Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили томонидан “AQOID QURUVCHI KAPITAL” МЧЖ директори Х.Рихсиевнинг Тошкент шаҳар ДСБ ходимлари ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар давомида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ходими томонидан амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилмаган ҳолда “AQOID QURUVCHI KAPITAL” МЧЖ фаолиятида камерал солиқ текшируви ноқонуний равишда ўтказилганлиги аниқланди.

Жумладан, Тошкент шаҳар ДСБ бошлиғи буйруғи билан бошқарманинг масъул ходими С.Абдуллаев томонидан “AQOID QURUVCHI KAPITAL” МЧЖда камерал солиқ текшируви ўтказилиши белгиланган. Бунга кўра, С.Абдуллаев тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини олиш учун аттестациядан ўтмасдан ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномаси бўлмасдан туриб, қонунчилик талабларига зид равишда камерал солиқ текширувини ўтказган.

Бу билан С.Абдуллаев солиқ органининг мансабдор шахси бўла туриб, мансаб ваколатларидан четга чиқиб ва бир қатор тартиб-қоидаларни бузган. Шунингдек, текширув давомида огоҳлантириш хатида Тошкент шаҳар ДСБга жамият раҳбарини келишини ҳамда “AQOID QURUVCHI KAPITAL” МЧЖнинг тафовут ва камчиликлар юзасидан ҳисобот тақдим қилишини сўраган.

Ушбу ҳаракатлари билан С.Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2412-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган. Ушбу моддага асосан ҳуқуқбузар жавобгарликка тортилиб, кўриб чиқишлик учун жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига юборилган.

Жорий йилнинг 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан маъмурий иш кўриб чиқилди. Суд С.Абдуллаевга нисбатан қонуний чора кўриб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравар миқдорида жарима жазоси қўллади.

Дониёр Маҳмудов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини

ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг етакчи инспектори