Президентимиз томонидан ушбу йиғилишда жиноятчилик ҳолати бўйича хавотирли ҳолатлар ҳам тилга олинган. Хусусан, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли билан ишлашда сусткашликка йўл қўйилаётгани, жиноят содир этган шахсларнинг ҳар учинчисини ёшлар ташкил қилаётгани, оилавий низолар, аёллар жиноятчилиги ҳолатларига ҳам эътибор қаратилиб, ижтимоий-маиший муаммоси бор оилалар билан ишлаш – давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланган эди. Шунингдек, маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш бўйича янгича иш тартибига ўтилиши белгиланиб, “Ижтимоий профилактика” бўйича маҳалла масъулларининг вазифалари ва методикасини ишлаб чиқишга кўрсатма берилган эди.
Албатта, жиноятчиликка қарши кураш, унинг профилактикаси ҳамда мазкур салбий ҳолат кўрсаткичларини камайтиришга ҳар бир фуқаро, жамоа масъул ҳисобланади. Ўз ўрнида, давлатимиз ҳудудида фаолият юритаётган олий таълим муассасалари ҳам ушбу ҳаракатларда жиноятчилик ҳолатига асосий таъсир эта оладиган субъектлар ҳисобланади. Республикамиз ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг, барча соҳаларда бўлгани каби таълим, шу жумладан, олий таълим соҳасида ҳам мазкур соҳани тартибга солиш, фуқароларнинг олий таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ва бу масалаларни ҳуқуқий мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан бири сифатида қаралди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар мазкур соҳа фаолиятини алоҳида босқичга кўтарганини кўришимиз мумкин. Олий таълим муассасалари сони, қабул квоталарининг бир неча бараварга оширилиши ва қабул қилиш жараёнларининг замон талабларидан келиб чиқиб такомиллаштирилишидан тортиб, таълим жараёнларини ташкил қилиш масалаларигача замон талабларига мос янги, абитуриентлар учун қулай тизим яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги расмий сайти (www.stat.uz) маълумотларига кўра, 2019/2020 ўқув йилларида республикамизда жами 119 та олий таълим ташкилотлари мавжуд бўлса (шу жумладан, 16 та хорижий олий таълим ташкилотлари), 2021/2022 ўқув йилида мазкур кўрсаткич 154 тага (25 та хорижий олий таълим ташкилоти) кўпайган. Олий таълим ташкилотларидаги талабалар сони 2019/2020 ўқув йилида 441 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2021/2022 ўқув йилида эса мазкур сон 808 минг 400 кишига етган. Ушбу йилларда битирувчилар сони 70,8 мингдан деярли 104 минг нафарга етиб борган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, давлатимизда йилдан йилга миллий ва хорижий таълим ташкилотлари, уларда таҳсил олаётган талабалар, ўз навбатида битирувчилар сони ҳам ошиб бормоқда.
Олий таълим тизимида амалга оширилган энг катта ижобий ўзгаришлардан бири сифатида кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун ҳужжат топшириш масаласини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим. 2019 йилга қадар олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш истагида бўлган фуқаро таълим муассасаси томонидан ташкил этилган қабул комиссиясига бориб, қоғоз шаклда керакли ҳужжатларни топшириши талаб этилар эди. Республика ҳудудидаги нуфузли ва кўп сонли олий таълим муассасалари асосан пойтахт – Тошкент шаҳрида жойлашгани фуқароларга ортиқча оворагарчилик, ҳам ҳужжатлар топшириш учун, ҳам кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун узоқ йўл босиб, вилоятлардан ташриф буюришар эди. Тан олиш керакки, мазкур тартиб кўплаб фуқароларни олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш истаги ва шижоатини пасайтирган. 2019 йилдан эса дастлаб 5 та университетларга онлайн тартибда, ўз яшаш жойидан узоқлашмасдан ҳужжат топшириш тартиби жорий этилган бўлса, мазкур тартиб бугунга келиб барча университетлар учун татбиқ этилган.
Президентимиз ташаббуси билан 2022 йилда олий таълим муассасаларига қабул қилишда яна бир ижобий ўзгариш амалга оширилди. Хусусан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналишларини ҳамда бир вақтнинг ўзида барча таълим шаклларини танлаш имконияти яратилди. Бу эса, олий таълим муассасаларига иқтидорли, билим салоҳиятига эга абитуриентларни қабул қилиш имкониятини берди. Ушбу ўзгаришлар натижасида олий таълим муассаларига қабул қилиш билан боғлиқ коррупцион жиноятлар сони ҳам кескин камайди.
Олий таълим муассасалари сонининг ошиб бориши, улар қамровининг кенгайиши натижасида фуқароларнинг олий маълумотли қисми кўпайди. Албатта, белгиланган муддатда университетда таҳсил олган, ўз йўналиши бўйича билимларга эга бўлган, бунинг натижасида талабалик даврида ўқиш билан банд бўлган, эртанги кунидан умиди бор, бирор касбнинг этагини тутиб меҳнат орқали келажагини яратиши мумкин бўлган инсонларнинг жиноят содир этиш эҳтимоли анчагина пасаяди. Фуқароларимизнинг бу қатлами жиноят учун жазо муқаррар эканлиги, бу йўлнинг охири салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида яхшироқ тушунчаларга эга бўлади. Шу сабали ҳам, олий таълим орқали қамраб олиш жамиятни ҳар томонлама ривожланишига замин яратади.
Ҳукуматимиз томонидан олий таълим сифатини халқаро талабларга мувофиқлаштириш, илғор хорижий давлатлар олий таълим муассасаларининг ижобий тажрибасини миллий таълим жараёнига киритишга алоҳида эътибор берилиб, бу йўналишдаги ишларни ривожлантириш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳар бир олий таълим муассасаси, унда мавжуд таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда ўқув жараёнини ташкил этишда таълим бериш тизими аниқ белгилаб берилмоқда.
Дарҳақиқат, Ватанимиз тақдири ва келажаги, дунё давлатлари рейтингида барча соҳалар бўйича муносиб ўрин эгаллаши олий таълим муассасалари томонидан тайёрланаётган ватанпарвар, илму маърифатли, замонавий фикрлайдиган, кенг дунёқарашга эга, ҳалол ва фидойи кадрларга боғлиқ.
Олий таълим муассасаларининг кадрлар тайёрлаш бўйича юқори натижага эришишида ўқув-тарбия жараёнининг тўғри йўлга қўйилиши, халқаро тан олинган илғор ўқитиш тизими ва методларининг жорий этилиши, моддий-техник базанинг мустаҳкамлиги, профессор-ўқитувчи ва ходимлар таркибининг сифати ва салоҳияти ҳамда ҳуқуқий саводхонлик даражаси муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, олий таълим тизимида қонунийлик таъминланиши соҳани тартибга солувчи қонунчилик кўзлаган мақсадга эришишда, пировард натижада олий малакали кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади. Олий таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва бу йўналишда тарбиявий ишларни амалга ошириш, шунингдек таълим сифати ва самарадорлигига эришишда замонавий педагогик технологиялардан кенг фойдаланиш, таълимни рақамлаштириш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ўзига хос аҳамиятга эга.
Олий таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш самарадорлиги таълим олувчилар ва ходимлар ҳуқуқий онгининг ривожланганлик даражаси билан боғлиқ. Олий таълим муассасалари таълим олувчилари ва ходимлари ҳуқуқий онгининг пастлиги улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўладиган омиллардан биридир.
Олий таълим муассасаларида қонунийлик ва интизомни мутаҳкамлаш, таълим олувчилар ва ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, олий таълим соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишига қарши курашиш ва уни олдини олиш бугунги кунда эътибор қаратилаётган асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев, «нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!»Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак», – деб таъкидлаган эди.
«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифаларидан бири сифатида мустаҳкамланган.
Шуни қайд этиш лозимки, таълим бериб, тарбияга эътибор берилмаса ёки яхши тарбиялаб, сифатли таълим бериш, ўқитиш ташкил этилмаса, кадрлар тайёрлашдан кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Мазкур муҳим масала бевосита республикамизнинг турли соҳалар бўйича янада ривожланиши, халқаро майдонда эса ҳар бир соҳанинг танилиши ва ўз ўрнига эга бўлишида асосий роль ўйнайди.
Ахборот-коммуникация технологияларини олий таълим муассасалари фаолиятига кенг жорий қилиш орқали ҳужжатлар билан ишлаш, жумладан, статистик ҳисоботларни юритиш, бухгалтерия ҳисоб китобларини амалга ошириш, ҳужжатларни қабул қилиш ва жўнатиш, ўқув ва бошқа йўналишлар бўйича электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, маълумот ва материаллар билан ишлашни тўлиқ автоматлаштириш таълим сифатини назорат қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, қонунчилик ижросини таъминлаш жараёнида ҳуқуқбузарликлар содир этилиши эҳтимолини камайтиришни таъминлайди.
Олий таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида қуйидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши фаолиятида қонунни устувор биладиган ва унга итоаткор, фидойи, ҳалол, билимли ва ҳуқуқий маданияти юқори кадрлар тайёрлаш ишларида ижобий самара беради:
олий таълим муассасалари таълим олувчилари ва ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган комплекс профилактик тушунтириш тадбирлари, учрашув ва давра суҳбатларини прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокида мунтазам ўтказиб бориш;
олий таълим муассасалари таълим олувчилари ва ходимларининг ҳуқуқий билими, саводхонлигини янада ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган кўрик-танловлар ўтказиш;
олий таълим муассасалари таълим олувчилари ва ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг салбий оқибатлари бўйича видео лавҳалар, қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлар, телелойиҳалар, аудиоматериаллар тайёрлаш ишларини жадаллаштириш ҳамда телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик (шу жумладан, олий таълим муассасалари талабалари ва ходимлари) эътиборига етказиш.
Олий таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимининг яхши йўлга қўйилиши олий таълим муассасасининг фаолият йўналишлари сифати ва натижадорлигига таъсир этади. Сифат ва натижадорлик – олий таълим муассасаси битирувчиларининг замонавий билимларнинг эгаллаганлиги, ватанпарварлиги, фидойилиги, ҳуқуқий онги ва маданияти юқорилиги, танлаган соҳаси ривожланиши йўлида ўз ҳиссасини қўша олиши ва рақобатбардошлилигида намоён бўлади.
Ихтиёр Джураев
Тошкент давлат юридик университети
Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар
ва адвокатура кафедраси мудири, ю.ф.д. (DSc)