Бу борада илгари сурилаётган ташаббуслар замирида инсон капиталига сармоя киритиш, интеллектуал салоҳиятни юксалтириш ва илм-фанни иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айлантиришдек улкан мақсадлар мужассам.
Президентимизнинг “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини
такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса ушбу
жараёнларга янада кучли суръат бахш этади. Мазкур ҳужжат соҳадаги ислоҳотларни изчил
давом эттириб, олий таълим ва илм-фанни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш учун
мустаҳкам пойдевор яратади.
Беш таянч тамойил
Ислоҳотлар марказида “5 Т” тамойили — таълим, тарбия, тадқиқот,
тижоратлаштириш ва тизимли такомиллаштириш устувор ўрин тутади. Бу ёндашув олий
таълим тизимига мутлақо янги мазмун бағишлайди. Эндиликда университетлар билим
берувчи муассаса бўлиш билан бирга ёш авлоднинг дунёқараши, масъулияти ва
ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қиладиган муҳит сифатида шаклланади.
Таълим замонавий билим ва кўникмаларни беришни англатса, тарбия ёшларда ватанпарварлик, фуқаролик масъулияти
ва қадриятларга садоқатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тадқиқот эса
университетларнинг илмий салоҳиятини ошириш, янги билим ва ечимлар яратишга
йўналтирилган. Бунда халқаро таълим ва илмий дастурларда фаол иштирок этиш,
илғор хорижий тажрибани жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳим янгиликлардан бири — тижоратлаштириш тамойили. У илмий
ишланмаларни амалиётга жорий этиш, инновацияларни иқтисодиётга олиб кириш ва
улардан қиймат яратишни назарда тутади. Айниқса, ҳудудлардаги долзарб
муаммоларга ечим бўладиган амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни
тижоратлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, тайёрланаётган кадрларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини
топиши, битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласи устувор вазифага айланмоқда.
Тизимли такомиллаштириш эса ушбу жараёнларнинг барчасини узвий ва самарали
ташкил этишга хизмат қилади.
Бу ёндашув олий таълимни фақат билим бериш тизими доирасидан чиқариб,
уни мамлакат тараққиётининг муҳим драйверига айлантиради. Энди университетларда
яратилган илмий ғоялар лабораторияларда қолиб кетмайди, балки ишлаб чиқаришга,
бизнесга ва жамият ҳаётига кириб боради.
Энг муҳими, университетлар эндиликда илмий ғоялар шаклланадиган,
стартаплар пайдо бўладиган, инновациялар тижоратлаштириладиган ва иқтисодиётга
реал ҳисса қўшадиган замонавий интеллектуал марказларга айланмоқда. Бу эса, ўз
навбатида, ёшларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш, уларни илмий изланиш ва янгилик
яратишга ундаш, энг асосийси, билимга асосланган иқтисодиётни шакллантиришга
замин яратади.
“U-10”: Миллий
тадқиқот университетлари
Янги тизимнинг энг муҳим ва стратегик янгиликларидан бири “U-10”
лойиҳаси доирасида миллий тадқиқот университетларини шакллантиришдир. Бу
ташаббус орқали мамлакатимизда илмий салоҳиятни бирлаштириш, таълим ва
тадқиқотни уйғунлаштириш ҳамда университетларни глобал илмий маконнинг фаол
иштирокчисига айлантириш мақсад қилинган.
“U-10” доирасида илмий тадқиқот фаолияти устувор бўлган, юқори
интеллектуал муҳитга эга, инновация яратишга қодир замонавий университетлар
танлаб олинади. Улар фаолиятининг асосини илмий кластерлар ташкил этади. Яъни
бир университет атрофида маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари, илмий
ташкилотлар, саноат корхоналари ва бизнес субъектларини бирлаштирган ягона
экотизим вужудга келади.
Бундай ёндашув илмий ғояларни тезкор равишда амалиётга жорий этиш,
ишлаб чиқариш билан илм-фан ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш имконини
беради. Энг муҳими, тадқиқот натижалари лаборатория доирасида қолиб кетмай,
иқтисодиёт тармоқларига татбиқ этилади.
“U-10” университетлари нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан
яқин ҳамкорлик қилади. Бу эса қўшма таълим дастурлари, икки дипломли тизимлар,
халқаро илмий лойиҳалар ва академик алмашинувларни кенгайтиришга йўл очади.
Натижада миллий университетларимиз халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш,
энг илғор таълим ва тадқиқот стандартларини жорий этишга эришади.
Мазкур университетлар давлат томонидан кучли молиявий
қўллаб-қувватланади. Илмий кластерлар доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларга
йирик ҳажмда маблағ ажратилиши, замонавий лабораториялар ташкил этилиши,
иқтидорли олимлар ва ёш тадқиқотчиларни жалб қилиш учун кенг имкониятлар
яратилади.
“U-10” нафақат университетларни ривожлантириш лойиҳаси, балки бутун
бир илм-фан ва инновация экотизимини шакллантириш модели ҳисобланади. Ушбу
тизим орқали Ўзбекистонда кучли илмий мактаблар пайдо бўлади, янги авлод
тадқиқотчилари шаклланади.
Шу тариқа “U-10” лойиҳаси мамлакатимизни Марказий Осиёда таълим ва
илм-фан марказига айлантириш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири бўлади.
Энди фақат режа бажариш
эмас...
2027 йилдан бошлаб олий таълим муассасаларини молиялаштириш тизимида
мутлақо янги ёндашув жорий этилади. Бу университетлар фаолиятини самарадорлик,
сифат ва аниқ натижаларга боғлашга қаратилган тизимли ислоҳотдир.
Олий таълим муассасалари миллий рейтинг асосида баҳоланади. Ушбу
рейтингда университетларнинг ўқув жараёни, илмий салоҳияти, халқаро фаоллиги,
рақамлаштириш даражаси, шунингдек, битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги ўрни каби
муҳим кўрсаткичлар инобатга олинади. Яъни таълим муассасаси қанчалик сифатли
билим берса, қанчалик илмий янгилик яратса ва унинг битирувчилари ҳаётда ўз
ўрнини топса, шунчалик юқори баҳоланади.
Шунга мос равишда молиялаштириш ҳам дифференциал тарзда амалга
оширилади. Юқори натижа кўрсатган, самарали фаолият юритган университетлар
кўпроқ молиявий рағбатга эга бўлади. Бу эса ресурсларни адолатли тақсимлаш,
уларни энг самарали ишлаётган муассасаларга йўналтириш имконини беради.
Яна бир жиҳат — бир нафар талабани ўқитиш харажатлари ҳам аниқ
мезонлар асосида ҳисобланиши. Бунда профессор-ўқитувчилар юкламаси, таълим
йўналишининг мураккаблиги, моддий-техник базаси, университетнинг илмий йўналтирилгани
ва ҳудудий хусусиятлари каби омиллар инобатга олинади. Бу эса ҳар бир йўналиш
ва ҳар бир муассасанинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда
молиялаштиришни таъминлайди.
Энг муҳими, ушбу тизим университетлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини
шакллантиради. Энди ҳар бир олий таълим муассасаси фақат режа бажариш эмас,
балки аниқ натижа — сифатли таълим, кучли илмий фаолият ва битирувчиларнинг
бандлигини таъминлаш учун ҳаракат қилади. Натижада олий таълим тизимида
“самарадорлик — асосий мезон” тамойили қарор топади.
Илм-фан: сифат ва
самарадорликка ўтиш
Бугунги ислоҳотлар доирасида илм-фан соҳасига муносабат мутлақо янги
босқичга кўтарилмоқда. Илмий тадқиқотларни молиялаштириш тизими тубдан қайта
кўриб чиқилиб, унинг асосига сифат, самарадорлик ва амалий натижа тамойиллари
қўйилмоқда.
Эндиликда давлат томонидан ажратиладиган маблағлар аниқ устувор
йўналишларга қаратилади. Бу эса илмий тадқиқотларнинг мамлакат тараққиёти билан
узвий боғлиқ бўлишини таъминлайди. Илмий лойиҳалар танлови эса фақат ички
баҳолаш билан чекланиб қолмай, халқаро экспертиза асосида амалга оширилади.
Нуфузли хорижий ташкилотлар ва етакчи университетлар иштирокидаги баҳолаш
тизими тадқиқотлар сифати ва холислигини кафолатлайди.
Энг муҳим ўзгаришлардан бири амалий натижага йўналтирилганликдир.
Энди илмий ишланмалардан аниқ иқтисодий ва ижтимоий самара бериш талаб этилади.
Яратилган илмий ғоялар ишлаб чиқаришга жорий этилиши, янги технологиялар,
маҳсулот ва хизматларга айланиши устувор вазифага айланмоқда.
Шунингдек, ажратилаётган маблағларнинг камида ярми мамлакат
иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган устувор соҳаларга йўналтирилиши
белгиланмоқда. Бу эса энергия, қишлоқ хўжалиги, саноат, ахборот технологиялари
каби тармоқларда илмий ечимларни жадал жорий этишга хизмат қилади.
Молиялаштириш тизимининг очиқ ва натижага боғлиқлиги таъминланмоқда.
Лойиҳалар белгиланган самарадорлик кўрсаткичларига эришган тақдирда
молиялаштириш давом эттирилади. Бу эса ҳар бир илмий жамоани масъулият билан
ишлаш, аниқ натижага эришишга ундайди. Умуман олганда, ушбу ёндашув илм-фанни
иқтисодий ўсишнинг муҳим омилига айлантиришга замин яратади.
Жаҳон талабларига мос
Ислоҳотлар доирасида мамлакатимиз олий таълим тизимини халқаро
майдонга олиб чиқиш, Ўзбекистонни минтақадаги нуфузли таълим марказига
айлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда. Бу йўналишдаги
саъй-ҳаракатлар юртимизнинг очиқлик сиёсати, интеллектуал салоҳияти ва таълим
сифатининг ўсиб бораётганини дунёга намоён этяпти.
Шу мақсадда “Study in Uzbekistan” платформасини янада такомиллаштириш
ва ривожлантириш кўзда тутилган. Мазкур платформа хорижлик абитуриентлар учун
мамлакатимиз олий таълим муассасаларига кириш жараёнларини соддалаштиради,
уларга қулай ва шаффоф қабул имкониятларини яратади. Энг муҳими, университетларга
хорижлик талабаларни мустақил қабул қилиш ваколати берилиши уларнинг халқаро
рақобатбардошлигини оширади, таълим дастурларини жаҳон талабларига мос равишда
такомиллаштиришга туртки беради.
Ҳар йили 500 нафаргача иқтидорли хорижлик талаба учун грантлар
ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бу мамлакатимиз таълим муассасаларига хорижлик
фуқаролар орасидан иқтидорли ёшларни янада фаол жалб қилиш, турли маданият ва
тажрибалар алмашинувини кучайтириш, академик муҳитни янада бойитиш имконини
беради. Бундай муҳит, ўз навбатида, талабаларимизнинг дунёқарашини
кенгайтиради, уларни глобал фикрлайдиган мутахассислар сифатида шакллантиради.
Мазкур ислоҳотлар орқали Ўзбекистон таълим экспортини изчил амалга
оширади, халқаро таълим бозорида ўрнини мустаҳкамлайди. Келаётган ҳар бир
хорижлик талаба билим олиш асносида юртимиз маданияти, салоҳияти ва
имкониятлари билан яқиндан танишади.
Шу тариқа Ўзбекистон босқичма-босқич минтақадаги таълим хабига айланиб
боради. Бу эса нафақат таълим соҳасида, балки мамлакатимизнинг халқаро нуфузини
оширишда ҳам муҳим омил бўлади.
Рақамлаштириш ва
замонавий инфратузилма
Фармонда рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бугунги замонда рақамли технологиялар таълим сифатини ошириш, бошқарувни
самарали ташкил этиш ва инсон омили таъсирини камайтиришда муҳим ўрин тутади.
Шу боис, олий таълим тизимида замонавий рақамли инфратузилмани шакллантириш
устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Жумладан, “Карьера” платформаси ишга туширилиши битирувчиларни иш
билан таъминлашда мутлақо янги ёндашувни жорий этади. Ушбу платформа орқали
талабаларнинг билим ва кўникмалари, қизиқишлари ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжлари
ўртасида самарали боғлиқлик таъминланади. Бу эса битирувчиларнинг ўз
мутахассислиги бўйича иш топиш имкониятларини сезиларли даражада оширади.
“Талабанинг рақамли паспорти” жорий этилиши ҳар бир талаба ҳақидаги
барча маълумотлар — ўқиш кўрсаткичлари, фаоллиги, ютуқлари ва кўникмаларини
ягона тизимда жамлаш имконини беради. Бу маълумотлар таълим сифатини таҳлил
қилиш, индивидуал ёндашувни кучайтириш ва талабаларни рағбатлантиришда муҳим
аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, барча электрон хизматларни бирлаштирувчи ягона таълим
порталини яратиш режалаштирилган. Ушбу платформа орқали талабалар,
профессор-ўқитувчилар ва таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро алоқалар
соддалашади, хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилади. Бу эса вақт
ва ресурсларни тежаш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартиришга хизмат
қилади.
Яна бир муҳим йўналиш — сунъий интеллект асосида баҳолаш тизимларини
жорий этишдир. Бу орқали билимларни баҳолаш жараёнида холислик, аниқлик ва
шаффофлик таъминланади, инсон омили билан боғлиқ субъективликлар бартараф
этилади. Айни пайтда масофавий таълимни янада такомиллаштириш, унинг сифатини
ошириш учун кенг имкониятлар яратилади.
Талаба — эътибор
марказида
Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим ва устувор жиҳати инсон
омилига, яъни талабага қаратилаётган эътиборнинг кескин ортишидадир. Янги
ёндашувда талабага фақат таълим жараёни иштирокчиси эмас, балки бутун тизимнинг
марказий фигураси сифатида қаралмоқда.
Эндиликда таълим жараёни талабанинг мустақил фикрлашини, таҳлил қилиш
қобилиятини ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилади. Баҳолаш
тизими ҳам айнан шу мезонларга асосланади, яъни ёдлаш эмас, балки тушуниш, фикр
юритиш ва ечим топиш қобилияти устувор аҳамият касб этади. Бу эса ёшларни тайёр
билим истеъмолчисидан мустақил фикрловчи, ташаббускор шахсга айлантиришга имкон
беради.
Таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олий таълим муассасалари ишлаб чиқариш, бизнес ва ташкилотлар билан яқин
ҳамкорликда фаолият юритиб, талабаларнинг ўқиш жараёнидаёқ амалиёт ўташи, реал
иш муҳитини ҳис қилиши учун кенг имкониятлар яратади. Бу битирувчиларнинг
меҳнат бозорига тайёр ҳолда кириб келишини таъминлайди.
Ижтимоий ҳимоя ва имкониятларни кенгайтириш ҳам ислоҳотларнинг муҳим
йўналишларидан биридир. Талабалар учун қулай таълим муҳити яратиш, уларни
қўллаб-қувватлаш, айниқса, ижтимоий эҳтиёжманд ёшларга кенг имкониятлар бериш орқали
таълимда тенглик ва адолатга эришилади.
Шунингдек, битирувчиларнинг иш билан таъминланиши таълим сифатига
берилган асосий баҳо мезонига айланмоқда. Энди университет фаолияти фақат
диплом бериш билан эмас, балки унинг битирувчилари қай даражада ҳаётда ўз
ўрнини топаётгани билан баҳоланади. Бу эса олий таълим тизимини янада
масъулиятли, натижага йўналтирилган ва ҳаёт билан узвий боғланган тизимга
айлантиради. Энг муҳими, бундай ёндашув орқали билимли, рақобатбардош ва замон
талабларига жавоб берадиган янги авлод шаклланади.
Бугун бошланган ислоҳотлар моҳиятига кўра фақат бир соҳадаги
ўзгаришлар эмас, балки мамлакатимиз тараққиётининг узоқ муддатли йўналишини
белгилаб берувчи муҳим стратегик қадамдир. Чунки олий таълим, фан ва
инновациялар тизими ҳар қандай давлатнинг интеллектуал салоҳияти, иқтисодий
қудрати ва келажак тараққиётини белгилайдиган асосий устунлардан биридир.
Амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида янги
Ўзбекистонда олий таълим тизими мазмунан ва моҳиятан янги қиёфага кирмоқда. У
рақобатбардошлиги билан ажралиб турадиган, инновацияларни яратиш ва жорий
этишга қодир, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллай оладиган тизимга айланиб
бормоқда. Университетлар фақат билим берувчи муассаса эмас, балки илмий ва
иқтисодий тараққиётга хизмат қилувчи замонавий интеллектуал марказ кўринишини
олмоқда.
Асосийси, бу ислоҳотлар орқали инсон капиталига эътибор мутлақо янги
босқичга кўтарилмоқда. Ёшларимиз учун кенг имкониятлар яратилиб, уларнинг билим
олиши, изланиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун мустаҳкам замин
яратиляпти. Ана шу жараёнлар натижасида билимли, ташаббускор, замонавий
фикрлайдиган ва глобал рақобатга тайёр янги авлод шаклланади.
Айнан шундай авлод мамлакатимизнинг эртанги куни, унинг барқарор
тараққиёти ва халқаро майдондаги муваффақиятининг энг ишончли кафолатидир.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
олий таълим, фан ва инновациялар вазири