Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида 300 туп манзарали ҳамда 200 туп ток кўчати экилди.
Марказ хабарига кўра, хусусан, Ҳумо маҳалласида узумзор кўчаларини ташкил этиш мақсадида токнинг мазаси тил ёрар “Қора кишмиш”, “Тоифи”, “Ризамат ота” навлари, мевали дарахтлардан олманинг “Жереми”, “Кримсон”, “Беш юлдуз”, гилоснинг экспорбоп, қуш тегмас “Наполион”, нокнинг эрта пишар, ўрта пишар, кеч пишар навлари, шунингдек, манзарали дарахт кўчатлари экилди. 41-мактабгача таълим муассасасида ҳам хайрли ташаббус доирасида манзарали кўчатлардан иборат мўжазгина яшил олам барпо этилди.
Шунингдек, маҳаллани кўкаламзорлаштириш мақсадида кўчалар бўйлаб тоқ терак, мирза терак, шотут, балх тути, ёввойи тут кўчатлари экилди, эҳтиёжи бор аҳолига ток кўчатлари етказиб берилди.
Ҳашар ҳақиқий маънода байромона тус олди. Тадбирда марказнинг 25 нафардан ортиқ ишчи-ходимлари билан бир қаторда, қатор маҳалла фаоллари, кўчатчилик соҳаси мутахассислари фаол иштирок этди. Кимдир меҳнати, яна бири саҳовати, ёши улуғ нуронийларимиз эса олтинга тенг дуо-ю, эзгу тилаклари билан қатнашди, Тадбир сўнггида эҳсон дастурхони ёзилиб, ош тортилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Миробод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда тумандаги боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат ҳамда керакли анжомлар топширилди. Шу билан бирга, меҳнат фахрийлари истиқомат қилаётган кўп қаватли уйлар ҳовлиларига 20 тупга яқин мевали кўчатлар экилди.