Суҳбат аввалида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг устоз адибимиз умр йўлига берган таърифи кўнглимиздан ўтди: “Иброҳим аканинг ҳаётида ҳаловат бўлмаган, умри меҳнатда ўтган. Ҳозирги адабиёт соҳасидаги барча ёзувчи ва шоирларимиз бу инсонни устоз дейди. Бу инсонга ҳалоллик ва поклик бўйича муносиб бўлишга ҳаракат қилади. Очиқ гап, мен Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов билан дўст эдим. Абдулла Орипов билан Зомин мактабини ташкил қилган эдик.
Эркин Воҳидов билан эса, кечалари ҳам гаплашардик. Эркин аканинг бир гаплари бўларди: агар ўзбек тилининг буюклигини билишни хоҳласанг, Иброҳимжондан сўраш керак. Севиб гапирардилар. Иброҳим ака адабиётимизнинг ана шундай забардаст намояндаси. Иброҳим акага ўхшаган ҳалол инсонлар бизга ўрнак бўлиши керак. Ҳаётда, меҳнатда, умрда. Битта стол, ручка ва битта хона. Бошқа бирор нарсани бу инсон ўзи учун эп кўрмаган. Мана шундай инсон, албатта, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлишга лойиқ!”.
— Ҳозиргина кутубхонангизда янги китоблар билан танишаётиб, Абдурауф Фитратнинг “Маданият деган ғарбли олбости, кўринг бунинг кўкрагидан ўқ бости”, деган ташвишли мисраларини эсладик. Маданият, адабиёт ва санъат масаласи ҳамма даврларда ҳам халқ, миллат руҳиятининг устуни сифатида зиёлилар эътиборида, эътирофида, ташвишу ўйларида бўлиб келган. Шу боис ҳам Президентимиз 2017 йилнинг 3 август куни юртимиз зиёлилари, таниқли адиблар, шоирлар, маданият ва санъат арбоблари билан учрашиб, жуда долзарб мавзуларни ўртага ташлади.
— Бу тарихий-маданий учрашув юртимиз зиёлилари, ёзувчиларнинг ёдида ўчмас хотира бўлиб қолган. Чунки ўшанда санъаткорлар, ижодкорлар ҳаётига катта ўзгаришлар олиб кирган, уларнинг олдидаги залварли дарвозалар, йўлларни очган суҳбат бўлган эди. Суҳбат бўлганида ҳам ғоятда жонли, ҳаётий, ҳаққоний кечган. Ўша учрашувда давлатимиз раҳбари биз ижодкорларга юзланиб, “Мен сизларнинг олдингизга шунча долзарб мавзуларни, муаммоларни қўйдим, буёғига энди ғайрат қилиш ижодкорларга!
Чунки бизнинг адабиё тимиз эркин адабиёт, ёзувчиларимиз ҳам эркин ижодкорлардир”, дея таъкидлаган эди. Муболаға эмас, ўшанда биринчи марта давлат раҳбарининг тилидан эркин адабиёт, эркин ёзувчилар, деган жумлалар баралла дадиллик билан айтилган. Ёзувчилар мана шу таъкидни ўзларига дастуруламал, олижаноб йўлчи сўзлар сифатида қабул қилган.
Шундан сўнг кўплаб янги асарлар дунё юзини кўрди. Бу асарларни, шеърларни, санъат намуналарини биз мустақиллик даври адабиёти ва санъати мезонларига кўра баҳоладик. Ва тўғри қилганмиз. Шунинг билан бирга ўзим англаган, кузатган бир жараённи айтиб ўтишим лозим: менинг назаримда, Президентимиз Адиблар хиёбонида таъкидлаган вазифалар ва мезонлардан сўнг адабиётимизда ҳам, санъатимизда ҳам янги давр бошланди.
— Бу сўзларни бежиз таъкидлаб айтмадингиз, назаримда. Яъни ушбу давр янги номга муносиб аталиши лозим?
— Албатта. Мустақиллик даври адабиётидан келиб чиқадиган, унинг энг яхши фазилатларини, хислатларини, йўлйўриқларини давом эттирадиган янги бир адабиёт эшиклари очилди. Мен янги асарларни мундарижасигача ўқиб, ёзувчи ва шоирлар ўшандан буён ўз олдига қандай вазифа ва мақсад қўяётгани, унга қандай бадиий воситалар билан эришаётганига қизиқдим. Уларнинг маҳорати, образ яратиш, ҳаётни бутун мураккаб дунё жараёнларига қиёсан тасвирлаш қай даражада бўляпти, деган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдим.
Шундай бир хулосага келдимки, биз ўтган ўттиз йил ичида ўсиб, ўзгариб, қанчадан-қанча курашлару қийинчиликларни енгиб келар эканмиз, ўз ўтмишимизга ҳар доим ҳам холис баҳо бермаяпмиз. Янги тарихимизни янгича қараш ва изланишлар билан ўзгартиришимиз керак. Ана шу мустақиллик даври адабиётини энди янги шароит ва йўналишларда, янги ғоявий-сиёсий, ижтимоийинсоний даражада давом эттириш вазифаси олдимизга қўйилди.
Шунинг учун мана шу вазифалар ва мақсадларнинг бутун жамулжамлигини олиб қараганда, 2017 йил 3 августдан кейин бошланган миллий адабиётимизни майдон ва мавзулар эркинлиги нуқтаи назарига кўра, Ренессанс (Хиёбон даври) адабиёти деб атагим келади. Бу жуда ўзига хос ном. Пойтахтимиз марказида, Алишер Навоий ҳазратларининг пойқадамида Адиб лар хиёбони дунёга келди. Барча улуғ адибларимизнинг ёдгорликлари мана шу хиёбон ичида қад кўтарди.
Улар қошида деярли ҳар куни ёшу қари шеър, монологлар ўқияпти, маънавият-маърифатдан суҳбат қур япти. Ана шу жараёнда халқимизнинг қалби, маънавий диди тарбияланяпти, юксаляпти. Ёзувчиларимиз ва шоирларимиз эса ҳар йили ажойиб романларни, драмаларни, шеърий асарларни дунёга келтиряпти. Шунингдек, бу даврда Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповнинг бир нечта сайланмалари нашр қилинди.
Бу китобларни ўқисак, ёнгинамизда шундай улуғ одамлар яшаб ўтганидан ҳайратга тушамиз. Уларнинг ҳаёти ва ижоди билан танишар эканмиз, бу инсонлар Ватан учун, халқ учун курашар экан, минг изтироблар ичида яшаганига гувоҳ бўламиз. Бироқ юрт келажагига бўлган буюк ишонч, муҳаббат балқиб туради ушбу ижод намуналарида. Жавонимиздаги мана бу китоблар эса ёзувчи Хайриддин Султон қаламига мансуб. “Машҳур пресс” нашриётида чоп этилган ушбу асарини адиб “Навоий — 30” деб атаган ва унга “Жанри йўқ китоб” деб ғайриоддий изоҳ берган.
Китобни варақлар экансиз, устоз адиблар — Миркарим Осим, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Сарвар Азимов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ваҳоб Рўзиматов, Машраб Бобоев ва бошқа кўплаб улуғ истеъдодлар ҳаётидан олинган турфа хил ҳикояларни ўқиб, ўзингизни беихтиёр уларнинг даврасида юргандек, гўзал ва файзиёб суҳбатларидан баҳраманд бўлаётгандек ҳис этасиз. “Одамлардан тинглаб ҳикоя” китоби эса ўттиз битта янги ҳикоядан иборат.
Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Адабиёт” нашриётида янги “Наср гулшани” рукнида илк китоб сифатида чоп этилди. Тўпламга киритилган ҳаётномаларни муаллиф тўқиб чиқарган эмас, у фақат одамлардан эшитган ва бор ҳолида қоғозга туширган, холос. Ҳар бир қаҳрамон тақдирида шундоқ ёнимизда яшаётган турли инсонларнинг тарихи ва қисмати, бахтию бахтсизлиги, қувонч ва қайғуси ўзининг бадиий ифодасини топган.
70-йиллардан буёғини олиб қарасак, одамлар совет иттифоқи деган ижтимоий тузум даврида қандай яшагани, қандай аламли воқеаларни бошидан кечиргани, аёвсиз курашларда тоблангани, ўзларини қай жиҳатдан миллатпарвар сифатида намоён қилгани асарда ўз ифодасини топган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг 4 томлик сайланмасини олайлик. Бу китобларда бутун инсоният тарихи бадиий образлар орқали очиб берилган.
Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг 4 томлик китобига киритилган роман ва қиссалари эса ўзбек адабиётида пайдо бўлган янги йўналишнинг ижод фалсафасини сизга тақдим этади. Назар Эшонқул ижоди илк қадамлариданоқ адабиёт ихлосмандларининг эътиборида бўлиб келмоқда. Ёзувчининг ҳеч бир ижодкорга ўхшамаган йўли бор. Ҳар бир ёзганини кузатиб, улардаги бадиий тас вир, мушоҳада кенглигидан ҳайратланиб келаман.
Бу ёзувчиларимизнинг асосий асарлари Мустақиллик адабиёти даврида яратилган бўлса-да, мазкур асарлар Ренессанс даври адабиётига тамал тоши қўйгани билан аҳамиятли. 2021 йилда биз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонладик. Ўша тантаналар арафасида эса ёзувчи Исажон Султон “Алишер Навоий” романини ёзди. Ойбек домладан сўнг бу ишга қўл уришнинг ўзи ижодкордан анчагина меҳнат ва жасорат талаб қилади.
Ёзувчининг бу катта қадами, жасорати Президентимиз томонидан ҳам юксак баҳоланди. Исажон Султонга Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони берилди. Шу ўринда ёзувчи Луқмон Бўрихон ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Бу ижодкор ёзган кўплаб асарлар шу кунгача ҳам ўқувчиларнинг эътиборига, меҳрига сазовор бўлган. Лекин куни кеча Луқмон Бўрихон “Имом Мотуридий” деб номланган бир ажойиб романни, адабий солномани ўқувчиларга тақдим қилди.
У тарих ва замон талабини ҳисобга олиб IX-X асрларда яшаган буюк илоҳиётшунос аллома, калом илмининг мўъжизакор асосчиларидан бири, улуғ аждодимиз Абу Мансур Мотуридий ҳаётига бағишлаб катта бадиий асар ёзишга жазм этибди. Муаллиф ўз романида ўша замонлар авж олган диний-илмий, илоҳий нуқтаи назарлар жуда кескин баён қилинган мунозаралар муҳити ва оқимларни ичидан кўрсатади.
Имон-эътиқод ўша давр кишилари учун қанчалар ҳаёт-мамот қадар аҳамиятли бўлганига эътибор қаратади. Бу осон эмас. Ёзувчи қанчадан-қанча қўлёзма манбаларни кўриб чиқди. Албатта, бу фалсафий-тасаввуфий роман, Мотуридийнинг ҳаёти тўла фактлар асосида тасвирланган деб айтолмаймиз. Бу ерда қанчадан-қанча бадиий тўқималар ҳам бор. Лекин улар Мотуридийнинг асл ҳаётини очишга, ўқувчи кўз ўнгида ҳаққоний бир бадиий сиймони яратишга хизмат қила олган.
Ижодкорнинг бу интилиши таҳсинга лойиқ! Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукур 2022 йил июнь ойида 14-Туркий халқлар шеърият фестивалида “Қалдирғоч” шеъри учун Бахтиёр Ваҳобзода номидаги бош мукофотга сазовор бўлди. Шунингдек, серқирра ижодкор 2016 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган туркий тилли адиблар анжуманида “Туркий тиллар шарафи” мукофотига ҳам сазовор бўлган эди. Айни даврда ўзбек ижодкорларининг асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинаётгани ва халқаро мукофотларга сазовор бўлаётгани барчамизни қувонтиради.
— Бугунги адабий жараёнда аёл ижодкорлар ҳам асло бўш келмаяпти. Уларнинг ўзбек адабиётида, публицистикасида олиб бораётган изланишларини қандай баҳолайсиз?
— Муҳтарама Улуғова бу йил қутлуғ 70 ёшни қоралайди. Бу шоирамиз Зулфия опамнинг энг ажойиб шогирдларидан бири. Адабиётга, миллатга, юртимизга, Ўзбекистонимизнинг ҳозирги йўлига ниҳоятда садоқатли шоиранинг оловли шеър лардан иборат тўплами билан бирга ажо йиб бир публицистик тўплам — “Изтироблар ҳаловати” деб номланган китоб ҳам дунёга келди. Уни варақлаган ўқувчи жуда ҳам кескин, ажойиб бадиий тафаккури бор бу ижодкорнинг ёзганларини ҳавас билан қизиқиб ўқийди. Давримизнинг долзарб мавзулари қаламга олинган мақолалар Зулфия опамнинг ёниб-куйиб ёзган публицистик дафтарларига ўхшаб одамни тўлқинлантириб юборади. Зулфия опамизнинг садоқатли шогирдларидан яна бири Қутлибека Раҳимбоеванинг “Чақмоқлар фасли” деб номланган шеърлар тўплами нашрдан чиқди.
Қутлибека, “Менинг ҳам бобо юрт, ота юртим — шу. Кўз очиб кўрганим — Кунга яқин ер, Кўзларим юмилса, ётар юртим шу”, деб тан олган жаннатмонанд Ўзбекистоннинг содиқ фарзанди сифатида унинг ҳар бир ютуғи, ниш ураётган ҳар дона майсаси, ёғаётган томчи ёмғири, эсаётган шамолидан ҳам гўзаллик излаётган ижодкор. Унинг ихчамгина “вужуди ишқ билан, ҳайрат билан” қорилган. Шунинг учун ҳам ҳар бир шеърида сизга шодлигу ҳасратини яширмай айтади.
“Чақмоқлар фасли” шоира нинг 70 йиллик ҳаёти изҳорларидир. Шу кунларда Фарида Афрўзнинг “Ўшал кун бугундир” ва “Етти тасбеҳ ёхуд минг бир кеча” китобларини ҳам ўқиб чиқдим. Ижодкор ўзига хос учлик шаклларини топганига қойил қолдим. Мана шу учликларга ўз ҳаёт тажрибаларини, ижод вулқонларини, қийноқларини сингдирган. Еттита тасбеҳ ичида инсон кўриши мумкин бўлган ва ҳатто кўрмай қолган нарсаларни ҳам ифодалашга ҳаракат қилган.
Булар гарчи ўта бадиий пардозланмаган бўлса-да, ҳаёт ҳақиқатларини ўзига хос тасвирлаган. Энг муҳими, шоира бу китобларда ҳар бир сўзини катта масъулият билан қоғозга туширишга ҳаракат қилган. Ўша 3 август шоввалари, илҳомлари майдонга келтирган асарлар булар!
Ҳозирги кунда “Адабиёт”, “Ўзбекистон”, “Шарқ”, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётлари ҳамда “Янги аср авлоди” каби хусусий нашриётлар ҳам ўзгача мезонлар, тамойиллар асосида иш юритмоқда. Ўқувчиларга ҳақиқий санъат асарларини етказишга ҳаракат қилмоқда. Ҳолбуки, бу нашриётларнинг аксарияти бундан 5-6 йил аввал жуда катта қийинчиликлар ичида қолган эди.
Улар тиришиб-тирмашиб бозор иқтисодиётининг рақобат майдонида йўқ бўлиб синиб кетмасдан Ўзбекистоннинг ҳақиқий майдонидаги таянч маданият ярата оладиган нуфузли нашриётларига айланиш учун астойдил кураш олиб бормоқда.
Масалан, “Шарқ” нашриёти ёзувчиларимизнинг танланган асарларини ўзгача шакл да, йўналишда катта ҳурмат ва эътибор билан салмоқли тарзда чиқараётгани қанчадан-қанча мухлисларни қувонтирмоқда. Ёзувчи Шароф Бошбековнинг шу серияда чоп этилган сайланмасини олсак, бу китобдаги асарларни ўқисангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Шу пайтгача чиқмаган эди бундай сайланма китоб. Ҳатто ёзувчининг ўзи кўролмай кетди.
— Устоз, ўша муҳим учрашувда яратилаётган асарлар, китоблар, фильмлар, кўргазмалар ва концертларни таҳлил қилиб берадиган мақолалар, тақризлар, камёб ҳодисага айланиб бораётгани ҳам айтиб ўтилган эди...
— Чунки буларнинг ҳаммасини одамлар ўқиб улгурмаяпти. Ёки ижтимоий тармоқлардаги суҳбатлар юртдошларимизнинг вақтини бутунлай банд қилиб қўймоқда. Дейлик, Муҳтарама Улуғованинг “Изтироблар ҳаловати” номли публицистик мақолалар тўпламини ўқиб чиқиш учун бир ой вақт керак. Одамнинг вақти ўзи учун ғоятда қимматли. Қолаверса, китоб ўқиш осон эмас. Масалан, мен китобларни лупа, яъни ҳарфларни катталаштириб кўрсатадиган асбоб ёрдамида ўқийман. Ижодкорлар ўша банд вақтини қизғонадиган мунаққиднинг эътиборини торта олиши, завқ уйғота олиши керак.
Сизга шу ўринда Чўлпоннинг шеърини айтиб берай: Ҳар қадам йўл. Ҳар қадам йўлда минг хато, янглиш. Шу учун кўп керак эмас шошилиш. Ўй керак, ўй керак, тушунча керак. Хавфлидир чунки англамай юриш.... Мана Чўлпон вақтни қадрлашни, ҳаётга мазмун киритишни, фикр юритиб яшаш лозимлигини қандай тасвирлаган. Ҳаётда ҳар бир қадамга ҳушёр назар ташлашимиз кераклигини охирги пайтдаги воқеа-ҳодисалардан ҳам билиб турибмиз.
Чиндан ҳам фақат ўйлашнинг ўзи етмайди, тушунча ҳам керак бўлади. Янглиш қадам қўйилганида юрт, халқ миқёсида олиб қаралганида бу янглишлар таъсири ёйилиб-ёйилиб кетиши мумкин. Шунинг учун давлатимиз раҳбари, ўз маърузаларидан бирида “Китоб ўқиган, ўзининг устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади. Шунинг учун ҳеч кимни писанд қилмайди. “Катталар”- га хушомад қилмайди. Унинг билими бор, илми бор. Мана нима учун китоб ўқинглар деймиз. Китоб ўқисангиз савол беришни биласиз”, деган эди. Халқимиз Алишер Навоий, Машраб, Ҳувайдо, Чўлпон, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларни ўқиб ўзига маънавий озуқа олган. Фикрлаб яшашдан, қалб гўзаллигидан, дунёга эзгу назар билан қарашдан завқланган.
— Ренессанс адабиётининг хусусиятлари, унинг асосий тенденциялари ҳақида айтиб ўтсангиз.
— Президентимиз таклиф қилган мавзулар, мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда янги Ренессанс адабиёти мустақиллик адабиётидан қўр олмоқда. Янги-янги одамлар кириб келмоқда. Президентимиз ҳар сафар ёшлар ҳақида сўзлаганида ҳаяжон билан тўлиқиб, уларнинг тақдирига, келажагига қизиқиб қарайди. Мен давримиз ёшларининг кўзларида ҳамиша орзу, олға интилиш, ишонч, умидбахшлик кўраман. Ҳеч қайси бирининг кўзида мунг кўрмайман. Барчасининг мақсади илм олиш, касб ва ҳунар эгаллаш, тил ўрганиш. Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари деган ғоянинг замирида қанча яхши гаплар бор. Фақат бу гапларни тан олиш керак.
Табиийки, тан олмайдиганлар ҳам бор. Ҳар қандай эзгу ғояни гумонга, ёмонликка бурадиганлар ҳамма замонда ҳам бўлган. Яхшилаб ўйлаб кўрсак, разм солсак, “Миллий тикланишдан миллий юксалишгача” деган ғоя халқ ҳаётини, мундарижа мазмунини янги бир ўзанга солиб боряпти. Фикр тарбияси юксалиб бораётгани бугунги авлод руҳиятида намоён бўлмоқда. Яна шуни ҳам айтиб ўтишим зарурки, бизнинг Ренессанс адабиётимиз шу давргача кашф этилган инсон ҳақидаги бадиий таълимотларни бойитадиган, уларни янги йўлга соладиган адабиёт бўлади. Хайриддин Султоннинг “Навоий — 30”га киритган ҳикоялари ҳам янги адабиётдан дарак бермоқда.
Бу ҳикояларда бутун ўзбек зиёлилари характери ҳар доимгидан бошқача усулда очиб берилган. Жорий йилда академик Наим Каримовнинг “Маҳмудхўжа Беҳбудий” номли янги тарихий ҳужжатли романи ҳам чоп этилди. Беҳбудий ҳақида ёзилган асарлар жуда кўп, лекин Наим Каримов жадидларимиз ҳаётини тадқиқ қилиб келаётган фидойи олимларимиздан. Бу асар аниқ маълумотлари ва асосли шарҳлари билан сизни ўзига мафтун қилиб қўяди. Мазкур китоб Ренессанс адабиётининг тенденциялари асосида ёзилган. Мазкур тенденциялар тўғри шаклланиб бораётгани учун бу каби асарлар ўқувчини ортидан эргаштирмоқда.
Қолаверса, бугунги кун одамлари янгича тамойиллар, мезонлар асосида яшашга интилмоқда. Инсон ҳақидаги бадиий таълимотлар ахлоқни ҳам, социологияни ҳам ўз ичига олади. Ҳозирги бўлаётган бутун инновацион жараёнларни ҳам қамрайди. Ўзбекистонда аҳолининг янги қатламлари шаклланмоқда. Айтайлик, давлат хизматчилари, бизнес ва бозор иқтисоди билан шуғулланадиган қатламлар бор. Агросаноатдаги қатламлар-чи? Ҳозирги фермерлар қандай ўғитни қанча солайлик, қачон суғорайлик, деб рухсат сўраб ўтирадиган деҳқонлар эмас. Улар агротехникани, агрокимёни, агробиологияни, нима фойдаю, нима зарар эканини яхши билади.
Бунинг устига Президентимиз ҳар бир учрашувда пахтага, ғаллага жуда катта эътибор қаратяпти. Чунки ҳозирги пахта етиштириш жараёни илгаригисидан анча фарқ қилади. Илгари пахта туфайли халқимиз катта қийинчиликларга дуч келган, мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Ҳозирги пахта собиқ шўронинг пахтаси эмас. У пайтдаги индустрия йўқ бўлиб кетди. У пайтдаги индустрия халқни қул қилдирадиган, касал қиладиган индустрия эди, ҳозиргиси эса бойитадиган индустрия. Сув танқислиги шароитида ҳам фермерларимиз 43-50 центнердан пахта етиштиряпти. Дунё бозорига олиб чиқяпти.
Қаерда одамлар фаолиятга, ишга ташна бўлса, ўзи бир нарсани қўли билан, кўзи билан, ақлу идроки билан бутун толеи даражасида яратишга ҳаракат қилса ана шу ишга ташналик бўлади. Ҳар куни гапирамиз “Обод маҳалла”, “Учинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон” деган ғояларни. Лекин буларнинг тагида шундай бепоён чўнг мазмундорлик ётибдики, буни бирма-бир санасангиз, ўнлаб тарихий китоблар ёзилиши мумкин. Юртимизнинг қай бир ҳудудига назар ташламанг, одамнинг қалбини яйратадиган, кўзини қувонтирадиган ўзгаришлар содир бўляпти. Келажакка ишонч, умид билан балқитадиган ҳодисалар рўй бермоқда.
Мен жуда кўп маҳаллаларга бориб айланиб юраман. Чиройли, кўркам ва озода кўчаларда, текис йўлкаларда одам юргани сайин юргиси келади. Шундай ажойиб маҳаллалар илгари ташландиқ бўлиб ётган пайтларида кўринг эди... Бу ҳолат одамларнинг юрагига ҳам урган эди. Ташландиқлик, қаралмаслик, қарашга қобил бўлолмаслик... Бу ҳолат уларнинг юрагини ҳам зада қилиб ташлаган эди.
Мана ҳозирги маҳаллаларни кўринг юрганингиз, кузатганингиз сайин кўнглингиз очилади, хурсанд бўласиз, бўлар эканку, дейсиз. Бу ютуқлар соҳаларнинг жуда чуқур илм-маърифатли эгалари билан бўлади. — Ўзбекистон халқ ёзувчи Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романини, ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий” романини ўзгача бир йўналишда ёзилган асарлар деб айтдингиз. Бу ўзгаришлар ислом маърифатига бўлган эътиборнинг кучайганидан эмасмикан? Президентимиз 2017 йил 3 августдаги учрашувда Ўзбекис тонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил қилиш ташаббуси билан чиққан эди. Назаримизда, мана шу саъй-ҳаракатнинг ортидан ижодкорлар қалбига ўзгача умид, маърифат ёғдуларига бўлган интилиш кириб келди. Ва мана шу жараёнда тасаввуф адабиётининг кўринишлари адабиётимизда пайдо бўла бош лади...
— Албатта, Ренессанс адабиёти қаҳрамонлари иймонли, ирфоний билимларни ҳам, илоҳий билимларни ҳам, диннинг халққа таъсири, халқнинг ахлоқини тартибга келтиришга бўлган куч-қудратини ҳам тан оладиган одамлар бўлади. У диннинг моҳияти ҳақида ўйлайди. Диний тушунчалар одам қалбига қандай ахлоқий, маънавий, ғоявий, мафкуравий фазилатларни сингдириши мумкинлиги борасида мулоҳаза юритади. Азалдан ирфоний ахлоқлар орқали халқни бирлашишга чақиришган. Илоҳий китоблар бекорга ёзилмаган. Инсониятнинг тартиб-интизоми, танзимоти учун ёзилган. Баъзи бир ёзувчилар дин ҳақида ёзсам ўқувчиларга ёқаман, деб ўйлайди. Йўқ, ундай эмас. Дин ҳақида кам деганда Яссавийга ўхшаб ёзиш керак. Ёзиладиган асарнинг мазмун-моҳияти халқни олға бош лаб борадиган, одамлар ҳаётига ахлоқий гўзаллик ларни кирита оладиган бўлиши лозим. У шундай ғоя бўлсинки, инсон ўлим ҳақ эканига ишонсин. Аллоҳнинг ягоналигига имон келтирсин. Бу борада ниҳоятда чуқур ўйламоқ ва ифодалай олмоқ муҳимдир!
“Янги ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.