Тадбир 14 октябрь — Бутунжаҳон стандартлар куни муносабати билан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон стандартлар институти ташаббуси билан ўтказилди.
Кўргазмага пойтахтдаги «ИННО» инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопарки мезбонлик қилди. Унда АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Италия, Нидерландия, Швейцария ва бошқа давлатлардан келган экспертлар, маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари вакиллари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Жорий йилги Бутунжаҳон стандартлар куни «Яхшироқ дунё учун умумий қараш: БРМ 7 — Ҳамёнбоп ва тоза энергия» шиори остида ўтказилмоқда.
Кўргазмада стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларига оид инновацион лойиҳалар, илмий ишланмалар, замонавий ўлчаш воситалари, илғор ишлаб чиқариш технологиялари ҳамда рақамли ечимлар намойиш этилди.
Шунингдек, миллий ва халқаро стандартларни уйғунлаштириш, маҳсулотлар сифатини ошириш, уларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Кўргазманинг асосий йўналишлари стандартлаштириш тизимлари ва уларнинг амалиётда қўлланилиши, метрология соҳасидаги янги асбоб-ускуналар ва ўлчаш технологиялари, мувофиқликни баҳолаш ва сертификатлаш тизимлари, илғор ишлаб чиқариш технологияларини сертификатлаш, шунингдек, ишлаб чиқаришни рақамли трансформация қилиш ва унга оид стандартларни қамраб олди.
Тадбир давомида барқарор ривожланиш ва фаровон келажакни таъминлашда стандартларнинг аҳамияти юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Тантанали маросимда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган мутахассислар эътироф этилди. «Энг яхши стандартлаштирувчи» миллий мукофоти совриндорлари ҳамда «Сифат соҳасида» миллий танлови лауреатлари тақдирланди.