Адлия вазирлиги Марказий банкнинг «Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарорини (рўйхат рақами 3030-11, 2025 йил 28-октабр) давлат рўйхатидан ўтказди.
Ушбу ҳужжатда банклар билан муносабатга киришишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор янгиликлар белгиланди, жумладан:
- банклар кредит ажратиш вақтида истеъмолчиларга кредит олиш билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлар тўғрисида чеклист тақдим этиши керак;
- банк омонати (депозити) шартномаси ёки банк ҳисобварағи шартномасини тузиш жараёнларида банклар омонатчиларни омонатларни кафолатлаш тизими ҳақидаги ахборот билан таништириши лозим;
- банкларда молиявий қийинчилик ёки мураккаб ҳаётий вазиятга тушган фуқароларнинг аризаларини кўриб чиқиш тизими жорий қилинган бўлиши ва бу ҳақда ўзларининг веб-сайтларида эълон қилиши керак.
Бунда, кредитларни реструктуризация қилиш (масалан, кредит тўлови муддатларини узайтириш, фоизларни қайта кўриб чиқиш, жумладан ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёлларнинг кредит тўлови муддатларини ўн ойгача узайтириш бўйича аризаларни кўриб чиқиш назарда тутилиши керак.
Бундан ташқари, ҳужжатда қуйидагилар ҳам белгиланмоқда:
- давлат томонидан бериладиган ижтимоий нафақа ва ёрдам пуллари, жумладан ижтимоий карталарга келиб тушадиган пулларни кредит қарздорлиги учун ундириш тақиқланди;
- кредитларни онлайн расмийлаштиришда мижоз розилигини ифодаловчи майдончаларни (✅) ёки кредит параметрларини олдиндан белгилаб қўйиш тақиқланди.
Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.