Бунда фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини тезкорликда ҳал этишда уларни ўйлантираётган ҳуқуқий масалалар юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар, қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқ ва эркинликлари, уларни амалга ошириш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш тартиби ҳақида маълумот бериш тарзидаги бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамият касб этади.
Бир қатор қонун ҳужжатларида, шу жумладан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бепул ҳуқуқий ахборот тақдим этиш бўйича вазифалари кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ўз ваколатлари доирасида бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат этиш орқали ҳал этишда иштирок этмоқда.
Масалан, бу борада адлия органларига ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш каби вазифалар юклатилган.
Ёки бўлмаса, прокуратура органлари фуқароларнинг ҳамда юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга оширади.
Шу каби, нотариуслар ҳам жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши шартлиги қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланган.
Адвокатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда маҳаллаларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатиш (pro bono) амалиёти йўлга қўйилганлиги ҳам ижтимоий эҳтиёжманд фуқароларимиз учун айни муддао бўлди.
Яна шуни қайд этиш жоизки, аҳолининг бирламчи бепул юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий шериклик асосида ўзаро ҳамкорлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари аҳолининг ҳуқуқий онги ва хабардорликлари даражасини оширишда иштирок этиш, ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар бериш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ўз аъзолари ва қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш орқали бепул юридик ёрдам кўрсатади.
Шу ўринда, фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бевосита ва онлайн режимда маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилганлигига оз вақт бўлганига қарамасдан фуқароларнинг беминнат ҳуқуқий кўмакчисига айланиб бормоқда.
Мазкур ташкилот томонидан юритиладиган ҳамда Буюк Британия тажрибаси асосида яратилган “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталидан жорий йилнинг ўзида 60 мингдан ортиқ киши фойдаланган.
Сайт фойдаланувчилар учун онлайн режимида савол бериб, жавоб олишлари мумкин бўлган онлайн мулоқот тизими ҳам йўлга қўйилган.
Мазкур тизим орқали ҳозирги кунга қадар фойдаланувчилар томонидан 53 мингдан ортиқ ҳуқуқий саволлар берилган бўлиб, уларга мутахассислар ўз вақтида жавоб қайтармоқда.
Шунингдек, ушбу муассасанинг туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюроларида бевосита 22 мингдан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий масалар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатилди.
Хулоса ўринда, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишда бепул юридик ёрдамдан эркин фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш орқали аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватланади ҳамда фуқароларнинг юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқларининг конституциявий кафолатини кучайтиришга хизмат қилади.
Шерзод Рабиев,
Адлия вазирлиги Юридик таълим
ва суд-экспертиза фаолиятини
мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи