Дастлабки рейсларнинг амалга оширилиши муносабати билан Тошкент аэропортида тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, унда вазирлик ва идоралар, “Uzbekistan Airports”, “Humo Air” авиакомпанияси вакиллари, журналистлар, блогерлар ва авиаспоттерлар иштирок этди.
Бугун маҳаллий вақт билан соат 06:41 да Тошкент - Нукус йўналиши бўйича биринчи рейс амалга оширилди. Кун давомида пойтахтдан Қарши, Самарқанд ва Урганч аэропортларига ҳам парвозлар амалга оширилди. Ҳафтанинг бошқа кунларида авиакомпания Навоий, Термиз, Бухоро ва Фарғона шаҳарларига ҳам парвозларни режалаштирмоқда. Авиакомпания хабар беришича, ички йўналишларга чипталар нархи 99 минг сўмдан бошланади.
Авиакомпания томонидан 2024 йилда Олма-ота, Истанбул ва Дубай каби шаҳарларга халқаро рейсларни йўлга қўйиш режалаштирилган.