Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳимоя тизимини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма дастури доирасида онлайн давра суҳбати ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва БМТ томонидан 2019 йил ноябрь ойида имзоланган дастурий хужжат доирасида ташкил этилди. Ушбу дастур БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.Қўшма дастур Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, хусусан эътибордан четда қолиш хатари остидагилар учун бутун ҳаёти давомида кафолатланган даромад ва ижтимоий ёрдамни таъминловчи сифатли ижтимоий ҳимоя тизимини барпо этиш ва таъминлашда Ҳукуматни қўллаб-қувватлайди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати раиси Т.Нарбаева, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, депутатлар ва Сенат аъзолари, Швейцария ва Швециянинг Ўзбекистондаги элчилари, Барқарор ривожланиш мақсадлари қўшма жамғармаси раҳбари, ЮНИСЕФ, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТнинг Ўзбекистондаги ташкилотлари вакиллари ва халқаро экспертлар иштирок этдилар.

Йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш зарурияти; аҳолининг барча қатламларини манфаатини ҳимоя қилишни таъминлаш учун Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришда маълум йўналишлар; халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон фуқароларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун қонунчилик базасини шакллантиришда ва бюджет параметрларини аниқлашда Олий Мажлиснинг ўрни ҳамда ижтимоий ҳимоянинг миллий тизимини такомиллаштириш жараёнида техник кўмак инструменти сифатида Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни кучайтириш бўйича БМТнинг қўшма дастури тўғрисида хабардорликни ошириш ва бошқа шу каби муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар муҳокама қилинди.

Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов таъкидлаганидек, кучли ижтимоий ҳимоя Ўзбекистоннинг миллий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясининг ажралмас қисмидир. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб ўтилганидек, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш миллий ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, мажбурий ижтимоий кафолатлар берилишини, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтиришни, ижтимоий хизматларни яхшилашни ва аҳолига хизмат кўрсатишда ижтимоий таъминот соҳасида давлат-хусусий шериклик алоқаларини ривожлантиришни назарда тутади. Бундан ташқари, ижтимоий ҳимоянинг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш 2020 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш Давлат дастурига киритилган.

Муҳокамада иштирок этган БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлар вакиллари, халқаро экспертлар ҳам ижтимоий ҳимоя тизимининг асосий самарали элементи сифатида, ногиронликни баҳолаш бўйича ижтимоий ёндашувни ҳам муқокама қилишди.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш бўйича барча ҳаракатларни умумлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Ишчанлик руҳида ўтган мазкур онлайн йиғилишда кун тартибига киритилган барча масалалар бўйича қизғин муҳокама қилинди ва ушбу лойиҳа доирасида ишларни давом эттириш ва янада кучайтириш ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.