Бунинг натижасида сўнгги вақтларда илм-фанда халқаро даражадаги ютуқларни қўлга киритаётган йигит-қизлар сафи кенгайиб бормоқда. Жумладан, сурхондарёлик ёшлар бу борада кўплаб ютуқларни қўлга киритмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил февраль ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи ёшларимиз учун қувонарли хабарларга бой бўлди. Ташриф чоғида Президентимиз “Янги Ўзбекистон” массивидаги 66-мактабда яратилган шарт-шароитлар, хусусан, ногиронлиги бўлган болалар учун ташкил этилган имкониятлар билан танишди. Сунъий интеллект, рақамлаштириш билан боғлиқ йўналишларнинг ёшлар ҳаёти ва келажаги учун нақадар муҳим эканига эътибор қаратилди. Сунъий интеллектга ўқитиш дастурлари мактаб таълимига жорий этилиши орқали меҳнат бозорига келажак касблари учун пухта ҳозирлик билан улғайиши зарур эканига урғу берилди. Ҳа, бугунги ёшлар сунъий интеллект имкониятларидан тўла фойдаланиб, уларни бошқариш даражасига ­етиши ­зарур. Шу орқали олдимиздаги катта марра — Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаймиз. Бунинг учун яна бир қулай имконият ва ўзига хос ёндашув эса ушбу массивдаги хорижий тиллар ва ­ахборот технологиялари ўқув марказидир. Давлатимиз раҳбари ушбу ўқув маркази фаолиятини юқори баҳолади.

Таъкидлаш керак, ушбу ўқув маркази 6,5 миллиард сўм ҳисобига барпо этилган. Унда йилига 2 мингдан ортиқ ёшга таълим олиш ва лойиҳалар устида ишлаш имконига эга. Бу ерда 200 нафарга яқин ўқувчи компьютер саводхонлиги ва “front-end” йўналишларини муваффақиятли якунлаб, сертификат олган. 150 нафарга яқин ўқувчи IELTS имтиҳонларида В2 ва ундан юқори натижаларни қайд этган. Ана шундай ютуқлар сабаб ушбу таж­риба оммалаштириладиган бўлди.

Сурхондарёлик ёшларнинг бундай ютуқлари замирида албатта, янги Ўзбекис­тондаги ислоҳотлар турибди. Ушбу янгиланишлар эса мамлакатимиздаги пухта ўйланган режа асосида олиб борилмоқда. Буни Сурхондарёда таълим соҳасида эришилаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мамлакатимиз етакчиси бундан беш йил аввал рақамли иқтисодиётга ўтиш вазифасини қатъий мақсад сифатида белгилаб берган эди. Хусусан, Президентимиз 2020 йил 24 январда Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида “Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда. Албатта, рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурс­ларини талаб этишини жуда яхши биламиз. Бироқ қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади”, дея таъкидлаган эди.

Ўтган даврда Сурхондарё вилоятида ҳам бу борада салмоқли ишлар бажарилди. Жумладан, рақамли инфратузилмани ривож­лантириш мақсадида 2025 йилда 2500 минг километрга оптик толали алоқа тармоғи тортилиб, умумий узунлиги 23,4 минг километр­га етказилди.Шунингдек, вилоятда жами 1014 та таянч станция ўрнатилди ва модернизация қилинди. Мобил интернет қамрови 2017 йилда 50 фоиз атрофида эди. Бу кўрсаткич 2024 йилда 96 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунида 99,3 фоизга етказилди.

Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қувонарли натижаларга эришилди. Хусусан, 2025 йилда вилоят бўйича жами 989 мингдан ортиқ ариза қабул қилинди. Шундан 323,6 мингтаси Давлат хизматлари марказлари орқали, 666,2 мингтаси эса Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилган. Шунинг ўзиёқ рақамлаштириш халқимиз ҳаётида қанчалик муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.

— Сурхондарёда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланувчилар сони эса 811,2 минг нафарга етди. Биргина 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида кўрсатилган хизматлар сезиларли даражада ошди. Жумладан, компьютер дастурлаш соҳасидаги хизматлар қиймати 247 миллиард сўмга тенг бўлди, — дейди Рақамли технологиялар вазирлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий шуъбаси бош мутахассиси Умар Хушвақтов.

Президентимиз раислигида 2025 йил 21 октябрь куни давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда белгиланган вазифалар ижроси сунъий интеллект технологияларини жорий қилишни янги босқичга олиб чиқади. 2030 йилда сунъий интеллектга асос­ланган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш режа қилинган. Бироқ хорижий экспертлар Ўзбекистон салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳолаган. Ҳозир дунёда сунъий интеллект иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик каби барча муҳим соҳаларнинг таянчидир. Шу боис, мамлакатимизда давлат бошқаруви органлари ходимлари ва  хизматчиларини сунъий интеллект йўналишида ўқитиш тизимли ташкил этиляпти.

Президентимизнинг 2025 йил 17 январдаги қарорига асосан амалга оширилаётган “Рақамлаштириш орқали фаровонлик сари дастури” доирасида кам таъминланган оила­ларнинг 2376 фарзанди масофавий таҳсил олди. Улар тўрт йўналиш бўйича онлайн платформаларида бепул ўқитилиб, тегишли сертификат берилди.

— 2025 йилда 218 ёш ва давлат хизматчилари ахборот технологиялари соҳасидаги профессионал ўқув курсларида таҳсил олиб, халқаро сертификатга эга бўлди. Шунингдек, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида “Coursera” таълим платформасидаги бепул ўқув курсларида 32 минг 471 ёш ўқитилди, — дейди АT паркининг Сурхондарё вилояти филиали бошлиғи Жаъфар Ҳайитов. — Шунинг­дек, “Бир маҳаллада етти дастурчи” лойи­ҳаси доирасида 669 ёш немис ва бошқа хорижий тиллардан B2 даражадаги, 3269 нафар йигит-қиз эса инглиз тили бўйича C1 ва B2 даражадаги халқаро сертификатларни қўлга киритди.

Термиз шаҳридаги АT паркида замонавий меҳнат бозори талабидан келиб чиқиб 7 устувор йўналиш бўйича ўқув курслари ташкил этилган. Уларда ёшлар рақамли технологиялар соҳаси бўйича касбий кўникмаларини мустаҳкамлаб, малакали мутахассис бўлиб чиқади. Паркда учта масофавий хизмат кўрсатиш маркази ҳам ташкил этилган. Уларда 100 дан зиёд ёшлар замонавий рақамли технологиялар асосида фаолият юритиб, юқори даромадли ва барқарор иш ўринлари билан таъминланган.

— Марказимиз call center йўналиши бўйича фаолият юритади. Мамлакатимиз ва Россияга аутсорсинг хизматларини кўрсатади. 2025 йилда сурхондарёлик 700 га яқин кишини иш билан таъминладик. Ҳозир ҳам янги ходимлар учун очиқ иш ўринлари мавжуд, — дейди “IT call” МЧЖ вилоят филиали директори Комрон Зай­ниддинов. — Ҳозир турли лойи­ҳалар бўйича ходимларни ишга қабул қиляпмиз. Марказимиз чет тилларни биладиган, компьютерда ишлаш бўйича базавий билимга эга мутахассисларни ҳам тайёрлайди.

Соҳада иш ўринларини очишга жиддий эътибор бериляпти. Хусусан, “Unicon-Soft” МЧЖ Сурхондарё филиали жорий йилда қўшимча иш ўринларини ташкил этишни мақсад қилган. Эътиборлиси, ушбу МЧЖ рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва электрон ҳукумат йўналиши бўйича дастурий маҳсулотларни жорий этиш, тизимлардан фойдаланишни ўргатиш фаолияти билан шуғулланади.

Кейинги йилларда ёшлар орасида дас­турчилик, веб-дизайнерлик, компютер технологияси ва АT соҳасига қизиқувчилар кўпайиб боряпти. Бу бир томондан, илғор ахборот технологияларининг ҳаётимизга жадал кириб келгани билан боғлиқ бўлса, бошқа жиҳатдан, мамлакатимизда барча соҳада рақамлаштириш жараёни кескин фаоллашишига бориб тақалади. Ўз-ўзидан шундай соҳалар бўйича ўқитиш тизими ҳам ривожланиб бормоқда. Ҳозир инноватор, дастурчи, ихтирочи йигит-қизлар сафи ҳам кенгаймоқда. Улар яратган замонавий қурилма, лойиҳалар ишлаб чиқаришга жорий қилиниб, халқаро бозордан жой оляпти. Ҳа, соҳадаги ислоҳотлар ушбу йўналишдаги фаолиятни мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Рақамли хизматлар сифатини ошириб, инновацион ечимларни жорий этиш ва АT хизматлари экспорти ҳажмини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Мактабгача таълимдан — олий таълимгача

Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, ҳудудда 972 та умумтаълим мактаби, 16 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ва 17 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернат ҳамда 487 та давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Кейинги йилларда мактаб­гача таълим қамровини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Янги давлатга тегишли ва хусусий боғчалар иш бошлади. Мавжудлари замонавий стандартлар асосида жиҳозланди. Соҳанинг барча ҳудудда бирдек ривож топиши яхши натижа беряпти. Хусусан, воҳанинг марказдан олис қишлоқларида ҳам болаларни мактабга тайёрлаш масаласи кун тартибидан тушмади. Бу таълимнинг илк босқичиданоқ тенг имкониятлар яратишга хизмат қилаётир.

— 2025 йил якунига кўра, вилоятда мактабгача таълимга қамров 70,9 фоизга етди. Бунинг учун маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 4 та, инвестиция дастури доирасида 8 та янги боғча қурилди ҳамда 19 та МТМ реконструкция қилинди. Натижада 1845 та ўрин очилди. Бундан ташқари, 145 та оилавий боғча, давлат-хусусий шериклик асосидаги 7 та МТТ, 171 та мажбурий бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиши туфайли 13 минг 500 та ўрин очилди. Шунингдек, “Ақлвой” лойиҳаси доирасида 11 та автобус базасида 69 та гуруҳ шакллантирилди. Уларга 1104 бола қамраб олинган, — дейди Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасур Мирзақулов.

Қатор мактаблар капитал таъмирдан чиқарилди. Янги бинолар фойдаланишга топширилди. Айниқса, таълим сифатини ошириш масаласига катта эътибор қаратилди. Ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиб, электрон журнал ва кундаликлар амалиётга кенг татбиқ этилди. Ҳозир вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида 565 минг 563 ўқувчи билим оляпти.

Таълим сифатини яхшилаш мақсадида малака ошириш, қайта тайёрлаш дастурлари ва илғор тажрибаларни оммалаштириш ишларига ҳам жиддий эътибор берилди. Педагоглар меҳнатини қадрлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муайян ишлар қилинди. Буни ўқитиш сифатига таъсир кўрсатаётган муҳим омил сифатида баҳолаш мумкин. Йиллар давомида касб-ҳунар таълими тизими меҳнат бозори талабига мослаштирилди. Ёшларни иш билан таъминлаш, муайян касбга йўналтириш мақсадида амалиётга асосланган таълим кучайтирилди.

— 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб, вилоятимизда 4 та ишчи ва 4 та ахборот технологиялари йўналишида касб-ҳунар ўргатиш йўлга қўйилди. Шу мақсадда касбий таълим устаси вазифаси таъсис этилди. Муҳими, касб-ҳунар ўргатиш амалиёти йўлга қўйилган 30 та мактаб зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди, — дейди Сурхондарё вилояти касбий таълим бошқармаси бошлиғи ­Бахтиёр Қурбонов.

Олий таълим соҳасида янги марралар сари қадам ташланди. Хусусан, вилоятда янги ОТМлар ва таълим йўналишлари очилди, халқаро ҳамкорлик кўлами кенгайди. Илмий фаолият, стартап лойиҳалар ва инновацион ташаббуслар қўллаб-қувватланди. Бундай янгиланишлар ёшларнинг рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланишига хизмат қиляпти. Сўнгги йилда мактаб битирувчиларининг олий таълимга қабул қилиниш кўрсаткичи 3,1 фоиз ошиб, 38,7 фоизга етди.

Ҳамкорлик хорижий тилларни ўқитишда самара бермоқда

Тил шунчаки мулоқот воситаси эмас. Илмий янгиликларни тезкор ва пухта ўзлаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, янги Ўзбекистонда таълимнинг энг қуйи бўғинидан бошлаб барча босқичда тил ўргатишга жиддий эътибор бериляпти. Қолаверса, Президентимизнинг 2024 йил 4 апрелдаги “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида ёшларга хорижий тилларни сифатли ўргатишда таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

— Вилоятимиздаги университетлар ва мактаблар ўртасидаги ҳамкорлик илмий-методик билимлар ҳамда амалиёт билан мус­таҳкамланяпти. Натижада ўқувчиларнинг тил билиш кўникмасини халқаро стандартлар даражасига етказиш осонлашяпти. Ҳозир профессор ва доцентларимиз мактаб ўқитувчилари учун махсус малака ошириш курсларини очяпти. Курсларда фаннинг янги йўналишлари, замонавий педагогик технологиялар, рақамли таълим воситалари ва SТЕАМ ёндашуви асослари бўйича амалий машғулотлар ўтказилади. Бундай курслар мактаб ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, таълим жараёнига илғор инновацияларни татбиқ этиш ва ўқитиш сифатини оширишга хизмат қилади, — дейди Термиз давлат педагогика институти ўқитувчиси Меҳриноз Сайдуллаева. — Хорижий тилларни самарали ўқитишда халқаро тажрибадан фойдаланиш муҳим стратегик вазифа. Бу борада Финляндия таълим модели энг самарали намуна деб кўрилмоқда. Мазкур давлатда 1-3-синф ўқувчиларининг 92 фоизи чет тилини (асосан инглиз тилини) ўргана бошлайди. Эътиборлиси, 7-синфда уларнинг 99 фоизи камида иккита хорижий тилни ўзлаштиради.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўтказган таҳлилларга кўра, Финляндия ўқувчиларининг тил ўрганишга рағбати 78 фоиз. Ўзбекистонда бу кўрсаткич ҳозирча 52-55 фоиз атрофида деб баҳоланмоқда. Фин таълим тизимида ўқув вақтининг тахминан 30 фоизи коммуникатив вазифаларга, амалий мулоқот, жамоада ишлаш ва реал сценарийларда тил қўллашга йўналтирилган. Замонавий методлар чет тилини ўқитишда нафақат тезкор, балки ҳолатга мос, индивидуал ёндашувни таъминлайди. Улар орқали ўқувчи тилни фақат грамматика даражасида эмас, балки мулоқот воситаси сифатида қўллайди. Ўзлаштирган билимни амалиётда синовдан ўтказади. Хал­қаро тилларда мустақил фикрлай олади. Мазкур жараёнда университет ва мактаб ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.

Сарвар ТЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири