Энди тараққиёт шароитида инсоннинг руҳий ҳолати, психологик барқарорлиги ва ҳаётга мослашув даражаси ҳам муҳимдир. Зеро, руҳий жиҳатдан барқарор бўлмаган жамиятда ҳеч қандай ислоҳот самара бермайди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида инсон манфаатлари устувор йўналиш сифа­тида белгиланган. “Инсон қадри” тушунчаси давлат сиёсатининг доимий марказида. Ин­сон қадри эса нафақат моддий фаровонлик, балки унинг руҳий осойишталиги, психо­логик ҳимоялангани ва ижтимоий ишончи билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, ёшлар ва талабалар орасида учраётган руҳий зўри­қиш ҳолатлари таълим тизимида психологик ёндашувни кучайтириш заруратини кўрсат­моқда. Бу муаммоларни фақат индивидуал маслаҳатлар билан эмас, балки давлат сиёса­ти даражасида тизимли ёндашув орқали ҳал этиш мумкин.

Психологик барқарор жамият деганда инсоннинг ўз ҳаётини мазмунли ва қадрлан­ган деб ҳис қилиши, келажакка ишонч ва масъулият билан қараши, ижтимоий ва шах­сий муаммоларни ҳиссий издан чиқмасдан, онгли ва конструктив тарзда ҳал эта олиши, шунингдек, жамият тараққиётига дахлдор­лик туйғуси билан фаол ҳаётий позицияни намоён этиши тушунилади. Бундай жамият­да фуқаролар ўз масъулиятини ҳис қилади, ижтимоий фаоллик кучаяди ва давлатга бўлган ишонч мустаҳкамланади. Аксинча, руҳий беқарорлик ҳукм сурган муҳитда иж­тимоий низолар, радикал қарашлар ва бе­фарқлик кучаяди. Шу маънода, психологик барқарорлик ижтимоий хавфсизликнинг муҳим таркибий қисмидир. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида психологик хизматлар фақат муаммога дуч келганлар учун эмас, балки профилактика ва ривожлантириш мақсадида ҳам фаол жорий этилмоқда. Бу эса муаммони оқибатлари би­лан эмас, илдизи билан бартараф этиш им­конини беради.

Ўзбекистон таълим тизимида сўнгги йил­ларда кечаётган ислоҳотлар ҳам айнан шу йўналишга хизмат қилмоқда. Олий таълим муассасаларида психологик хизмат фаолия­тини такомиллаштириш, ёшларнинг ижти­моий мослашувини қўллаб-қувватлаш, хо­тин-қизларнинг руҳий фаоллигини ошириш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда. Би­роқ бугун бу ишларни янада чуқурлаштириш талаб этилади. Айниқса, эмоционал интел­лект, стрессга чидамлилик, иродавий сифат­ларни ривожлантириш масалалари таълим жараёнининг ажралмас қисмига айланиши лозим. Чунки замонавий мутахассис нафақат билимли, балки руҳий жиҳатдан етук, масъу­лиятли ва жамиятда ўз ўрнини топа оладиган шахс бўлиши керак. Бу эса бевосита психоло­гик барқарорлик билан боғлиқ.

Хотин-қизлар масаласида психологик ёндашув бугунги кунда алоҳида стратегик аҳамият касб этмоқда. Чунки барқарор оила барқарор жамият таянчи, оила муҳитининг соғломлиги эса, энг аввало, аёлларнинг руҳий ҳолати, ўзига ишончи ва ижтимоий фаоллиги билан боғлиқ. Аёлнинг психологик фаро­вонлиги нафақат оиладаги муносабатларга, балки фарзандлар тарбиясига, ёш авлоднинг ҳаётга муносабатига ва жамиятдаги умумий ижтимоий иқлимга кучли таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан қараганда, хотин-қиз­лар билан ишлашда психологик қўллаб-қув­ватлаш механизмларини тизимли равишда кучайтириш давлат сиёсатининг муҳим ва устувор йўналишларидан бири сифатида на­моён бўлмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда олий таълим муассасаларида хотин-қизлар психологи штати жорий этилиши бу борада­ги ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди. Бу ташаббус юртимизда хотин-қизларнинг руҳий барқарорлиги, ижтимоий мослашуви ва фаоллигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Мазкур ёндашув таълим муҳитида аёл­лар учун психологик хавфсиз макон яратиш, уларнинг муаммоларини эрта аниқлаш ва профилактик тарзда ечим топиш имконини бермоқда. Энг муҳими, бу ташаббус психо­логик хизматни фақат муаммога дуч келган­да мурожаат қилинадиган восита сифатида эмас, балки ривожлантирувчи ва ҳимояловчи институт даражасига кўтаришга хизмат қил­моқда. Шубҳасиз, бундай тизимли эътибор жамият барқарорлигини таъминлаш йўли­да ташланган муҳим ва таҳсинга лойиқ қа­дамдир.

Холбуви ОДИЛЖОНОВА,

Жиззах давлат педагогика университети хотин-қизлар психологи

Ҳамкорлик материали