Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш қўшма лойиҳаси доирасида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кичик ва ўрта бизнес вакилларига янги лойиҳаларни ишга тушириш ёки мавжуд бўлган лойиҳаларни кенгайтириш учун қурилмалар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги, Бандлик бош бошқармаси бошлиги, Савдо-саноат палатаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар-келажагимиз жамғармаси ҳудудий бошқармаси вакиллари ҳамда қурилма олувчи тадбиркорлар иштирок этишди.

Тадбиркорларга беғараз ёрдам сифатида Қашқадарёда 42 дона, Сурхондарёда 57 дона ишлаб чиқариш қурилмалари ва махсус ускуналар топширилди. Ушбу тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш натижасида Қашқадарё вилоятида аёллар ва ёшлар учун 30 та, Сурхондарёда 36 та янги иш ўринлари яратилади. Ҳар икки вилоятда жами 59 нафар аёллар ва ёшларга замонавий касб-ҳунарларни ўрганиши ҳамда тадбиркорлик қобилиятларини ривожлантириш имконияти яратилади.

Саралаб олинган тадбиркорлар лойиҳалари фаолият турлари қаторидан аёлларни ўқитиш учун ўқув марказини очиш, ателъе, гўзаллик салони ва нонвойхона хизматларини ташкиллаштириш, график дизайн студиясини очиш, реклама хизматларини йўлга қўйиш, кафе ва ресторанлардан таомларни этказиш хизматини ташкиллаштириш, пардаларни ишлаб чиқариш, миллий кийим тикув цехини очиш, ёшларни ўқитиш ва иш билан таъминлаш кабилар жой олган.

Маълумот учун, Россия Федерацияси ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг "Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш" қўшма лойиҳаси доирасида ҳамда Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида мамлакатимизнинг олтита ҳудудидаги 34 нафар тадбиркорлар (улардан 21 таси ёки 61,7 фоизи аёллар) умумий қиймати 1 176 940 669 сўмлик жами 323 дона замонавий тикув ва ИТ асбоб-ускуна, мебел ва жиҳозлар билан таъминланди.

Ушбу ташаббусларни амалга ошириш натижасида 187 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда, шулардан 132 таси (70% дан ортиғи) аёллар учун. 159 та аёллар ва ёшларга иш топиш ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш шароити яратилади. Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлар беғараз ёрдам сифатида тақдим этилаётган қурилмаларни олиш учун махсус танлов асосида саралаб олиниб, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш асослари, маркетинг, молиявий менежмент ва ижтимоий кўникмалар бўйича тўрт ҳафталик онлайн ўқув машғулотида ўқитилдилар.