Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февраль кунги қарорига асосан, оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли уйларни таъмирлаш, том қисмини ёпиш, ҳамда яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уйларни янгидан қуриш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Қарорга мувофиқ Aмударё туманидаги жами 49 та овул ва маҳаллаларда жойлашган жами 1868 та хонадондан 1856 та уйнинг том қисми ёпиб берилади. Шунингдек, яшаш учун ва таъмирлаш учун яроқсиз бўлган 12 та уй қайтадан қурилади. Қолган 190 та уй эса тўлиқ таъмирлаб берилади.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Aмударё туманидаги барча хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитлари ўрганилди. Ўрганишлар натижасида ушбу оилалар ҳақиқатдан ҳам ёрдамга муҳтож эканлиги аниқланди. Бугунги кунда туманда ушбу уйларни таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари бошлаб юборилган.
Aмударё туманининг Бўз ёп овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Aмат Базарбаев яккаю, ёлғиз яшайди. Фуқаронинг уйи ҳақиқатдан ҳам яшашга яроқсиз аҳволга келиб қолган. Унинг уйи бугунги кунда “Гўна қалъа Манғит” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 2 хонали замонавий услубда қайта қурилмоқда.
Яна шундай ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролардан бири Қизилчоли маҳалласида истиқомат қилувчи Насиба Сийтмамутова. У икки нафар фарзанди билан ёлғиз яшайди. Турмуш ўртоғининг вафотидан кейин ёлғиз она рўзғор юкини кўтаришга анча қийналиб қолган эди. Бунинг устига яшаш учун яроқсиз аҳволга келиб қолган ески уйнинг томидан чакка ўтиши, балоғат ёшига етиб қолган фарзандларининг моддий зарурати ёлғиз онани кечаю кундуз дала ишларидан бўшамай ёлланма ишчи бўлиб меҳнат қилишга мажбур қиларди. Президентимизнинг алоҳида ғамхўрлиги ва эътибори сабаб унинг уйи ҳам янгидан қуриб берилмоқда.
Қурилиш ишлари “Жумуртов тех таъмир сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан июнь ойида ниҳоясига етказилиб, уй эгасига тантанали тарзда топширилади.