Марафон мусобақасида қўшниларимиз Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек Россия Федерацияси ҳамда мамлакатимиздан жами 76 нафар профессионал ва ҳаваскор спортчи ўз омадини синаб кўрган бўлса, ярим марафон баҳсларида иштирокчилар сони 529 нафарни ташкил қилди. 3 км масофага ўтказилган югуриш ва юриш мусобақасида эса 779 нафар иштирокчи стартга чиқди. Бундан ташқари, илк бора ташкил этилган экиден баҳсларида турли вазирликлар, идоралар, корхона-ташкилотлар ҳамда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган дипломатик ваколатхоналардан жами 64та жамоа (ҳар бир жамоа таркиби 6 нафар спортчидан иборат) қатнашди. Умумий иштирокчилари сони қарийб 1 800 нафарга етди ва бу Тошкент Халқаро марафони тарихида рекорд кўрсаткичдир.

Мусобақада профессионал ва ҳаваскор спортчилар билан бир қаторда жисмоний имконияти чекланганлар ҳам фаол иштирок этишдики, бу чиндан ҳам таҳсинга лойиқ. Эътироф этиш жоиз, улар нафақат III Тошкент Халқаро марафонида қатнашди, балки белгиланган маррани матонат билан босиб ўтишгада ўзларида куч топа олишди.

Айниқса, марафон баҳсларида асли касби муҳандис бўлган Фидан Якуповнинг 42 км 195 метр масофани 4 соат 21 дақиқаю 54 сония ичида 45-бўлиб босиб ўтганлигига қойил қолмасдан ўзга чора йўқ. III Тошкент Халқаро марафони иштирокчилари орасида жисмоний имконияти чекланганлардан Якупов ёлғиз эмасди.

III Тошкент Халқаро марафони ташкилотчилари бугун мана шундай матонатли ҳаваскор спортчиларни рағбатлантиришга қарор қилди.

Қуйида ана шундай матонатли ҳаваскор спортчилар билан танишинг:

Фидан Фаритович Якупов – 1989 йил 28 декабрда туғилган.

ПСК "БРИГ" МЧЖ ишлаб чиқариш техник бўлими етакчи муҳандиси

Марафон мусобақасида 12-рақам остида рўйхатдан ўтган, маррага 45-бўлиб етиб келган. Натижаси: 4:21.54

Шуҳрат Раҳимбердиевич Тошпўлатов – 1978 йилда туғилган.

"Сибирское здоровье" МЧЖнинг регионал (ҳудудий) директори

Яриммарафонда 332-рақам билан рўйхатдан ўтган, 395 нафар иштирокчи орасида 200-бўлиб маррага етиб келди. Натижаси: 2:04.42.

Даниил Александрович Бронский – 1990 йил 9 майда туғилган.

1-гуруҳ туғма ногирон. Яриммарафонда 19-рақам билан рўйхатдан ўтган. Натижаси: 4:21.54

Сергей Сергеевич Учаев – 1973 йилда туғилган.

“Ишонч ва ҳаёт” ННТ Бошқаруви раиси.

3 км масофага ўтказилган пойгада иштирок этди. 1073-рақам билан рўйхатдан ўтган. Натижаси: 0:30.42.

Ушбу ҳаваскор спортчилар III Тошкент Халқаро марафони ташкилотчилари томонидан тақдирланди. Бу эса уларни янада руҳлантириш баробарида келгуси мусобақаларда ҳам иштирок этиши учун рағбат вазифасини ўтайди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати