У ҳар бир фуқаронинг қонунларни билиши, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаши, қонунбузарликка қарши курашишга тайёрлиги орқали намоён бўлади. Ҳуқуқий маданияти юқори бўлган жамиятда қонун устуворлиги таъминланади, коррупция камаяди, жиноятчилик пасаяди ва жамиятда адолат ҳукм суради.
Янги Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмоқда, мактаб ва олий ўқув юртларида ҳуқуқшунослик фанлари ўқитилмоқда, аҳолининг ҳуқуқий билим даражасини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ҳуқуқий маданият ўзи нима?
Ҳуқуқий маданият – жамиятнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий билим даражаси ва қонунларга муносабатини ифодаловчи ижтимоий ҳодисадир. У нафақат ҳуқуқшунослар ёки давлат хизматчилари учун, балки ҳар бир фуқаро учун зарурдир. Чунки қонунларнинг ижросини таъминлаш ва ҳуқуқий муносабатларни тўғри йўналтириш фақат давлат органларининг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг масъулиятидир. Ҳуқуқий маданиятнинг асосий таркибий қисмлари қуйидагилардан иборат:
Ҳуқуқий билим
Ҳуқуқий билим – бу фуқароларнинг қонунлар, ҳуқуқий нормалар ва давлат бошқарув тизими ҳақидаги билимларидир. Инсон ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмаса, улардан фойдалана олмайди ва қонунбузарликларга йўл қўйиши мумкин. Масалан, агар фуқаро ўз меҳнат ҳуқуқларини билмаса, иш берувчи унинг ҳақ-ҳуқуқларини бузиши мумкин.
Ҳуқуқий онг
Ҳуқуқий онг – инсоннинг қонунларга бўлган муносабати, уларни қабул қилиш даражаси ва ҳуқуқий нормаларга риоя қилишга бўлган интилишидир. Ҳуқуқий онги юқори бўлган инсон қонунларни ҳурмат қилади ва уларга амал қилади. Масалан, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш, солиқларни вақтида тўлаш, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби хатти-ҳаракатлар ҳуқуқий онгнинг намоён бўлишидир.
Ҳуқуқий фаолият
Ҳуқуқий фаолият – фуқароларнинг ҳуқуқий муносабатларда иштирок этиши, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилиши ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшиши ҳисобланади. Масалан, агар фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқлари бузилганда судга мурожаат қилса ёки давлат органларига шикоят киритса, бу унинг ҳуқуқий фаолиятининг бир қисми ҳисобланади.
Ҳуқуқий маданиятнинг жамият учун аҳамияти нимада?
Ҳуқуқий маданият нафақат бир шахснинг кундалик ҳаёти, балки жамиятнинг барқарорлиги ва давлатнинг ривожланиши учун ҳам катта аҳамиятга эга. У қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда адолатни қарор топтириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва иқтисодий ривожланишга йўл очишда муҳим ўрин тутади. Жумладан, ҳуқуқий маданиятнинг жамият учун аҳамиятини қуйидаги ўринларда кўришимиз мумкин:
1. Қонун устуворлигини таъминлашда:
қонун устуворлиги – демократик жамиятнинг асосий шартларидан бири. Ҳуқуқий маданияти юқори бўлган жамиятда ҳар бир шахс қонунларни ҳурмат қилади ва уларга риоя қилади. Бу эса жамиятда тартиб ва интизомни таъминлайди.
2. Ҳуқуқий тенглик ва ижтимоий адолатни таъминлашда:
ҳуқуқий маданият жамиятда барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишини таъминлайди. Масалан, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқий маданият катта аҳамиятга эга. Агар одамлар пора бериш ва олишнинг жиноят эканлигини англаса, коррупция учун жазонинг қатъийлигини билса ва коррупцияга қарши мурожаат қилишдан қўрқмаса, бу ҳуқуқий маданиятнинг жамиятда қарор топганлигидан далолат беради.
3. Жиноятчиликнинг камайишида:
ҳуқуқий маданияти юқори бўлган жамиятда жиноятчилик даражаси паст бўлади. Чунки бундай жамиятда қонунларнинг ижроси таъминланган, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари кўрилган ва фуқаролар ҳуқуқий онгли бўлади.
4. Давлат бошқарувининг шаффофлиги ва халқ ишончи
Ҳуқуқий маданият ривожланган мамлакатларда давлат идоралари шаффоф ва самарали ишлайди. Чунки фуқаролар коррупцияга қарши курашиш, давлат хизматларидан қонуний фойдаланиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5618-сон “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унда аҳолига ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва қонун ҳужжатларининг мазмунини етказиш, фуқаролар онгида қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш каби вазифалар белгиланди.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш ва аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. Улар орасида “Тарғибот поезди”, “Street Law” ва “Юридик клиника” фаолияти алоҳида аҳамиятга эга.
Юридик клиника “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш — устувор вазифа” шиори остида талабалар ва профессор-ўқитувчилар билан биргаликда тарғибот тадбирлари ва сайёр қабуллар ташкил этмоқда. Бундан ташқари, “Street Law”, “Тарғибот поезди” лойиҳалари доирасида аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимларни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг асосий мақсади Ўзбекистонда аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтиришдан иборатдир.
Миразиз Рауфов,
Тошкент давлат юридик университети
Хорижий тиллар кафедраси мудири ўринбосари