Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиобод тумани бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция“ Жиззах вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “А.С.“ МЧЖ масъул шахслари “Мустақиллик“ кўчасидаги умумий овқатланиш шохобчасида газ тармоғига газ ҳисоблагичдан ташқари уланиб, жами 192,2 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Зангиота тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар М.О. ва М.Х. яшаш хонадонларида паст босимли умумий фойдаланишдаги газ қувурига яширинча шланг ёрдамида уланиб, жами 151,7 сўмлик табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Шунингдек, Департаментнинг Беруний тумани бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирида фуқаро Ю.Н. яшаш хонадонида газ тармоғига шланг ёрдамида тўғридан-тўғри уланиб, жами 126,6 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Р.Н. ўзига тегишли турар-жой биносида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида тўғридан-тўғри уланиб, жами 111,5 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.