«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Мудофаа вазирининг маданий ишлар бўйича маслаҳатчиси Ш.Юсупов, бир қатор ҳарбий хизмат фахрийлари, хорижий ва маҳаллий профессор олимлар ҳамда тегишли давлат идоралари вакиллари иштирок этди.
Қўмита раиси Қ.Бурхонов маърузаси бошида барчани яқинлашиб келаётган Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабанинг 77 йиллик шонли байрами билан муборакбод этди. Шундан сўнг бугунги тинчлик замони учун жангоҳларда қон кечган ота-боболаримизнинг мардонавор жасоратларига тўхталиб, улар ва уларнинг яқинларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Даҳшатли уруш таассуротлари ҳақида сўзлар экан, бутун инсониятга кулфат олиб келган тўқнашувлар, бизнинг халқимизга ҳам мислсиз талофат ва йўқотишлар олиб келганини айтиб ўтди. Ўз навбатида, ана шундай тарихимизни синчиклаб ўрганиш, унинг қадрига етиш борасида Давлат раҳбаримиз ташаббуси билан амалга оширилган ишларга тўхталди.
Президентимиз ташаббуслари билан Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихимизни ўрганишда том маънода янги давр бошлангани таъкидланди. Хусусан, янги маълумотларга кўра, Ўзбекистондан 1 миллион 951 минга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқлангани, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилганини, 451 минг нафар юртдошларимизнинг номлари ва тақдири шунча йиллар давомида эътибордан четда қолгани айтиб ўтилди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, «биз уруш ва фронт орти фахрийларини фақатгина байрамларда эмас, балки доимо эъзозлаб, ардоқлашимиз, уларнинг соғлиги ҳақида ҳар куни, ҳар соатда ўйлашимиз лозим».
Конференция иштирокчилари таъкидлаганидек, аслида бу ҳаётнинг ўзи бир синов. Ҳамиша эл-юрт манфаатини ўйлаб, юрт равнақи ва халқ осойишталиги учун умрларини бахшида этган инсонлар борки, ҳамиша эъзозга муносибдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.