Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Республика болалар кутубхонаси ҳамда Халқ таълим вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган китобхонлик кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Айтиш жоизки, ёшларни китобхонликка жалб қилиш мақсадида Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги ва Республика болалар кутубхонаси ўртасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ижодий мулоқотлар, китобхонлик байрамлари, китоб кўргазмалари шулар жумласидан.
Бу жараёнда ҳамкорликда ташкиллаштирилаётган “Китоб тақдимоти”, “Адабиёт кунлари”, “Китобим-офтобим”, “Энг яхши китобхон ўқувчи”, “Китобхонлик фестивали”, “Китобхонлик ҳафталиги” каби лойиҳалар мутолаа маданиятини оширишда аҳамиятлидир. Учрашувларда устоз ижодкорларнинг маҳорат сабоқлари, суҳбатлари ўқувчиларга катта мактаб вазифасини ўтамоқда.
Республика болалар кутубхонаси томонидан ёзги таътил вақтида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида “Йил ҳикояси”, “Йилнинг энг истеъдодли ёш шоири”, “Энг истеъдодли ёш китобхон”, “Мустақиллик мадҳи – болалар ижодида” каби мавзуларда 10та кўрик-танлов ташкил этилди.
Мазкур танловларга 100 минг нафарга яқин ўқувчи қамраб олинди. Ёшларнинг ижодий ишлари ёзувчилар, шоирлар томонидан саралаб олинди ва ғолиблар аниқланди. Тантанали тадбирда ушбу танловлар ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.