Бугунги кунда ишлаб чиқариш жараёнларига хорижий эмас, маҳаллий олимларимизнинг жорий этилиши ўта зарурдир. Ҳозирда бу масалага давлатимиз томонидан алоҳида эътибор берилмоқда, тадқиқотчилар, экспертлар бу вазифани амалга ошириш учун кенг жалб қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланишвазирлиги бу борадаги ишларни жадаллаштиришга бор кучини сарфламоқда.илмий лойиҳаларга танловлар мунтазам равишда эълон қилишмоқда, илмий лойиҳалар молиялаштирмоқда, ва энг муҳими мана шу илмий тадқиқотлар натижалари тижорталаштирилиши бўйича ҳудудларда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида” Қонунини 9-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатлари белгилаб қўйилган. Мазкур Қонунга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари  ўз ваколатлари доирасида илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий йўналишларини амалга оширишда қатнашади, илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади ва уларинг амалга оширилишини таъминлайди.

Қонуннинг 20-моддасига асосан илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар тегишли ҳудуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва янги илмий ишланмаларни жорий этишга қаратилган илмий лойиҳалардан иборат бўлади. Улар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Мазкур Қонуннинг 36-моддасига мувофиқ илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар доирасида бажариладиган лойиҳаларни молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Қонуннинг 6-моддасига асосан илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шунингдек ҳудудларда илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантириш орқали ҳудудий иқтисодиёт рақобатбардошлиги ҳамда самарадорлигига эришиш, ҳудудларда илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва ресурсларни мақсадли йўналтириш, илмий фаолиятга оид ҳудудий илмий дастурларни ишлаб чиқиш, асослантирилган ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда илм-фанга интилиш ва унинг жозибадорлик муҳитини шакллантириш, ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш, ёш истеъдод эгаларини тайёрлаб бориш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида” Қонунининг ҳудудларда ижросини таъминлашнинг амалий механизмлари ишлаб чиқилди ҳамда тегишли услубий кўрсатмалардан иборат намунавий низомлар, шакллар ва тавсиялар тайёрланди.

Ишлаб чиқилган мазкур намунавий низомлар, шакллар ва тавсиялар келгусида Қонун талабларига мувофиқ ишларни амалга ошириш, хусусан илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар доирасида истиқболли илмий лойиҳаларни шаклантириш, танлаб олиш ва молиялаштиришни ташкил этиш учун барча вилоят ҳокимликларига юборилди. Таъкидлаш жоизки, республиканинг илм-фан сектори 104 дан ортиқ академик ва тармоқ илмий муассасаларидан иборат, шу жумладан 65 та илмий-тадқиқот институтлари, 31 та илмий марказлар (шундан 14 та ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлар) ва 8 та бошқа илмй ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, 118 та олий таълим муассасаларида (уларнинг филиаллари билан бирга) ҳам илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Амалга оширган таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, мавжуд илмий салоҳиятнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида жамланган. 104 та илмий ташкилотларнинг 80,7 фоизи (84 та) Тошкент шаҳрида, 19,3 фоизи (20 та) вилоятларда жойлашган. Агар Тошкент вилоятида жойлашган илмий ташкилотларнинг барчасини асосан Тошкент шаҳри атрофида жойлашганлигини эътиборга оладиган бўлсак, ушбу кўрсаткич 91,3 фоизни ташкил этади. Илмий ташкилотларнинг пойтахт аторофида марказлашганлиги ва худудларда замонавий илмий лаборатоияларнинг мавжуд эмаслиги, ҳозирда
90 фоиз илмий-тадқиқот лабораториялари Тошкент шаҳри ва унинг атрофида шаклланган бўлиб, мазкур ҳолат худудларда илмий-тадқиқотлар олиб боришни чегараланишига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирги кунда 37185 нафар илмий ходимлар (олий таълим муассасаларидаги профессор-ўқитувчилар билан бирга) илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, уларнинг 16863 нафари ёки 45,3 фоизи Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатмоқда. Агар илмий ташкилотларда фаолият кўрсатаётган илмий ходимларнинг ўзини таҳлил қиладиган бўлсак, жами 13566 нафар илмий ходимларнинг 59,4 фоизи (8054 нафари) Тошкент шаҳрида меҳнат қилмоқда. 2020 йилда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилаётган 1278 та илмий лойиҳаларнинг 75,1 фоизи ёки 960 таси  Тошкент шаҳридаги илмий ташкилотлар улушига тўғри келади.  Қолган 318 таси (24,8 %) республиканинг бошқа ҳудудларидаги илмий муассасалар томонидан бажарилмоқда, шундан: Қорақалпоғистон Республикаси – 23 та (1,8 %); Aндижон вилояти – 14 та (1,1 %); Бухоро вилояти – 12 та (0,9 %); Жиззах вилояти – 5 та (0,4 %); Навоий вилояти – 9 та (0,7 %); Наманган вилояти – 12 та (0,9 %); Қашқадарё вилояти – 16 та (1,2 %);  Самарқанд вилояти – 51 та (4,0 %); Сирдарё вилояти – 1 та (0,08 %); Сурхондарё вилояти – 6 та (0,5 %); Тошкент вилояти – 147 та (11,5 %); Фарғона вилояти – 10 та (0,8 %), Хоразм вилояти – 12 та (0,9 %) ташкил этади.

Бундан кўриниб турибдики, Давлатимиз Раҳбари томонидан илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга мос тарзда илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аниқ чора-тадбирларнинг белгиланиши долзарб аҳамият касб этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ҳудуддаги мавжуд муаммолар ечимига қаратилган тайёр илмий ишланмалар ва янги буюртмалар бўйича тақдимотлар ўтказилиб, уларнинг натижасига кўра илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда 2021 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан белгиланган шаклда иш режалари ишлаб чиқилди.

Унга кўра, Олий таълим муассасалари ҳамда илмий ташкилотлар томонидан 747 та илмий ишланмалар тақдимоти ўтказилиб, ҳудудлар томонидан жорий этишга эҳтиёж бўлган молиялаштириш суммаси 117,195 млрд. сўмга тенг 191 та илмий ишланма танлаб олинган. Шундан 90,645 млрд. сўмга тенг бўлган 140 та илмий ишланмалар маҳаллий бюджет томонидан молиялаштирилиши режалаштирилган ва 26,550 млрд. сўмга тенг бўлган 51 та илмий ишланмаларни жорий этиш учун маблағ талаб этилади. Тақдимоти қилинган 556 та илмий ишланмаларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан эҳтиёж йўқлиги маълум қилинган.

Ҳудудлар кесимида ушбу кўрсаткичлар қуйидагиларни ташкил этмоқда:

Қорақалпоғистон Республикаси тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланма сони 82 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида умумий қиймати 4,870 млрд. сўмга тенг 20 та илмий ишланма саралаб олинди ва маҳаллий бюджет томонидан молиялаштириш белгиланган.

Андижон вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланмалар сони 43 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида 4,340 млрд. сўмга тенг бўлган 11 та илмий ишланмалар саралаб олинди ва махаллий бюджет томонидан молиялаштириш белгиланган.

Бухоро вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланмалар сони 41 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида 4,250 млрд. сўмга тенг бўлган 6 та илмий ишланмалар саралаб олинди ва маҳаллий бюджет хамда тадбиркорлар томонидан молиялаштириш белгиланган.

Фарғона вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланмалар сони 55 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида 13,950 млрд. сўмга тенг бўлган 19 та илмий ишланмалар саралаб олинди ва маҳаллий бюджет томонидан молиялаштириш белгиланган.

Жиззах вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланмалар сони 43 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида 2,670 млрд. сўмга тенг бўлган 10 та илмий ишланмалар саралаб олинди. Ушбу илмий ишланмаларнинг 50% маҳаллий бюджет томонидан молиялаштириш белгиланган ва 50% га маблағ ажратилиши талаб этилади.

Хоразм вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланмалар сони 25 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида 2,100 млрд. сўмга тенг бўлган 5 та илмий ишланмалар саралаб олинди ва маҳаллий бюджет томонидан молиялаштириш белгиланган.

Наманган вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланмалар сони 29 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида 6,895 млрд. сўмга тенг бўлган 16 та илмий ишланмалар саралаб олинди ва маҳаллий бюджет томонидан молиялаштириш белгиланган.

Навоий вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланмалар сони 17 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида 9 та илмий ишланмалар саралаб олинди ва маҳаллий бюджет томонидан шартнома асосида молиялаштириш белгиланган.

Қашқадарё вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланма сони 65 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида умумий қиймати 13,565 млрд. сўмга тенг 31 та илмий ишланма саралаб олинди. 2,615 млрд. сўмга тенг бўлган 14 та илмий ишланма маҳаллий бюджет томонидан молиялаштириш белгиланган. 10,950 млрд. сўмга тенг бўлган 17 та илмий ишланмаларга маблағ ажратилиши талаб этилади.

Самарқанд вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланма сони 170 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида умумий қиймати 34,265 млрд. сўмга тенг 30 та илмий ишланма саралаб олинди. 20,000 млрд. сўмга тенг бўлган 1 та илмий ишланма тадбиркор томонидан молиялаштириш белгиланган. 14,265 млрд. сўмга тенг бўлган 29 та илмий ишланмаларга маблағ ажратилиши талаб этилади.

Сирдарё вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланма сони 12 тага тенг .Тижоратлаштириш мақсадида умумий қиймати 4,340 млрд. сўмга тенг 5 та илмий ишланма саралаб олинди ва махаллий бюджет хамда тадбиркорлар томонидан молиялаштириш белгиланган.

Сурхондарё вилояти тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланма сони 79 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида умумий қиймати 17,950 млрд. сўмга тенг 14 та илмий ишланма саралаб олинди ва маҳаллий бюджет томонидан молиялаштириш белгиланган .

Тошкент вилоятида тижоратлаштириладиган ва вилоят муаммолари ечимига қаратилган олимлар томонидан тақдимот қилинган жами илмий ишланма сони 86 тага тенг. Тижоратлаштириш мақсадида умумий қиймати 8,000 млрд. сўмга тенг 15 та илмий ишланма саралаб олинди. 8,000 млрд. сўмга тенг бўлган 15 та илмий ишланма вилоятдаги бириктирилган корхоналар томонидан молиялаштириш белгиланган.

Илм-фан ва иқтисодиёт ривожи бир-бирига узвий боғлиқ жараёнлар. Иқтисодиёт ривожланиши учун ишлаб чиқариш ва бошқарувга инновацион ечимларни жорий этиш муҳим. Илм-фан тараққиёти орқали ишлаб чиқариш ҳажми ўсади, ижтимоий муаммолар ҳал бўлади, инвестицион муҳит ижобий томонга ўзгаради. Шу ўринда маҳаллий ҳокимият вакилларини илм-фанга ҳудудий илмий лойиҳаларни қўллаб қувватлашга, олимлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътиборларини қаратишлари зарурдир. Илм-фан намоёндаларини юртимиз стратегик мақсадларини амалга ошириш учун ҳиссасини қўшишига имкон яратиш орқали илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига эришилади.

Шуҳрат Отажонов,

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Илм-фан ва илмий техникавий тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи