Ўтган саккиз йил давомида, ушбу ҳудуд аҳолиси тиббий хизмат учун саккиз-ўн чақирим узоқда жойлашган, «Қаҳрамон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 36-оилавий поликлиникага борган бўлса, энди»Обод қишлоқ» давлат дастури сабаб бунга ҳожат қолмади.
— 2017 йилдан буён фаолияти тўхтатилган, аммо таъмир талаб бўлиб қолган «Ҳуснобод» оилавий шифокорлик пунктини қайта ишга туширдик, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Мақсатулла Нарзуллаев. — Бунинг учун давлат бюджетидан 600 миллион сўм атрофида, пул маблағлари йўналтирилди.
Реконструкция ишларини вилоятдаги «Ревгар қурилиш монтаж сервис» масъулияти чекланган жамият қурувчилари амалга оширди.
— Бизлар учун, Ҳуснободда «Ҳуснобод» оилавий шифокорлик пунктини қайта ишга туширилгани кутилмаган туҳфа бўлди, — дейди эндигина 68 ёшни қаршилаётган Сулаймон ота Холмуродов. — Бундан бир муддат олдин, тиббий хизмат учун овораю, сарсон бўлиб «Қаҳрамон»га борардик. Ёғин-сочинли, қиш-қировли кунларда йўл юришни тасаввур қилинг. Бугун эса, бу муаммоларга чек қўйилди. Замонавий, барча шарт-шароитга эга бўлган тиббиёт муассасасига эга бўлдик.
Қайта ишга тушган ва фаолиятини янгитдан бошлаган «Ҳуснобод» оилавий шифокорлик пунктида 25 та иш ўрни яратилиб, у ерда 1 та оила шифокори, 2 та умумий амалиёт шифокори, 1 та доя, муолажа ва патронаж ҳамширалари фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса, аҳолига саломатлик билан боғлиқ муаммоларни ечишда, амалий маслаҳат ва тавсияни ўз ҳудудида соҳа ходимларидан олиш имконини беради.
Ғулом Примов,
Сирдарё вилоят
Соғлиқни сақлаш бошқармаси
матбуот котиби.