Шу муносабат билан 2021 йил 16 августда «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда «Ангрен кўмир кони»га пресс-тур ўтказилди.

«Ўзбеккўмир» АЖ томонидан жорий йилда тасарруфдаги конлардан 4,45 миллион тонна кўмир қазиб олиш, истеъмолчиларга 4,8 миллион тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Жумладан, иссиқлик электр станцияларига – 3,3 миллион тонна, аҳолига – 985 минг тонна, ижтимоий соҳа ташкилотларига – 450 минг тонна, иқтисодиётнинг реал секторига – 0,1 миллион тонна.

Йилнинг ўтган етти ойи давомида конлардан 2,6 миллион тонна кўмир қазиб олинди. Бу режага нисбатан 100,4 фоизни ташкил қилади. 16 августда ижтимоий соҳа объектларига мўлжалланган кўмирнинг сўнгги тонналари вагонларга юкланади.

Истеъмолчиларга кўмир етказиб бериш учун ёқилғини қазиб олишнинг ўзи кифоя қилмайди. Кўмирни саралаш, юклаш, жўнатишдек мураккаб жараёнлар ҳам борки, уларни такомиллаштирмай туриб, истеъмолчини рози қилиш мумкин эмас.

«Ангрен» кўмир конида масаланинг ана шу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратила бошланди.

16-бўлимда янги кўмир юклаш пункти қуриб ишга туширилди. Натижада бюджет ташкилотлари учун суткасига 5 минг тоннагача ёқилғи юклаш имконияти вужудга келди.

Мутахассиснинг гапларига кўра, шу пайтгача конда атиги иккита кўмир юклаш пункти мавжуд бўлиб, барча истеъмолчиларга маҳсулот ана шу пунктлардан юкланар эди. Бу ҳол иш жараёнида тиғизликни келтириб чиқарар, боз устига маҳсулот конвейердан-конвейерга ўтиб, сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатар эди.

Юклаш жараёнидаги янгиликнинг афзаллиги шундаки, кўмир забойдан автомобиль транспортида янги пунктга олиб келиняпти ва тўғридан-тўғри вагонларга юкланяпти. Бунда вақт тежаляпти, маҳсулот сифати ҳам яхши сақланади.

Эътиборлиси, янги пунктда кўмир фақат ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли эҳтиёжлари учун юкланади. Бу эса, вагонларнинг узоқ туриб қолишининг олдини олади ва истеъмолчилар учун маҳсулотни ўз вақтида юклаб жўнатиш имконини беради.

Кўмир конида кон техникаларидан унумли фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳам белгиланган режалар бажарилишида муҳим омил бўляпти.

Кўмир маҳсулоти истеъмолчиларга «Кўмир таъминот» масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги 96 та ҳудудий кўмир омборлари орқали тарқатиляпти, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

«Ўзбеккўмир» АЖ Ахборот хизмати билан ҳамкорликда.

Жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик тадбирларига республика вазирликлар ва идоралари, маҳаллий ҳокимликлар ҳам бу гал ҳар қачонгидан кўра барвақт киришдилар. Натижада бюджет ташкилотлари билан кўмир маҳсулотлар етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар имзоланди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан вагонлар ўз вақтида етказиб бериляпти. Энергетика вазирлиги кўмир етказиб бериш бўйича ҳукумат томонидан тасдиқланган режаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилиши учун барча зарур ёрдамларни кўрсатяпти. Натижада республика умумтаълим мактабларини 241,5 минг тонна, мактабгача таълим муассасаларини 87,8 минг тонна, соғлиқни сақлаш муассасаларини 64,8 минг тонна, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларини 6,3 минг тонна, маданият муассасаларини 6,3 минг тонна, туризм объектларини 3,7 минг тонна кўмир билан 1 сентябрга қолдирмай, муддатидан аввал тўла таъминлашга эришилди.

Айни кунларда республика аҳолисини кўмир билан таъминлаш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Жорий йил куз-қиш мавсуми учун республика аҳолисига 985 минг тонна кўмир етказиб берилади. Аҳоли учун мўлжалланган кўмирнинг 705 тоннаси маҳаллий, 280 минг тоннаси импорт кўмирни ташкил этади.