Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 1 майда қабул қилинган “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, статистик кўрсаткичлар ва сўровномалар натижалари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган. Бунда иқтисодий тараққиётни таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизликни камайтириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади.
Натижалар асосида рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида амалга оширилади.
2021 йил якунлари бўйича тезкор маълумотларга биноан, Навоий, Андижон, Самарқанд вилоятлари юқори поғоғоналарни эгаллаган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берар экан, 2020 йил якунлари бўйича ўтказилган ўтган йилги рейтинг билан таққослаганда, ҳудуд катта ўсишга эришиб, 7 поғонага кўтарилганлиги эътироф этган.
2021 йил якунлари бўйича рейтингда сўнги ўринларда Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари қайд этилган.