Амалдаги вазият: Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 2 октябрдаги 1404-сон қарори билан Яшнобод тумани, Иззат кўчаси, 58-уй манзилида жойлашган “Сувсоз” ДУКга қарашли ҳудуддан 5,2 гектар ер майдони 1 минг 120 та хонадонли 8 та 7 қаватли уй-жойлар қуриш учун “Азия Инвест Фаворит” МЧЖга ажратилган.
Бугунги кунда пудрат ташкилоти ажратилган 5,2 гектар ер майдонида 1 минг 513 та хонадонли 8 та 7 қаватли (мансарда билан биргаликда) уй-жойлар қурилиши олиб борилиб, 4 тасида (3,4,5,6-уйлар) қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган.
Қолган 4 та уйда (1,2,7,8-уйлар) қурилиши тугалланмасдан қолган. Ҳозирда пудрат ташкилотининг бошқа мол-мулкини сотиш орқали тушган маблағлар ҳисобидан ушбу 4 та уйда қурилиш ишлари давом эттирилмоқда (ўртача 90 фоизга бажарилган).
Юзага келган муаммо:
– 1 минг 513 та хонадондан 1 минг 409 таси бўйича фуқаролар билан инвестиция шартномалари тузилган бўлиб, атиги 260 та фуқарога кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб берилган холос. Қолган 1 минг 162 та хонадон муаммоли бўлиб турибди;
– жами 608 та хонадон фуқароларни хабардор қилмасдан пудрат ташкилоти раҳбари Х. Хатамов томонидан ўзига тегишли 17 та тадбиркорлик субъектига 8 та банкдан турли мақсадларда ажратилган 211 млрд сўм кредит маблағлари учун гаров таъминоти сифатида қўйиб юборилган.
Шундан, 122 та хонадон банк балансига олинган, 112 та хонадон банк балансига олиниб сотиб юборилган, қолган 374 та хонадон банкда гаровда турибди;
– 133 та хонадон 2 та шахс (якка тадбиркорлар ва фуқаролар) номига шартнома берилиб, сотиб юборилган;
– 72 та хонадон солиқ органларида тақиқда бўлгани учун кадастр расмийлаштирилмаган;
– 459 та хонадонда қурилиш ишлари якунига етказилмаган.