Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 2022 йилдан буён ташкил этиб келинаётган мазкур танловнинг бу йилги республика босқичи Бўстонлиқ туманида жойлашган ИИВ «Оқтош» оромгоҳида юқори савияда ташкил этилди. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичларида республика бўйлаб 300 дан ортиқ оила иштирок этган бўлса, саралашлар якунларига кўра энг муносиб деб топилган 19 та оила республика босқичига йўлланма олди.
Тадбирда вазирлик раҳбарияти, маънавият ва маърифат соҳаси вакиллари, ижодкорлар ҳамда жамоатчилик фаоллари қатнашди.
Иштирокчилар «Таништириш», «Бу менинг оилам», «Биз китобхон оиламиз» каби шартлар асосида ўзларининг ҳаёт тарзи, оилавий анъаналари, китобхонлик маданияти ва ижодий салоҳиятини намоён қилди. Миллий қўшиқлар, шеърлар, саҳна кўринишлари ва рақслар танловга кўтаринки руҳ бағишлади.
Танлов якунига кўра:
- 1-ўринни Навоий вилоятидан катта сержант Розиқовлар оиласи;
- 2-ўринни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратидан майор Абдуллаевлар оиласи;
- 3-ўринни Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментидан майор Жумабоевлар оиласи эгаллади.
Шунингдек, қатор иштирокчилар турли номинациялар бўйича ҳам тақдирланди. Хусусан:
- «Зукко оила» — Тошкент вилояти ИИББ катта сержант Тўхтасиновлар оиласи;
- «Фаол оила» — Тошкент шаҳар ИИББ майор Розиқовлар оиласи;
- «Ибратли оила» — Андижон вилояти ИИБ капитан Аббосхоновлар оиласи;
- «Ижодкор фарзанд» — Фарғона вилояти ИИБ майор Асқаровлар оиласи;
- «Спортчи оила» — Жазони ижро этиш департаменти Бахриддиновлар оиласи.
Тадбирда сўзга чиққанлар оила жамиятнинг энг мустаҳкам пойдевори эканини, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун аҳил ва соғлом оила муҳити муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.