«Мана икки кундан буён ҳудудларда ва мутасадди вазирликларда штаблар фаолияти кўрсатмоқда. Лекин, амалий ишлар билан биргаликда жойларда қатор муаммо ва камчиликлар ҳануз кузатилмоқда», - деди Умурзаков.
Йиғилишда айтилишича, газ қувурларида босимнинг меъёрдан пастлиги сабабли республика бўйича жами 462 та маҳалладаги қарийб 62 мингта хонадонга табиий газ етиб бормаяпти.
Йиғилишда вақтинчалик чекловлар киритилган бўлишига қарамай, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учраётгани жиддий танқид остига олинди.
«Мана, масалан, Олмалиқдаги ғишт завод газ ҳисоблагичлардаги онлайн модемни узиб, кўрсаткични «ноль» қилиб қўйиб, газ тармоғига ноқонуний уланган. Энг қизиғи, ушбу ҳолат аниқлангач, вилоят прокурори Президент Администрацияси масъулларидан шу заводни тармоқдан узмасликни сўраган. Прокурорнинг манфаати борми, бундай ноқонуний уланишга?», - деди Сардор Умурзаков.
Администрация раҳбарининг таъкидлашича, ушбу завод эгаларининг Ангренда ҳам заводи бўлган. Бош вазир ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигадаги комиссия Олмалиққа келганини эшитиб, дарров Ангрендаги заводини ёпишган. Агар Ангрендаги заводда ҳам қонунбузилиш ҳолати аниқланса, бу бўйича ҳам алоҳида иш қўзғатилиши маълум қилинди.
«Бунақаларнинг орқасида кимлар турганигача топамиз. У ҳоким бўладими, прокурор ёки солиқчими, фарқи йўқ, тадбиркор билан тил бириктирган бўлса, жавобгарликка тортилади. Шунингдек, камида ҳудуд раҳбарларининг бепарволиги масаласи ҳам кўриб чиқилади», — деди Администрация раҳбари.
Бундан ташқари, биргина Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда бир кунда 4 та корхонада табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, Тошкент вилояти Юқори чирчиқ туманида жойлашган “BEAUTY GLASS DECOR” шишани қайта ишлаш корхонаси 2 дона шиша қайта ишлаш печларида табиий газдан фойдаланиб келмоқда. Кунлик табиий газ истеъмоли 7 000 метр кубни ташкил қилади. Бу истеъмолчи куз-қиш мавсумида табиий газдан ажратилиши белгиланган бўлишига қарамасдан, “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали томонидан табиий газ етказиб берилаётганлиги аниқланган.
«Бундай ҳолат қолган барча ҳудудларда ҳам мавжуд. Ҳудудларда ҳар бир корхона ва ташкилотлар ўрганилиб, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, улар тезкор бартараф этилади ҳамда жавобгарлик чоралари кўрилади», — деди Умурзаков.