Шундай тарихий даврда яшаяпмизки, ҳар бир кунимиз бунёдкорликлар, янгиланишлар саҳифасини очмоқда. Бу саҳифада янгиланган Ўзбекистоннинг тобора юксалаётган озод ва обод қадри, ҳар бир оиланинг тинч ва фаровон ҳаёти, бахтли келажаги жамоли зарҳал ҳарфлар билан ёзилмоқда.

Бугун Қорақалпоғистон Республикасида кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самараси ҳар бир инсоннинг бугунги кундан розилигида намоён бўлмоқда.

Қорақалпоқ халқининг атоқли адиблари Ибройим Юсупов ва Тўлепберген Қаипбергенов шундай кунларни орзу қилган эди.

Бугун ушбу хотираларни қоғозга туширар эканман, адабиётимиз, маънавиятимиз хазиналарини бойитган бу буюк инсонлар билан замондош бўлганим, уларни устоз тутганимдан фахрланман.

Хотиралар дафтарини варақлайман:

- Ассалом, Ибройим оға! Мана, баҳор келди. Туғилган кунингиз яқин. Олдимда китобларингиз. Ҳар бир асарингизда қалбингиз уришини ҳис қиламан. Ҳар бир шеърингиз, ҳар бир сатрингизда ўйчан ва нурли кўзларингиз, қорақалпоқ элининг кенгликларидай очиқ кўнглингиз, теран ва пурмаъно сўзларингиз уфуриб турибди...

“Умр, сенга ошиқман” номли китобингизни очаман.

“Ў, шоирлик, сенсиз саҳро чўлдайман,

Булоғингдан ичган сайин чўллайман,

Ҳар гал ичга тушиб кетса учқунинг,

Самандардай ёниб бўлмай ўчмайман...

Жуда тўғри айтгансиз, Ибройим оға! Сизнинг ҳаётингиз, катта қалбингиз ичида ёнган учқун ҳеч қачон ўчмайди. Мен ҳам сизни шундай ўтли қалбингиз билан ҳеч қачон бу дунёни ташлаб кетади, деб ўйламаганман.

Ҳар бир суҳбатингиз умримизни тўлдирарди, умрингизга умр қўшарди. Шеърларингизни ўқиганим сайин ҳар бир сатрида қуёш чиқади, тонг отади, кун ботади, осмонни булутлар қоплайди, гоҳ ёмғирлар ёғади, гоҳ бўронлар туриб табиатга озор етказади. Гоҳи яхши одамларнинг яхшилигидан олам кенгайиб кетади, гоҳида ёмонларнинг бири ортиқ хислатларидан дунё қоронғулашади. Бир-бирига интилган инсонлар фироқ доғидан азоб чекади, севишган қалблар висолидан бу кекса олам яшариб кетади. Опанинг ўз инисига, онанинг ўз ўғлига, умр ярмида ёридан айрилган йигитнинг фарзандларига илинган кўнгли очилади... Хуллас, шеърларингиз умрнинг ўзи.

Укасини қолдириб, ёри билан қочиб кетган қиз ҳақидаги:

Жийдалик ортидан яна

От кишнади, сен шошилдинг,

“Мени унутма”, дединг-да

Чўнтагимга олма тиқдинг.

Қолиб кетди синиқ ойнанг,

Мен “Кетма”, деб йиғлаб турдим,

“Керак эмас берган олманг”,

Деб ортингдан улоқтирдим.

От кишнаган шу даладан

Бир тўп тўрғай учиб кетди...

Қочиб кетган шу оқшоминг

Бугун ёдга тушиб кетди,

деган сатрларингиз, ҳеч бир муболағасиз, умрнинг ўзи.

 ...Мана, мен сизни соғиняпман, кўзларингизни, сўзларингизни эмас, қалбингизни соғиняпман. Қалбингиз эса “Мана, мен шу ердаман”, деб олдимдаги китобларингизнинг ичида турибди.

Унгача сиз 80 йил бу дунёни ўша қайноқ, ҳассос ва очиқ қалбингиз билан тўлдириб турдингиз. Нафақат дунёни, ўзингиз туғилиб ўсган ота маконни, сиз билган, сиз яхши кўрган, сизни яхши кўрган одамлар ҳаётини, ҳар бир лаҳзани тўлдириб турдингиз. Жуда кўп элларда бўлдингиз, у ерларда сизни кўрган, танишиб, азиз бўлиб қолган ҳар бир инсон сизни севиб қолганига ишонаман.

Сиз жуда улуғ ва буюк инсон эдингиз. Кўнглингизнинг очиқлиги, яхшиликларга тўлалиги, оддийлигингиз билан ҳам улуғ эдингиз. Неча ёшга кирсангиз ҳам она тупроқ учун бола эдингиз. Буни ўзингиз ҳам айтиб кетгансиз:

Насибанг юз йўртса ҳамки,

Минг ерда туз тортса ҳамки,

Шон-мартабанг ортса ҳамки,

Туғилган ерингда боласан,

Унга бош эгиб борасан...

Азиз шоирим! Болалигимизда 90 ёшдан ўтган инсон тўғрисида эшитсак, бу умрда ёшини яшаб, ошини ошаб бўлди, деган фикрга борардик. Сиз учун 94 ёш назаримизда ялт этиб ёниб ўчган юлдуздай гўё. Биз у юлдуз нурлари асло сўнмаслигини биламиз. Сизнинг орамиздан кетганингизга ҳам ишонмаймиз. XX аср шеъриятида қорақалпоқ адабиётини Ибройим шоир даврига айлантирган, ўз халқига:

Соғ бўл, халқим, сен деганда

Бир куч пайдо бўлар менда,

Сенга хиёнат қилганга

Шимарилган билагим бор.

Ибройим дер: жоним қурбон,

Дўстлик деса ҳаллос урган,

Сенинг учун тепиб турган,

Кўксимда бир юрагим бор,

деб дил изҳор қилган азиз шоир дурдона сўзлари билан ёнимизда, жонимизда эмасми? Мустақилликни “Руҳиятим кишанларини узиб юборган озодлигим, ҳеч кимга қарам ёки муте бўлмаган обод элим”, деб қаршилаган эдингиз. “Раҳмат сенга, замоним” шеърингиз эса худди бугун ёзилгандай янграб туради.

Сиз Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани, Озод овулида дунёга келган эдингиз. Шу кичкина қишлоққа тушган оёқ изларингиз сизни бутун дунёга, шу қишлоқда шаклланган ақлингиз, тафаккурингиз сизни дунёвий илмларга яқин қилди. Аввали охири туғилган қишлоғингиздек руҳиятингиз тоза, ўйларингиз озод, орзуларингиз, умид ва мақсадларингиз улуғ бир инсонга айландингиз. Қардош ўлкаларнинг ҳар бирида Расул Ҳамзатовдай, Қайсин Қулиев, Фазу Алиева, Римма Казакова, Собит Муқонов, Берди Кербобоев, Сулаймон Рустам, Константин Симонов, Михаил Луконин, Максим Танк, Мустай Каримдай ижодкорларнинг кўнгил чироғи бўлдингиз, Зулфиянинг қорақалпоқ элидаги азиз шоир иниси, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг устоз оғаси эдингиз.

Ибройим оға! Бу ҳозир ҳам шундай. Ҳозир ҳам ҳаммамизга оғасиз, адабиёт боғидаги асло сўлмас гулсиз. Адабиёт, шеърият осмонидаги энг катта, энг ёруғ юлдуз сизсиз! Бу сўзларим сизни йўқлов эди, бу сўзларим сизга катта соғинч эди. Сизни жуда соғиндик, оға!

Бугун Шаригул синглим билан суҳбатлашаётиб, унинг кўнгли тубидан сизни топиб, аввал сизга хат ёзаётганимнинг боиси ҳам сизни соғинганим эди. Яъни бир мен эмас, сизни ҳаммамиз соғиняпмиз.

Илиқ ва самимий сўзларингиз, маслаҳатларингиз билан шоира қизларимиз кўнглини олар эдингиз. Уларнинг ҳаммаси бугун сизни соғинди.

Руҳий макон бирлиги

Ҳаётда бир замон, бир маконда туғилиб, биродарларча яшаётган одамлар ҳам, бир-бирини танимайдиганлар ҳам қанча. Лекин баъзан шундай бўладики, (балки адабиётга яқин бўлганимиз учундир) бу ҳаётдан минг йиллар олдин кўз юмиб кетган сиймолар сиз билан бир замон ва бир маконда яшаётгандай туюлади. Тиббиёт ҳақида ўйласак, Абу Али ибн Сино, фалсафа ва бошқа дунёвий илмлар ҳақида фикр юритсак, Абу Райҳон Беруний ва бошқа файласуф олимлар худди ёнимиздадек. Бошқаларни билмадим-у, менда ҳамиша шундай таассурот уйғотадиган сиймолар кўп.

Тўлепберген оға билан Ибройим оға ҳам қалби ва руҳлари билан моддий оламда бўлмаса-да, маънавий оламимизда бизга қувват бўлиб, қўллаб-қувватлаб яшаб юрибди.

Мен бахтлиманки, Тўлепберген, Ибройим оғаларга замондош бўлдим.

Улар менга аввало оға, дўст, устоз, сирдош ҳам бўлдилар.

...1980 йил охирларида биринчи марта ижодимни йиғиб, китоб чиқариш учун Тўрткўлдан Нукусга келдим. У пайтлари ёш муаллифлар асарлари китоб бўлишдан олдин Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси секцияларида муҳокама қилинарди. Проза секциясини Т.Қаипбергенов бошқарар, (менинг биринчи китобим шеърлар эмас, ҳикоялар тўплами бўлган) ўша йилларда у Қорақалпоғистон Давлат матбаа қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишларди.

Биринчи китобим ҳикоялар тўплами бўлишига “Амударё” журнали таҳририяти проза бўлимида ишлаётган истеъдодли прозаик Ўрозбой Абдураҳмонов сабаб бўлган эди. Чунки бир йил олдин мен “Амударё” журналида қорақалпоқ тилида чоп қилинган ҳикояларим, “Бахт келтирган баҳор” номли қиссам учун журнал таҳририяти томонидан эълон қилинган энг яхши прозаик асар учун танлови ғолиби бўлгандим. Ўрозбой эса уларни тўплаб китоб қилишни маслаҳат берди.

 Журналда шеърларим ҳам чиққан, уни истеъдодли шоирлар Ш.Сеитов, К.Раҳмонов қорақалпоқ тилига таржима қилган эди.

Шундай қилиб, олти ой олдин проза секциясига тақдим қилинган қўлёзма муҳокамасига келдим. Муҳокама қўмита идорасида, Т.Қаипбергеновнинг хизмат хонасида ўтадиган бўлди. Муҳокамада Ў.Абдураҳмонов, Ш.Сеитов, А.Алиев, С.Баҳодирова ва мен танимайдиган бошқа адиблар, адабиётшунос олимлар ҳам қатнашди.

Ёзувчининг эркак, аёли йўқ.... Бу дегани, ҳали сен ёзувчи ёки тўлақонли ижодкор бўлдим, дегани эмас. Бунгача ҳали кўп йўлни босиб ўтиш керак, - деди Тўлепберген оға.

Ибройим Юсуповнинг ижоди билан танишгач, шеърларини севиб ўқидим ва ўзбек тилига таржима қила бошладим. Қорақалпоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилиш юзаки қараганда осон туюлса-да, бу тилнинг ўзига хос қочиримлари, айрим атамалари тилни чуқурроқ ўрганишни талаб қиларди. Инсон мақсади йўлида қилган меҳнат-машаққатлари, албатта, ўз натижасини беради. Қорақалпоқ тилини ёзма адабиётда ҳам, оғзаки нутқда ҳам эркин мушоҳада қилишга, шу тилда ўқиб, ўрганишга, таҳлил қилишга, ёзишга эришдим. Мен бунинг учун Тўлепберген Қаипбергеновдан талабчанлиги ва қаттиққўллиги учун ҳамиша миннатдорман.

Қорақалпоқ халқининг бу икки улуғ сиймоси бир даврда, бир маконда яшаб, бир замоннинг авлодлари бўлгани, ўз халқи, миллатига нафақат бутун умр қилган ижоди, балки ҳаёти ва юрагини бахш этгани қорақалпоқ миллатининг ифтихори, фахри ва бахти, деб ҳисоблайман.

Ибройим оға билан Тўлепберген оға қалин дўст эдилар. Тўлепберган Қаипбергенов Ибройим оға тўғрисида бундай деб ёзган:

“Ибройим Юсуповнинг янгидан яхши қофиялар топишига, шеърларини жуда моҳирлик билан ўқишига мен ҳам қойил қоламан...”.

Тўлепберген Қайипбергеновнинг “Қорақалпоқман, таваккалчиман” асарини “Қорақалпоғистон тонги” газетасида ўзбек тилида тўла чоп қилганмиз. Шу муносабат билан ушбу асарнинг айрим бобларини ўзбек тилига ўгирганман.

Тўлепберган оға ижоди том маънода миллат руҳи билан суғорилганини алоҳида таъкидлаб ўтгим келади. Яъни ҳақиқатда ҳам Тўлепберген Қайипбергов қорақалпоқ халқига илоҳий бир туҳфа, Аллоҳ томонидан берилган иноят ҳамдир, десам хақ гапни айтган бўламан. Бир эслаб кўринг, адибнинг дастлабки асарлари бўлган “Уйқусиз тунлар”, “Бир совуқ томчи”, “Муаллимга раҳмат” сингари повестлари, “Маманбий афсонаси”, “Бахтсизлар”, “Гумроҳлар” романларини ўз ичига олган “Қорақалпоқ достони”, “Қорақалпоқнома” сингари йирик асарларида қорақалпоқ ҳалқининг афсона ва хақиқатлари, дарди ва машаққатлари, орзу ва мақсадлари моҳирона тасвирланганки, улар билан танишган китобхон бир умр бу халққа ҳамдард ва биродар бўлиб қолади.

... Халқимиз ижодкорларнинг, санъаткорларнинг, олим ва адибларнинг шахсий ҳаётига кўпроқ қизиқади. Сиртдан қараганда, машҳур кишилар ҳаётда энг бахтли, омадли, муваффақиятли бўлиб кўринади. Аслида эса уларнинг ҳаёти жуда мураккаб, айрим ҳолларда машаққат ва фожиаларга тўла бўлади.

Ёшлик вокзалидан чиқдик бошида,

Талай манзил босдик, йўллари равон.

Сен қолдинг Айрилиқ станциясида,

Мен ойнани уриб кетиб бораман.

Сабр қил, йўловчи! дейишар бизга,

Армон станцияси борар ер сизга.

Бу поезд ҳеч қачон қайтмайди изга,

Келмас бир кетганлар бизнинг орадан”.

Мен Ибройим оға ижоди билан нақадар таниш бўлсам, нақадар билсам, ўзини ва оиласини ҳам шу қадар яқиндан билар эдим, деб айта оламан.

...Сурган умри алвон, алвон даврондир,

На-да даврон айрилиқ ва армондир.

Эл дардидан топганлари имондир,

Ақлу руҳдан кўзлар тўлди сир билан.

Меҳр излаганга меҳр бўлди у,

Яхши-ёмон, ёлғон-ростни билди у.

Бу дунёнинг ишларига кўнди у,

Тулки кетиб, арслон қолди шер билан...

Бу мавзуда узоқ ёзиш мумкин. Нима бўлганда ҳам, Ибройим оғанинг ҳаёти унинг ўзиники эмас эди. Унинг тақдир йўли халқнинг умри билан туташ, унинг қисмати шеъриятнинг қисмати билан чамбарчас боғлиқ. Буларни Ибройим оғанинг кўплаб шеърий асарларида кўриш мумкин. У “Раҳмат сенга замоним”, “Роза ветров”, “Беклигингни бузма сен”, “Умр, сенга ошиқман” ва бошқа кўплаб асарлари билан маънавий дунёмизни бойитиб, дардимизга дарддош, сиримизга сирдош бўлиб абадий яшайверади.

Мен фикрларимни шоирнинг ўз шеъри билан якунлашни лозим топдим:

Ўзги оқшомларда ётиб чалқанча,

Юлдузларга қараб ўйга толаман,

Ўз умрини ўйлаганда ҳамиша,

Мен ўз тақдиримга қойил қоламан.

Бор унинг бир ёзаётган достони,

Умр парчаларин безатиб, қураб.

Мен туғилар пайтда уни бошлади,

Қачон тугатишин билмайман бироқ.

Тақдирим! Мен сенга суяйман орқа,

Қадрлайман баланд инобатингни,

Тилинг каловланмай Тангрим олдида,

Мазмунли қилгайсан баёнотингни.

Савоб ишлар қилди, мурувват топди,

Билиб-билмай қилган гуноҳи ҳам кўп.

Лекин инсон деган буюк унвонни

Беглигини бузмай олиб ўтди”, деб...

Бугун Қорақалпоғистонда ҳаёт юксалаётган, Орол денгизи инқирозлари оқибатларини тугатиш бўйича оламшумул ишлар қилинаётган ушбу кунларда қорақалпоқ халқининг бу икки забардаст адиби руҳи шод бўлаётгани ҳақиқатдир.

Халқни севган, халқи севган адиблар ҳамиша ёдимизда, ёнимиздадир.

Гулистон МАТЁҚУБОВА,

Қорақалпоғистон халқ шоири, сенатор