Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида тармоқ ходимлари ва ўқувчилари ўртасида кўплаб танловлар ташкил этилиб, таълим соҳасида меҳнат қилаётган педагог - ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг билим савияларини юксалтириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 2021 йил 18 ноябрдаги “Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Касаба Уюшмаси Федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги 329-сонли умумтаълим мактабида “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловининг шаҳар босқичи ўтказилди. Мазкур танловда Тошкент шаҳридаги 12 та тумандан танловнинг туман босқичида ғолиб бўлган 10 ҳамда 11 синф ўқувчи иштирок этди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлари ёритилган тақдимотлар кўпчиликда катта таассурот  қолдирди. Танлов Низоми талабларига жавоб бера оладиган 3 нафар ўқувчи ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан аниқланиб, танловнинг мутлоқ ғолиблигини қўлга киритди. Танлов якунида ғолибларга ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилди.