Унда Қўмита аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қўмита экспертлар кенгаши аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Мажлис иштирокчилар ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини дастлабки тарзда кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, Ҳукуматнинг парламент сўровига юборган жавобига кўра, 2021 йил давомида репродуктив ёшдаги аёллар орасида касалланишни камайтиришга ва уларни соғломлаштириш юзасидан 8,9 миллион нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёлларнинг 8,8 миллион нафари (98,2%) тиббий кўрикдан ўтказилган. Улардан 3,9 миллион нафарида (44,3%) экстрагенитал касалликлар аниқланган. Касаллик аниқланганлардан 3,5 миллион нафари (91,8%) соғломлаштирилган ва улардан 3,2 миллион нафари (91,5%) амбулатор, 300,6 минг нафари (8,4%) стационар шароитда соғломлаштирилган.

Шунингдек, 2021 йил давомида ҳудудлардаги туман марказларидан узоқда жойлашган тоғли, чўл ва бориш қийин бўлган қишлоқларда «Кўчма врачлик бригадалари» ёрдамида 658,5 минг туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилган ва уларнинг 275,6 минг нафарида (41,9%) турли хил касалликлар аниқланган. Касаллик аниқланганларнинг 93,7 фоизи соғломлаштирилган.

Парламент сўровида кўрсатиб ўтилган 2019–2023 йилларда репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури ижроси назоратга олиниб, кечиктирилган вазифаларни амалга ошириш чоралари кўриляпти.

Мажлисда Давлат бюджетининг 2021 йил якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисобот ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ҳам бирламчи тарзда кўриб чиқилди.

Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарори тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.