“Насаф” клубининг ёш, умидли ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев Россиянинг “Алания” жамоасига ўтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар тарқатди.
Ҳусайн “Насаф” футбол мактаби тарбияланувчиси. У 2019 йилдан буён бош жамоа таркибида ўйнаб келмоқда. Футболчи қаршиликлар таркибида Суперлиганинг бир марта кумуш ва бир марта бронза медалларини, икки бор Ўзбекистон кубогини қўлга киритган. 2021 йилда ОФК кубоги тўпурарига айланган.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, “Алания” Россия 1-дивизионида ўйнайди. Жамоа 20 тур ўйинларидан кейин 38 очко жамғариб, 2-ўринда бормоқда.
Кеча Ҳусайн Норчаев клуб расмий сайти орқали мухлисларга мурожаат қилди.
“Фаолиятимда янги саҳифа очишга яқин турибман. Аммо қаерда бўлсам ҳам “Насаф” ҳар доим юрагимда бўлади. “Насаф”га мухлислик қилиб, ўйинларини кузатиб боришга ҳаракат қиламан.
Ҳозирги даражага чиқишга ёрдам берган клуб мураббийлари, раҳбарият, ходимлар ва мен билан ака-ука бўлган жамоанинг барча аъзолари ҳамда Рўзиқул Бердиевга катта раҳмат айтаман. Мени қароримни қўллаб-қувватлаган клуб бош директори Алишер Юсуповга, клуб президенти Шуҳрат Чориевичга миннатдорчилик билдираман.
Мени доим қўллаб-қувватлаб келган жамоамизнинг барча мухлисларига ҳам раҳмат дейман. “Насаф” ҳар доим юрагимда бўлади”, – деб ёзган Ҳусайн Норчаев.