Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳри бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда йирик миқдордаги фирибгарлик ҳолатига чек қўйилди.
Маълум бўлишича, фуқаролар С.Р. ва С.Ш. ўзаро тил бириктириб, фуқаро Б.М.нинг ишончига кирган ҳолда, уни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ички ишлар академиясига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилишган.
Ушбу «хизмат» эвазига улар 12 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинганлар. Тезкор тадбир давомида гумонланувчиларнинг ноқонуний ҳаракатлари тўлиқ ҳужжатлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.