Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати азал-азалдан сақланиб қолганлиги барчамизга сир эмас албатта.
2021 йил 10 апрелдаги “II халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 17-20 сентябрь кунлари Нукус шаҳрида II Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтмоқда. Ушбу Халқаро фестивалга дунёнинг 22 давлатидан 44 та иштирокчи ва 60га яқин хорижий меҳмонлар иштирок этмоқдалар.
Жумладан, ЮНEСКО, ТУРКСОЙ каби халқаро ташкилот мутасаддилари, хорижий давлатлардан келган мартабали меҳмонлар, экспертлар, маҳаллий маданий мерос, илм-фан, санъат ва бошқа соҳалардаги экспертлар ҳамда ОАВлари вакиллари давлатимизга ташриф буюришган.
17 сентябрь куни Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савиский номидаги давлат санъат музейи олдидаги майдонда 13 та ҳудудий миллий фольклор ансамблларининг концерт-томоша дастурлари намойиш этилади. Ушбу тадбирларга 22 нафар Ўзбекистон давлат филармонияси, таниқли хонанда ва созандалари, 40 нафар рақс ансамбллар, 61 нафар бахши ва жиров, оқинлари жалб қилинган.
Маданий мерос ҳафталиги расмий каналининг хабар беришича, Тадбирда Нукус шаҳридаги марказий Амфитеатрда II Халқаро Бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиш маросими ва концерт дастури бўлиб ўтади. Тадбирда маҳаллий ва хорижий меҳмонлар, фестиваль иштирокчилари, хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этишади.
Шунингдек, фестиваль доирасида 18 сентябрь куни Нукус шаҳридаги Опера ва бахшичилик санъати мактаб-интернатида «Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясида тутган ўрни» номли халқаро илмий-назарий конференция бўлиб ўтади.
Унга 23 нафар маҳаллий ва 17 нафар хорижий олимлар ҳамда иштирокчилар қатнашадилар.
Конференциядан сўнг 18-19 сентябрь кунлари Халқаро бахшичилик санъати танлови ўтказилади. Танловга 24 нафар хорижий, маҳаллий иштирокчилар ва 10 нафар хорижий кузатувчи меҳмонлар, 5 нафар ҳакамлар ҳайъати аъзолар қатнашадилар.
Тадбирни ўтказишдан мақсад-бахшичилик санъатини республика ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишдан иборат.
Фестиваль доирасида иштирокчилар ва меҳмонлар учун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Халқ учун» миллий операси намойиши ва Мўйноқ туманидаги маданий мерос объектларига экскурсия ташкил этилади.
Фестивалнинг якуний ва ғолибларни тақдирлаш маросими 20 сентябрь куни Нукус шаҳридаги марказий Амфитеатрда бўлиб ўтади.