Тадбирни Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов очиб берди ва «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталарининг жамият ҳаётидаги ўрни, аҳолини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни билан яқиндан таништиришдаги фаоллиги, ҳар бир йўналишда ҳозиржавоблиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Учрашувда Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Дилшода Эргашева, «Фарғона вилояти телерадиоканали» давлат муассасаси раҳбари Иброҳимжон Ҳалимбеков ҳамда соҳа вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари ҳам сўз олиб, ушбу газеталар фаолияти, ўзига хос услуби тўғрисида сўз юритдилар.

Самимий мулоқотда «Янги Ўзбекистон» газетаси 2020 йилда давр талаби асосида ташкил этилгани, унинг асосий мақсад ва вазифалари юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Газеталар бош муҳаррири Салимжон Дониёров оммавий ахборот воситалари ва ўқувчилар ўртасидаги бевосита мулоқот нашрлар фаолиятини янада такомиллаштириши, уларнинг таъсир доираси ва нуфузини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, бугунги ахборот маконида онлайн мулоқотлар орқали аудитория билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратди. 

– Фарғонада зиёга, газетага бўлган ташналикни кўрдим. Шу билан бирга мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда бевосита иштирок этиш, у ҳақида ўз фикрини билдиришга интилиш, айниқса, ёшларда кучли экани бизга руҳ бағишлади, – дейди “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салимжон Дониёров. – Ахборот воситалари жамоаси бевосита ўқувчилари билан учрашуви унинг ривожланиши ва юксалишига хизмат қилишини Фарғонада яна бир бор кўрдик. Шу билан биргаликда янги технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда онлайн мулоқотларни ҳам кенгайтиришимиз  зарур экан. Шунда қайсидир мақола ёки видеоконтентга нисбатан ўқувчи, фойдаланувчи ўз фикри, таклиф ва муносабатини билдириши мумкин бўлади.  

Учрашувда газетанинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти, контент тайёрлаш бўйича маълумотлар берилди.

Ижодий учрашув доирасида Салимжон Дониёровнинг сўнгги ўн йил ичида мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар натижалари ҳақида сўз юритувчи «Янги Ўзбекистон орзуси» номли китоби тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга муаллифдан атрофлича жавоблар олдилар.