Унда депутатлар “Умумтаълим мактабларида ўқитувчиларга яратилган меҳнат шароитлари ҳамда улар фаолиятини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида”ги масалани муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Депутатларнинг ушбу масала юзасидан саволларига Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов жавоб берди. Т.Комиловнинг таъкидлашича, кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда таълим тизимини такомиллаштириш, ўқитувчи ва муаллимлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Депутатлар умумтаълим мактаблари ўқитувчилари фаолиятини баҳолаш, рағбатлантириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш тизими ва механизмлари ҳамда мазкур тизимнинг адолат принципи асосида ишлаши ва шаффофлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан қизиқдилар.

Вазир ўринбосари ўз жавобида халқ таълими ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига барҳам берилгани туфайли 59 минг нафар педагог-ходимларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, 2021 йилнинг ўзида 2 нафар мансабдор шахслардан 24,5 миллион сўм жарима ундирилганини қайд этди. Шунингдек, бошқа тармоқ соҳаларидан фарқли равишда илк маротаба белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлмаган ҳолда, педагог ходимларнинг иш ҳақи 1,5 бараварга оширилган.

Натижада охирги тўрт йилда халқ таълими тизимига қарийб 40 минг нафар эркак ўқитувчи қайтди. Ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар сони 67 минг нафардан 49 минг нафарга камайишига эришилди. Энг муҳими, педагог-ходимлар томонидан юритиладиган ҳужжатлар камайтирилиб, пенсия ёшига тўлган педагог кадрлар навбатдаги аттестацияга жалб этилмайдиган бўлди. Аттестациядан ўтганлик муддати тугашидан қатъий назар уларнинг амалдаги малака тоифаси (лавозими) сақлаб қолинади ҳамда мазкур малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади.

Т.Комилов жавобида аттестация йилда икки маротаба ўтказилиши белгилангани натижада бир йилнинг ўзида тоифага эга бўлган ўқитувчилар сони 260 мингдан 379 мингга ошгани, бугунги кунга келиб тоифага эга бўлган ўқитувчиларнинг салмоғи 51 фоиздан ошгани таъкидланди. Ваҳоланки, бундан 3-4 йил аввал бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмаган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 январдаги тегишли қарорига асосан олис ва чекка ҳудуддаги ҳамда таълим сифати паст бўлган мактабларга дарс бериш учун жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчининг базавий тариф ставкаларига вилоят доирасида бошқа туман(шаҳар)дан келса 50 фоиз, бошқа вилоятдан келса 100 фоиз махсус устамалар жорий қилинган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 ноябрдаги фармонига мувофиқ, олис ҳудудларда жойлашган мактабларга бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварида ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.

Кейинги йилларда умумтаълим мактабларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қайта қуриш, уларни моддий техник базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида  ҳам сўз юритилди. Таъкидлаб ўтилганидек, таълим бериш учун зарур моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасида охирги тўрт йил давомида 134 та мактаб қурилди. 2 965 та мактаб қайта реконструкция қилинган ҳолда, таъмирланган.

Шунинг баробарида, 437,6 млрд. сўм маблағ ҳисобига 3 444 та умумтаълим мактабларига ўқув инвентар, мебель ва жиҳозлар етказилган бўлса, ушбу даврда замонавий компьютер билан таъминланганлик даражаси 62,5 фоизга етказилди. 9 419 та умумтаълим мактабига кенг полосали Интернет тармоғи етказилиб, 5 300 та мактаб компьютер синф хоналарига локал тармоқ ҳамда ўқитувчилар хонаси Wi-Fi қурилмалари ўрнатилди.

Жорий йил якунига қадар эса жами 1 445 та умумтаълим мактаблар мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, спорт анжомлари ва бошқа техник воситалари, шунингдек, барча умумтаълим мактаблари бирламчи спорт анжомлари билан ва 314 та умумтаълим мактаблари мусиқа чолғу асбоб-ускуналари билан таъминланади.