятдаги ўзгаришлардан, олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили юртимизда бугун давлат сиёсатининг асосий йўналишига айланди ва ўз самарасини беряпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган фикрлар халқ билан мулоқот нечоғлиқ фойдали эканини амалда кўрсатяпти.

Мисол учун, Самарқанд шаҳри ҳокими Бобурмирзо Облоқулов ва сектор раҳбарлари сессия орқали халққа қиладиган мурожаатларига алоҳида тайёргарлик кўрди. Йил давомида пандемия шароитида белгиланган режалар, амалга ошган лойиҳалар, чала қолган ишлар батафсил таҳлил этилди. Ишга солинмаётган имкониятлар очиқ айтилди.

Сессиянинг ижтимоий тармоқларда, ҳокимлик сайтида тўғридан-тўғри намойиш этилиши шаҳардаги аҳволдан нафақат депутатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ННТ фаоллари, балки ҳар бир сайловчи ва аҳоли воқиф бўлишига имконият яратди. Шунинг учун улар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали шу пайтнинг ўзида шаҳар мутасаддиларига саволлар, таклифлар билдирилди.

Б.Облоқуловнинг таъкидлашича, пандемия шароити бўлишига қарамай, йилнинг ўтган 11 ойида ижтимоий ва иқтисодий соҳалар бўйича белгиланган режалар бажарилган. Яъни бу борадаги
71 та лойиҳани амалга ошириш орқали 473 миллиард 617 миллион сўм инвестиция ўзлаштирилган. Жорий йил якунигача эса жами 83 та лойиҳа ишга туширилиши ва 1,2 триллион сўм қийматидаги сармоя ўзлаштирилиши натижасида 1523 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Шаҳардаги 250 та меҳмонхона ва меҳмон уйида жорий йилнинг 9 ойи учун 120 минг хорижий фуқарога жойлар банд қилингани ҳолда пандемия сабабли буюртмаларнинг аксарияти бекор қилинди. Оқибатда 95 миллиард 300 миллион сўмлик тушумдан маҳрум бўлинди. Туризм йўналишидаги 331 та корхона фаолиятини тўхтатиши оқибатида 4530 нафар фуқаро вақтинча ишсиз қолди.

Сессияда келгуси йилда барча йўналиш ва тармоқларда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун режалар белгилангани қайд этилди. Жумладан, 2021 йил биринчи ярмида 4,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ёки ўсиш суръатини 103 фоиз ошириш режалаштирилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 7,6 минг фуқаро мақсадли дастурлар доирасида яратиладиган ва бўш, вакант ўринларга ишга жойлаштирилади. 5,4 минг фуқаронинг бандлигини таъминлаш учун 5 йўналишда субсидия маблағи ажратилади.

Йил давомида ижтимоий соҳанинг 40 дан ортиқ муассасасида қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция ишларини амалга ошириш назарда тутилмоқда. Янгидан вужудга келган Қорасув массивида 16 қаватли (960 та хонадонли) 10 та турар жой биноси қурилади.

Сессияга депутатлар қайси округдан сайланганидан қатъи назар, ҳар бир сайловчи мурожаатини ўрганиши зарурлиги, лойиҳалар ижросини таъминлаш учун ишчи гуруҳлар тузиш ва уларнинг якунини сессия ёки доимий комиссияда муҳокама қилиш таклифи билдирилди. Аҳолидан тушган таклифларнинг ҳам аксарияти барча соҳаларда очиқликни таъминлаш, шаҳар коммунал хўжалиги, жамоат транспорти билан боғлиқ бўлди.

Депутатлар М.Қурбонов ва Ш.Алибековнинг фикрича, энди ҳар бир сектор раҳбари ушбу мурожаат асосида депутатларга, аҳолига ҳар бир лойиҳа моҳияти, ижросининг ҳолати юзасидан ахборот бериб боришини йўлга қўйиш зарур.

Мисол учун, 2021 йилда шаҳар ичидан оқиб ўтувчи 5 та канал ва коллектор, уларнинг соҳиллари тартибга келтирилиши режалаштирилган. Бу борада ишлар бошланган ҳам. Аммо масала эътиборталаб. Чунки соҳиллардаги юздан ортиқ иморат бузилиши, ариқ, каналлар ёқасида спорт йўлаклари, истироҳат майдончалари барпо этилиши лозим. Бу жараёнга депутатларни, фаолларни ҳам жалб қилиш керак. Аҳоли ўртасида тарғибот, уй эгалари билан суҳбат ўтказиш, архитекторлар ўртасида турли майдончалар лойиҳасига танлов уюштириш, бузиладиган хонадонлар эгаларини турар жой билан таъминлаш кабилар ўз вақтида сифатли бажарилиши шарт. Бунинг учун жараённинг ҳар бир йўналишига депутатлар бош бўлиши ва ишни тезлаштириш чораларини кўриши керак.

Халқ депутатлари Самарқанд тумани кенгаши сессиясида туман ҳокими Н.Мавлонов пандемия сабабли 565 та саноат корхонасининг 76 таси фаолиятини вақтинча тўхтатгани, бошқалари ҳам кам қувватда ишлаганини очиқ ­айтди. Оқибатда саноат ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилнинг биринчи ярмида ўтган йилдагига нисбатан 6,2 фоиз, 9 ой якуни бўйича 0,9 фоиз камайди. Сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан “корхонабай” иш олиб борилиши натижасида 11 ой якунига кўра, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 1 триллион 380 миллиард сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,6 фоиз кўпайган.

2021 йил биринчи ярим йилликда 813,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Гарчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, хизматлар кўрсатиш, чакана савдо бўйича ҳам йил бошида белгиланган режалар ортиғи билан бажарилган бўлса-да, тумандаги имконият бу кўрсаткични янада оширишни тақозо этади.

Туманнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида М-37 ва М-39 халқаро автомагистрал йўллари атрофида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, “MIX ROYAL PALACE” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий мотел, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, замонавий санитария-гигиена шохобчаси ва нон музейи лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. “INTRAMED” корхонаси эса 236 миллиард сўмлик лойиҳа асосида юқори технологик тиббий марказ ташкил этмоқда. Булардан ташқари, ­Конигил ва Оқбўйра қишлоқларида бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган сайёҳлик масканлари бунёд этилди.

Бугунги кунда тумандаги паррандачилик хўжаликларида 1,4 миллион бош ва аҳоли хонадонларида 1,1 миллион бош парранда парвариш қилиниб, 607,1 миллион дона тухум етиштирилмоқда. Келгуси йил биринчи чорак якунига қадар 1,3 миллион дона тухум етиштириш имконини берадиган яна 3 та лойиҳа амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари муваффақиятлар қатъий интизом ва тафаккурга боғлиқ эканини таъкидлаб келади. Қатъий интизом — бу белгиланган ҳар бир режа ижросига масъулият билан ёндашиш, тафаккурга асосланиш эса ютуқлар салмоғини ошириш бўйича замонавий илм-фан ютуқларига таяниб ишлаш, деганидир.

Туман депутатлари ва фаоллари паррандачилик, лимончилик ва омихта ем кластерларини ривожлантириш таклифини билдирди. Хусусан, айрим лойиҳаларнинг олдиндан эълон қилиниши ишбилармон, мутахассис ва олимлар эътиборини жалб этиши алоҳида таъкидланди.

Бошқа туманларда ҳам ҳокимлар мурожаати давлат органларининг янгича иш услуби сифатида қабул қилинди.

Фармон ТОШЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси