Унда эълон қилинган дарсларни 12 миллионга яқин кузатувчи кўриб улгурди. Ушбу натижа ёшлар ўртасида чет тилни ўргатишни оммалаштириш нечоғли зурурлиги, бу йўналишда текин онлайн дарсларга талаб юқори эканини кўрсатди.
Лойиҳа орқали мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги истеъдодли ёшлар, молиявий томондан имконияти чекланган, лекин тил ўрганишга иштиёқи баланд ўқувчиларга хорижий тилларни ўргатиш, саводхонлигини ошириш кўзда тутилган. Унинг доирасида хорижий тилларни ўрганиб, юқори натижаларга эришган йигит-қизлар чет элнинг нуфузли университетларини тамомлаган фаоллар билан мулоқот қилади. Бундан ташқари, лойиҳадан инглиз тилини ўрганувчи, IELTS сертификатини олишни мақсад қилган ёшлар ўқиш, сўзлашиш, ёзиш ва тинглаб тушуниш кўникмасини мустаҳкамлаш учун фойдаланиши мумкин.
Куни кеча Бўстонлиқ туманидаги ёшлар оромгоҳида мазкур лойиҳанинг ёзги иккинчи босқичи ўтказилди.
— Бугунги йиғилишимиздан мақсад юртимизнинг турли ҳудудидан келган иқтидорли, фаол ва хорижий тилларга қизиқиши юқори ёшларни бир жойда тўплаб, улар ўртасида мулоқот ўрнатишдан иборат. Шунингдек, хориж тажрибасига эга тренер ва спикерларни жалб қилган ҳолда тингловчиларнинг тил билиш кўниксиларини янада ривожлантиришдир, — дейди лойиҳа менежери Рисолат Махсимова. — Бу жараёнда уларнинг IELTS, TOEFL, SAT каби хорижий тиллар бўйича халқаро даражада тан олинган 20 га яқин имтиҳонга пухта тайёрланишига ёрдам берилади. “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси хорижий тилларни ўргатиш орқали ёшларни дунёнинг энг нуфузли университетларига йўналтиришни кўзда тутади. Бу орқали ўзбекистонлик ёшларнинг салоҳиятини янада юксалтириш ва соҳасининг халқаро даражада етакчилари бўлишига замин яратиш мақсад қилинган.
Инсон капиталини ривожлантириш, сифатли таълим олиш имкониятини таъминлаш орқали ёшларнинг истеъдод ва қобиляти тарбиялаш, ўзи танлаган соҳада муваффақият қозониши учун зарур кўникма ва тажриба билан қуроллантириш мумкин. Инсон капиталига сармоя киритилиши барқарор иқтисодий ўсиш ва инновацияларга йўл очади, мамлакатнинг ривожи ва рақобатбардошлигини оширади.
Ёшларнинг етакчи университетларда билим олишга интилишини қўллаб-қувватлаш мамлакатни билим яратиш ва инновациялар соҳасида биринчи ўринга олиб чиқади.
Ўзбекистон ёшлари халқаро даражада муваффақиятга эришиш учун катта имкониятга эга. Илм-фан ва инновацияларда биринчилар қаторида бўлишга салоҳиятимиз етади.
Лойиҳа раҳбари Рустам Қориевнинг айтишича, профессионал мураббийлар 13 тил бўйича 22 турдаги тизимли ва алифбодан бошланган дарслар мажмуасини ишлаб чиқмоқда. “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси ёрдамида турли тиллар бўйича билимларни қисқа муддатда қулай жойда туриб эгаллаш мумкин. Лойиҳа барча учун тенг ва тилни текин ўрганиш имконини тақдим этмоқда.
Пойтахтда чет тилларни ўрганишга ёшлар учун имконият етарли. Аммо чекка ҳудудларда-чи? Уларда бу борада айрим муаммолар юзага келиши мумкин. Ана шу муаммоларга “Ибрат фарзандлари” том маънода ечим бўлди. Лойиҳа фаолларининг биринчи қадами Бўстонлиқ туманида “Ибрат оромгоҳи”ни ташкил қилиш бўлди. Оромгоҳда шу кунга қадар бир ярим мингга яқин йигит-қиз ўқитилди. Уларнинг аксарияти энг чекка ҳудудлардан. Ҳозир оромгоҳнинг ёзги мавсумидаги машғулотларга 250 га яқин йигит-қиз жалб этилди. Хорижий тилларни тизимли ўрганган, жаҳоннинг энг нуфузли университетларида, жумладан, Стенфорд, Гарвард, Йел университетлари ва бошқа нуфузли ОТМларда ўқиган менторлар ёшларга дарс бермоқда. Мақсад фақат тил ўргатиш эмас, чин маънода глобал лидерларни тайёрлашдир. Чунки жуда кўп соҳалар борки, ўз мутахассисига эга эмас. Машғулотларда иштиёққа тўла ёшлар қандай қилиб хориждаги нуфузли университетга ўқишга кирсам бўлади, деган саволга жавоб топмоқда. Уларнинг кўпи келажакда ўзи ўйлаган марраларга, албатта, етади.
— Ўқув марказида болаларга инглиз тилидан дарс бераман. Ушбу оромгоҳ ҳақида дўстларимдан эшитиб келдим, — дейди Бухоро давлат университети битирувчиси Камола Саидова. — Бу ерда энг илғор 100 таликка кирувчи нуфузли университетларга ҳужжат топшириш ва уларнинг 100 фоизли грантини қўлга киритиш тартибини ўрганяпман. Шундай грантларни ютган менторлар қизиқарли, фойдали дарслар ўтяпти. Улар ёрдамида шу пайтгача қилган хатоларимизни тушуниб, билмаганларимизни ўрганишга ҳаракат қиляпмиз.
“Ибрат фарзандлари” Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб ўзбек тили грамматикасини онлайн ўргатиш тизимини ҳамда хорижликларга ўзбек тилини ўргатишни йўлга қўйган лойиҳадир. Унинг доирасида “Ibrat Academy” иловаси ишлаб чиқилди. Ўрганувчилар унда нафақат видеодарслар кўриши, балки ўзининг тил билиш даражасини мунтазам текшириб бориши, билимини мустаҳкамлайдиган синов-машқларни бажариши, сўз бойлигини интерактив усулда ошириши мумкин.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири