Судьялар олий кенгаши қарори кўра, тизим тарихида биринчи марта одил судловга эришишдаги кўрсаткичлари баробарида ўзининг чуқур билими ҳамда маънавий фазилатлари билан касбдошларига намуна бўлаётган 16 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлади. Бу ҳақида Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати хабар берди.

Маълумки, Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор ўзгаришлар  жорий этилиб, жумладан, одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган судьяларни “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлаш белгиланган эди.

Эътиборлиси, мукофотга сазовор бўлганлар орасида Олий суддан то туман суди судьяларигача бор. Бу номзодларни саралашда холислик ва очиқлик устувор аҳамият касб этганини яққол кўрсатади.

Онлайн маросимда мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.