Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, қатор вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасаларидан вакиллар, ички ишлар органи фахрийлари, профессор-ўқитувчилар, битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир аввалида саф майдонига Академия жанговар байроғи олиб кирилди. Таълим маскани раҳбари, полковник Рустам Хатамов битирувчилар ва уларнинг ота-оналарини муборакбод этди.
Айтиш жоизки, жорий ўқув йили якунида Ички ишлар вазирлиги академиясининг кундузги таълим йўналишини “тезкор-қидирув фаолияти”, “тергов фаолияти”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “эксперт-криминалистика фаолияти”, “хизмат фаолиятини психологик таъминлаш фаолияти”, “йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти” ҳамда “жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” мутахассисликлари бўйича 631 нафар курсант тамомлади.
Курсантлар эгаллаган назарий билимларини ўқув жараёни давомида ҳудудий ички ишлар органларида ташкил этилган иш ўрганиш амалиётларида мустаҳкамлаб бордилар. Битирувчилар ўқув дастурлари бўйича Якуний давлат аттестация имтиҳонларини топшириб, малакавий диплом ишларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар.
Битирув тадбирида ёш лейтенантларга дипломлар тантанали равишда топширилди. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан 18 нафар аълочи курсант имтиёзли диплом билан, яни бир нафар курсант эса “катта лейтенант” махсус унвони билан тақдирланди.
Шундан сўнг Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўз олиб, муҳтарам Президентимиз ички ишлар органларини халқ манфаатларига хизмат қиладиган профессионал тузилмага айлантириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталди.
Тантанали тадбирда биритувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан ёшлар таълим-тарбияси йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати