Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ажратилган давлат бюджети маблағларининг тўғри ва самарали сарфланишини Жиззах вилоятида назорат-таҳлил тартибида ўрганмоқдалар. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати маълум қилди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси мабалағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ҳамда Жамоат ишлари жамғармаси маблағларининг сарфланишини таҳлилий ўрганмоқдалар. 2020 йилда Жиззах вилоятида иш берувчиларга ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун 8 та корхоналарга 96 нафар аҳоли бандлигига кўмаклашиш ҳудудий марказлари(АБКМ) йўлланмаси бўйича ишга қабул қилган ходимлари учун 91,2 млн сўм субсидия ажратилган.
Шунингдек, пандемия даврида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш мақсадида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш, кредит олишда суғурта полиси тўлови учун 359 нафар ишсиз фуқароларга давлат рўйхатидан ўтиш учун 79,1 млн сўм субсидия маблағлари берилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи ишсиз фуқароларга енгил типдаги иссиқхоналар қуриш, томорқасида деҳқончилик қилиши учун уруғ, кўчатлар ва суғориш воситаларини харид қилиш учун 2362 нафар ишсиз фуқароларга 4227,5 млн сўм субсидия маблағлари ажратилган.
Депутатлардан ташкил топган ишчи гуруҳи Бахмал ва Ғаллаорол туманларида ажратилган маблағлардан фойдаланиш ҳолатларини жойига чиқиб ўргандилар. Мазкур жараёнларда маълум бўлдики, Бахмал туманида 302 нафар фуқарога 652,4 млн сўмлик субсидия берилган. Жумладан 85 нафар томорқаси мавжуд бўлган камбағал оилаларга иссиқхона учун 187,0 млн сўм, 188 нафар фуқарога уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун 404,5 млн сўм, 29 нафар фуқароларга суғориш воситалари учун 60,9 млн сўм субсидия ажратилган.
Ғаллаорол туманида эса, 148 нафар фуқарога 274,3 млн сўмлик субсидия ажратилган. Шулардан, 67 нафар томорқаси мавжуд бўлган камбағал оилаларга иссиқхона учун 194,0 млн сўм, 5 нафар фуқарога уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун 6,9 млн сўм, 76 нафар фуқарога суғориш воситалари учун 73,4 млн сўм субсидия берилган.
Жамоат ишлари жамғармаси маблағларининг ишлатилиши бўйича 2020 йилда Бахмал туманида жами 2 937 нафар фуқарога 2 289, 2 млн. сўм маблағ сарфланган. Ғаллаорол туманида эса, жами 3 558 нафар фуқароларга 2 719,6 млн, сўм маблағ сарфланган,
Ўрганиш давомида субсидия маблағлари ҳисобига банд қилинган аҳолининг ушбу субсидия ҳисобига ташкил этилган иссиқхонадан фойдаланиши, даромад олиши маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда мониторинг қилиб борилиши тушунтирилди.
Жамоат ишлари жамғармасидан жамоат ишларига жалб этилган ишсиз аҳоли билан фақат бир ой муддатга шартнома тузилаётганлиги маълум бўлди. Тартиб бўйича олти ойгача муддатга шартнома қилиш белгиланган. Жамоат ишларига ишсизларни жалб этишда шартнома муддатини максимал белгилаш тўғрисида тавсиялар берилди.