Республикамизда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ўтган йили COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида ишга туширилга ушбу дастур аҳолининг бизнес юритиш маҳоратини ошириш, лойиҳалари учун қурилмалар кўринишида техник ёрдам кўрсатишга қаратилган.
Лойиҳа доирасида Наманган ва Андижон вилоятида кичик ҳамда ўрта бизнес вакилларига янги лойиҳаларни ишга тушириши ёки мавжуд бўлган лойиҳаларни кенгайтириши учун қурилмалар топшириш маросими бўлиб ўтди. Ташаббус иштирокчилари аёллар ва ёшлар учун яратиладиган янги иш ўринлари сони, келажакда лойиҳани кенгайтириш, такрорлаш имкониятлари ва салоҳияти, касбий маҳоратни ошириш, иш топиш ва даромад топиш шароитларини оширишга қаратилган ижтимоий таъсирнинг таъминланиши каби мезонлар бўйича саралаб олинди.
Наманган вилоятида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Фарғона водийсида пандемиядан кейинги иқтисодиётга аҳолининг кўникмаларини мослаштириш” янги лойиҳасининг тақдимоти ҳамда "Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш" қўшма лойиҳаси доирасида кичик ва ўрта бизнес вакилларига янги ташаббусларни ишга тушириш ёки мавжуд бўлган лойиҳаларни кенгайтириш учун умумий қиймати 195 миллион сўмга тенг қурилмалар топшириш маросими бўлиб ўтди. Янги бошланаётган лойиҳа аҳоли, айниқса, Фарғона водийси ёшлари, талабалар ва ишсизлар орасида тадбиркорлик ва келажакдаги кўникмаларни, бандликни таъминлаш ва тадбиркорлик имкониятларини ошириш орқали қашшоқликни камайтиришга хизмат қилади.
Андижон шаҳрида ўтган тадбирда эса тадбиркорларга беғараз ёрдам сифатида умумий қиймати 222 миллион сўмга тенг 55 дона ишлаб чиқариш қурилмалари ва махсус ускуналар топширилди. Ушбу тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш натижасида Aндижон вилоятида аёллар ва ёшлар учун 34 та янги иш ўринлари яратилади ва 17 нафар аёлларҳамда ёшларга замонавий касб-ҳунарларни ўрганиши, тадбиркорлик қобилиятларини ривожлантириш имконияти яратилади.
Маълумот учун: Россия Федерацияси ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг "Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш" қўшма лойиҳаси доирасида ҳамда Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида мамлакатимизнинг Aндижон (7), Наманган (6), Жиззах (6), Навоий (5), Қашқадарё (5) ва Сурхондарё (5) вилоятларидан саралаб олинган 34 нафар тадбиркорга (улардан 21 таси ёки 61,7 фоизи аёллар) умумий қиймати 1 176 940 669 сўмлик жами 323 дона замонавий тикув ва ИТ асбоб-ускуна, мебел ва жиҳозлар топширилди. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш натижасида 187 та, шулардан 132 таси (ёки 70% дан ортиғи) аёллар учун янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. 159 та аёллар ва ёшларга иш топиш ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш шароити яратилади.