Аниқланишича, вилоятдаги атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналар жойлашган туманлар ичида Ўзбекистон тумани Шўрсув маҳалласи ҳудудидаги 35 та (шундан, 5 таси цемент, 27 таси гипс, 2 таси пишган ғишт ва 1 таси шифер) қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар мавжуд.

Мазкур ҳудуддаги корхоналар фаолиятида табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларининг бажарилиши юзасидан мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан ўрганиш ва хатлов ўтказилди.

Хатлов натижаси бўйича Шўрсув шаҳарчасида жойлашган қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитга салбий таъсирларни камайтириш ҳамда корхоналарни экологик талаблар асосида модернизациялаш Дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Дастур ижроси доирасида қуйидаги муҳим вазифалар қамраб олинган:

Қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали атмосферага йиллик ташланаётган 400 тоннага яқин ифлослантирувчи моддалар ташланишининг олдини олиш, шунингдек, атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларида намуналар олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар ўрнатиш. Бунинг эвазига атроф-муҳитга чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларнинг экологик талаблар доирасидан ошмаслиги таъминланади.

Шунингдек, ҳудудга ўрнатиладиган кузатув постлари орқали атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини доимий кузатиб бориш йўлга қўйилади.

Экологик экспертиза йўналиши ҳамда кон қазиш ҳамда қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳосил бўладиган саноат чиқиндиларини бошқариш фаолияти тартибга солинади.

“Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида корхоналар атрофида 2 ва 4 қаторли дарахт кўчатларини экиш эвазига “яшил белбоғ”лар барпо этилади.

Мазкур ишларнинг узвий давоми сифатида ҳозирда Қўмита томонидан мамлакатимиз ҳудудларида барқарор экологик вазиятни сақлаш ва экологик фожиаларнинг олдини олишга қаратилган 2022-2026 йилларда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан Дастур лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, деб хабар беради Давлат экология қўмитаси Ахборот хизмати.