Ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан қабул қилинган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, унда фуқаролар паспорти билан бир қаторда идентификация ID-карта ёки миллий ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланган ҳолда банк хизматларидан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID–карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6065-сонли Фармонига асосан 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини бериш тизими жорий этилган.

Шу билан бирга, 2017 йил 19 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари тизимида давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш ва тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 389-сонли қарорининг 6-бандига асосан янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига шахсни тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга киритилган мазкур ўзгартиришлар банк ва мижоз ўртасида шахсни тасдиқловчи ҳужжат маълумотларини тақдим этиш билан боғлиқ тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.