Ушбу Форум Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (AKIS) ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) томонидан Европа Иттифоқи (ЕИ), БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Европа Иттифоқи ASK Facilty дастури ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД)нинг молиявий ва техник кўмагида ташкил этилди.
II Миллий форумнинг ишида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ISCAD, AKIS, ФАО, БМТТД ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг очилиши маросимида сўзга чиққан Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқов ўз сўзида ҳукумат тадқиқотчиларни илм-фан қандай янги билимларни яратиши зарурлиги, бундай билимлар ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ҳаётига қандай ижобий ўзгаришлар олиб келиши ҳақида фикр юритишга чорлаётганини таъкидлаб ўтди.
Қишлоқ хўжалиги секторида олиб борилган самарали тадқиқотлар ички ва ташқи бозор учун сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни етказиб беришга ёрдам беради. Бу эса, ўз навбатида, халқ фаровонлиги ва тараққиётга хизмат қилади.
Европа делегациясининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари бўйича истиқболлари ва унинг Ўзбекистон аграр озиқ-овқат сектори трансформациясига таъсирига эътибор қаратди.
Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази директори Алишер Шукуров Миллий қишлоқ хўжалиги тадқиқотларининг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш, қандай қилиб жорий ва келгуси халқаро молиялаштириш имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш мумкинлиги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска ҳамда Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббус (CADI) лойиҳаси координатори Нариман Нишанов ҳам кириш сўзлари билан иштирок этди.
Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хонимнинг фикрича, Европа Иттифоқи мамлакатларнинг аграр озиқ-овқат секторида тадқиқот ва инновацияларнинг кенг жорий этилишини иқтисодий ўсиш ва барқарор тараққиёт учун муҳим деб билади. Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги тадқиқотларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаши қайд этилди.
Форумнинг 100 дан ортиқ иштирокчилари 3 та шўъбага бўлиниб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқланиш, барқарор сув ва ер бошқаруви ҳамда иқлим ўзгариши ва қўшимча қиймат занжирлари, экспорт ва импорт, бозорлар каби мавзуларни кенг муҳокама қилди.
Тадбирда Миллий қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат илмий тадқиқот дастурининг стратегик йўналишлари бўйича келажакда кутилаётган натижалар ва кўрсаткичларни аниқлаш, тадқиқотлар ва тармоқ инновациялари ёрдамида стратегик мақсадларга эришиш, стратегик йўналишларнинг таркибий қисмларини жорий имкониятлар бўшлиқларини белгилаш юзасидан вазифалар бажарилиши масалаларига урғу берилди.
Икки кун давом этган мазкур тадбир қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат илмий тадқиқотлари кўмагида аграр секторни амалий ривожлантириш платформаси вазифасини ўташга хизмат қилди.
Форум якунида 3 стратегик йўналишдан иборат янги Миллий қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат илмий тадқиқот дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.