Лекин шу пайтгача зиёратгоҳ бунга тўла имкон бермас, унинг атрофида ҳам шунга яраша шароит ва имкониятлар, сайёҳлар учун қулайликлар бўлмаган. Таъбир жоиз бўлса, мажмуа буюк муҳаддис бобомизнинг маънавий мероси ва ислом оламидаги шуҳратига мос эмас эди.
Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори билан дастлаб бу ерда Имом
Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби ташкил этилди.
Сўнг мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, зиёратчиларга ҳар томонлама қулайлик
яратилиши ҳисобга олинди ва зиёратгоҳни янгидан бунёд этишга киришилди. Кейинги
7-8 йилда бу ерда лойиҳалашдан тортиб, қурилиш, ободонлаштириш ишларигача
бўлган жараён Президентимизнинг доимий эътиборида бўлди. Давлатимиз раҳбари ҳар
гал Самарқандга келганида, ҳатто пандемия даврида ҳам, аввало, мажмуадаги ишлар
билан танишиб, қурилишнинг сифатли ва халқаро талаблар даражасида бажарилишини
назорат қилди, зарур тавсиялар берди. Илгари Имом Бухорий ҳазратларининг қабри
мақбара остидаги кичик бир хонада бўлиб, бу жойга беш-олти кишигина сиғиши
мумкин эди. Кўп ҳолларда нуфузли делегациялар ташрифи чоғида ушбу ҳолат
ноқулайликлар келтириб чиқарарди. Бугун эса мақбара остида жойлашган қабр
атрофида юзлаб меҳмон тиловат қилиши мумкин.
Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий мажмуаси
ушбу буюк алломанинг хотирасига, унинг илмга бағишланган умри ва ислом
илмларига қўшган улкан ҳиссасига чуқур эҳтиром рамзи сифатида барпо этилди.
Президентимизнинг 2020 йил 2 мартдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон
Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар
стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да
амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ушбу
ёдгорлик янги лойиҳа асосида қайта барпо этилди. Натижада мажмуа бугун мукаммал
меъморий ечимга эга бўлди.
Бинолар қурилишида мамлакатимизнинг моҳир усталари билан бирга хорижий
давлатлардан келган меъмор ва ҳунармандлар ҳам иштирок этди. Мажмуа
меъморчилигида миллий ва ислом меъморчилиги анъаналари уйғунлиги намоён бўлиб,
кошинкорлик, наққошлик, ҳандасавий нақшлар ва эпиграфик безаклар орқали юксак
бадиий қиймат касб этган. Бу жиҳатдан Имом Бухорий мажмуаси нафақат зиёратгоҳ,
балки ноёб меъморий ёдгорлик сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Умумий майдони 63,2 гектарни ташкил этувчи зиёратгоҳ ҳудудидаги барча
иншоот ягона меъморий ва маънавий ғоя асосида барпо этилган. Мажмуа таркибига
Имом Бухорий мақбараси, масжид, инновацион музей, маъмурият биноси, кенг
айвонлар ва ёрдамчи иншоотлар киради. Мажмуа пештоқлари ва айвон деворларига
Қуръони карим оятлари ва ҳадислар битилган.
Мажмуанинг асосий меъморий маркази бўлган масжид улуғвор қиёфаси ва мукаммал
лойиҳавий ечими билан ҳар бир зиёратчини ҳайратга солади. Иншоотнинг биринчи
қавати ва ер ости қисми 60×60 метр ўлчамда барпо этилган бўлиб, ички ҳажмнинг
ўрта — устунсиз қисми 38×38 метрни ташкил этади. Бундай муҳандислик ечими
ибодатхона ичида кенг, ёруғ ва очиқ фазо яратиб, жамоавий ибодатни бемалол адо
этиш имконини таъминлайди.
Масжид гумбазининг диаметри 19 метр бўлиб, уни тўрт томондан ҳар
бирининг диаметри 8 метрли кичик гумбазлар уйғун тарзда тўлдириб туради.
Залнинг баландлиги четки қисмларда 11,5 метрни ташкил этса, марказий қисми 41,1
метргача кўтарилган. Ана шу меъморий мутаносиблик ва баландлик уйғунлиги
иморатга бетакрор салобат ва улуғворлик бағишлайди.
Масжид бир вақтнинг ўзида 10 минг намозхонни сиғдира олиш қувватига
эга. Биринчи қаватдаги асосий намозгоҳ 3440 квадрат метр майдонни эгаллаб,
умумий ҳажми 69 минг 429 куб метрни ташкил этади. Аёллар учун мўлжалланган ер
ости қисми эса 20 минг 491 куб метр ҳажмга эга бўлиб, замонавий талаблар
асосида барча шароит яратилган.
Ушбу кўлам ва меъморий ечимлар масжидни нафақат ибодатгоҳ, балки
муҳташам меъморий обида сифатида ҳам намоён этади. Анъанавий исломий услубда,
замонавий меъморий ечим уйғунлашган ҳолда барпо этилган ушбу масжид биноси
очиқлик, бирдамлик ва бағрикенглик рамзидир.
Зиёратгоҳнинг тўрт бурчагида қад ростлаган, баландлиги 75 метрга
етадиган тўрт минора мажмуанинг меъморий қиёфасига ўзига хос салобат ва кўрк
бағишлайди. Уларнинг мутаносиб баландлиги ва нафис шаклий ечими иншоотнинг
улуғворлигини янада оширади. Узоқданоқ кўзга ташланадиган ушбу миноралар
зиёратгоҳнинг маънавий нуфузи ва меъморий қудратини ифодаловчи тимсол ҳамдир.
Имом Бухорий мақбараси — мажмуанинг маънавий маркази. Мақбара биноси
ер устида 14×14 метр ўлчамда қад ростлаган. Эски мақбара қисми 9×9 метрни
ташкил этар эди. Иморат умумий баландлиги 28, гумбаз диаметри 8,3 метрга тенг.
Мақбаранинг ер ости зали майдони 1850 квадрат метр бўлиб, зиёратчилар учун
шинам шароит яратилган.
Мажмуага кириш ва чиқишни таъминловчи икки айвоннинг ҳар бири 684
квадрат метр майдонга эга бўлиб, уларнинг диаметри 17 метрни ташкил этади. Ён
айвонларда устун баландлиги 7,8 метр, устунлар орасидаги масофа эса 5,4×5,4
метр. Бу ўлчамлар айвонларда кенглик ва нафосат уйғунлигини таъминлаган.
Давлатимиз раҳбари ҳар гал Самарқандга ташрифи чоғида ушбу табаррук
зиёратгоҳни тиклаш, унинг тарихи ва мазмунини тўғри талқин қилиб етказиш
бўйича кўрсатмалар берар эди. 2022 йил 17-18 август кунлари Саудия Арабистонига
давлат ташрифи давомида Президентимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом
цивилизацияси музейи билан яқиндан танишди. Шу таассуротлар асосида 2022 йил 24
август куни Имом Бухорий мажмуасига ташриф чоғида берилган кўрсатмалар асосида
мажмуа таркибидаги инновацион музейни барпо этиш ишлари бошлаб юборилди.
Тўққиз павильондан иборат инновацион музей Имом Бухорийнинг ҳаёти ва
бой илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини намоён
этади. Шунингдек, музей экспозицияларида Қуръони каримда исми зикр этилган 25
пайғамбар тарихи, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва
Мадинадаги ҳаёт йўллари, буюк муҳаддислар номи ва улар қолдирган бой мерос,
ҳадисларнинг жамланиши ва ёзиб олиниш жараёнига оид муҳим маълумотлар ўрин
олган.
Зиёратчиларнинг мажмуа бўйлаб қулай ҳаракатланишини таъминлаш
мақсадида замонавий лифт тизими ўрнатилган: 1000 кило кўтариш қувватига эга
панорамали лифт, 800 килогача кўтарадиган олтита бир томонлама эшикли лифт ва
400 кило юк кўтарадиган бир томонлама эшикли лифт. Бундан ташқари, иккита
эскалатор ҳам ўрнатилган.
Мажмуа ҳудудида зиёратчилар учун барча шарт-шароит яратилган.
зиёратчилар экскурсия хизмати, ахборот материаллари ва маърифий суҳбатлар
орқали буюк алломанинг ибратли ҳаёти ва мероси билан яқиндан танишиш
имкониятига эга бўлади. Бу муқаддас қадамжода аввал бир кунда 12 минг
зиёратчига хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозир 65 минг меҳмонга халқаро
стандартларга мос хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Зиёратгоҳ атрофида
меҳмонхоналар ва савдо-сервис нуқталари ташкил этилган.
Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси бугун Ўзбекистондаги энг муҳим
маънавият ва маърифат марказларидан бири сифатида янгидан фаолият бошлади.
Ўзининг илмий аҳамияти, маънавий қудрати ва меъморий гўзаллиги билан у инсон
қалбида поклик, илмга, буюк аждодимизга ҳурмат, миллий ва диний қадриятларга
садоқат туйғуларини мустаҳкамлайдиган қутлуғ маскандир. Бир неча минг
намозхонни сиғдира оладиган масжид, маҳобатли тўрт минора, инновацион музей,
замонавий лифт ва эскалаторлар, юқори ўтказувчанликка эга таҳоратхоналар,
меҳмонхоналар ва сервис нуқталари — буларнинг барчаси мажмуанинг нафақат
муқаддас маскан, балки юксак даражадаги хизмат кўрсата оладиган замонавий
объект эканидан далолат беради. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси буюк алломанинг
ислом илмларига қўшган беқиёс ҳиссасига муносиб ҳурмат ифодаси сифатида асрлар
давомида авлодларга мерос бўлиб қолади.
Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро
илмий-тадқиқот
маркази директори
ўринбосари,
тарих фанлари бўйича
фалсафа доктори