Каронавирус пандемияси туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатди. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йил якунларига кўра халқаро саёҳатлар сони 89 % га, иш ўринлари 74 миллионтага қисқариши, соҳадаги жами йўқотишлар 800 млрд долларни ташкил этиши кутилмоқда. 

Маълумки 16 март санасидан мамлакатимиз ташқи ва ички туристлар учун ёпилган эди. Оқибатда республика бўйича 1,5 мингдан ортиқ туроператор, 1,2 минг меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатилган эди.  

Пандемия даврида барча соҳа каби туризм соҳасида ҳам карантин тартиб қоидаларини босқичма-босқич юмшатилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 28 май куни имзоланган "Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида туризм соҳасига имтиёз ва преференсиялар бериш кераклигини қайд этганди. Унга кўра Республикамизда 2020 йилнинг 1 июнидан “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ички туризмга рухсат берилиши билан биргаликда ёндош ташкилотларнинг (туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда бошқалар) фаолиятини бошлаши таъкидланди. 

- Унга кўра вилоятнинг тоғли ҳудудлари Нурота тумани тоғ тизмалари, Навбаҳор тумани Сармишсой дараси ҳамда вилоятдаги сув ҳавзаларида, яъни Нурота тумани Айдаркўл, Қизилтепа туманидаги Тўдакўл соҳилларидаги мавжуд дам олиш масканларини ишга тушуриш, мазкур ҳудудларда ички туризмни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ, - дейди Навоий вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жавлон Ҳасанов. - Шунингдек, тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этиш мақсдга мувофиқдир. Бунда ҳокимлар билан биргаликда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади. 

Ички туризмни амалга ошириш вилоятидаги туркомпаниялар билан ҳамкорликда , қаттиқ санитария-гигиена тартиб қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил этилиши, аҳоли саломатлиги учун ҳар томонлама муҳафаза қилишга эришилади. 

Абдували Бўриев,

ЎзМТДП Навоий вилояти

Кенгаши матбуот котиби