“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан модернизация лойиҳалари доирасида иккита ГЭС – “Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги ГЭС-9 ва “Қуйи-Бўзсув ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги ГЭС-14 нинг янги қувватлари фаолият бошлади.
Тошкент шаҳрида жойлашган Чирчиқ-Бўзсув трактида 1943 йилда ишга туширилган ГЭС-9 – “Тошкент ГЭСлар каскади” УК таркибидаги ГЭС ҳисобланади.
75 йилдан ортиқ муддат давомидаги эксплуатация натижасида ГЭСда ўрнатилган электр қурилмалари, технологик ускуналар моддий ва маънавий жиҳатдан эскириб, сўнгги йилларда мазкур ГЭС ўрнатилган қувватларда ишламай қолган эди.
Модернизация натижасида станцияда 1 дона гидроагрегат ўрнига ҳар бирининг қуввати 8,3 МВтдан, умумий қуввати 16,6 МВт га тенг бўлган,
2 дона гидроагрегат ўрнатилди. ГЭС-9 да янги 16,6 МВт қувватли гидроагрегатларни ўрнатиш лойиҳасини амалга ошириш натижасида, йиллик электр энергия ишлаб чиқариш кўрсаткичи 95,0 миллион кВт.соатни ташкил этади. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш қувватларини қарийб 2 баробарга оширади.
Янги лойиҳа ишга туширилиши натижасида, Тошкент шаҳрининг
60-70 мингга яқин аҳоли хонадонларининг электр энергиясига бўлган талабини ГЭС-9 орқали қоплашга эришилади.
Шунингдек, ана шундай модернизация лойиҳалари доирасида “Қуйи-Бўзсув ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги ГЭС-14 да олиб борилган модернизация жараёнлари муваффақиятли якунланиб, янги қувватларда ишлай бошлади.
ГЭС-14 “Қуйи-Бўзсув ГЭСлар каскади” УК таркибидаги 1-станция ҳисобланиб, Бўзсув каналида Тошкент шаҳридан 15 км узоқда жойлашган бўлиб, 1944 йилда ишга туширилган.
Модернизация доирасида, станцияда 2007 йилдан бери ишламай келган 1 дона 10,7 МВт қувватли гидроагрегат ўрнига қуввати 7,5 МВтдан, умумий қуввати 15 МВтдан иборат 2 дона гидроагрегат ўрнатилди. Йиллик электр энергия ишлаб чиқариш кўрсаткичи 90,7 миллион кВт.соатни ташкил этади.
Янги 15 МВт қувватли гидроагрегатларни ўрнатиш лойиҳасини амалга ошириш натижасида ГЭС-14 қуввати 4,3 МВтга оширилиб, йиллик электр энергия ишлаб чиқариш кўрсаткичининг ортиши кутилмоқда.
Янги лойиҳа ишга туширилиши натижасида Тошкент вилоятининг
50-60 мингга яқин хонадонларининг электр энергиясига бўлган талабини ГЭС-14 орқали таъминлашга эришилади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан “Тошкент ГЭСлар каскади” УК (ГЭС-9) ҳамда “Қуйи-Бўзсув ГЭСлар каскади” УК (ГЭС-14) модернизацияси инвестициявий лойиҳалари Хитой Халқ Республикасининг Эксимбанк кредитини жалб қилган ҳолда амалга оширилди.
Модернизация ишлари Жамиятнинг нуфузли хорижий ҳамкори, лойиҳанинг бош пудратчи ташкилоти ҳисобланган Хитой Халқ Республикасининг “Power Construction of China Ltd” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
ГЭСларда янги ўрнатилган технологик жиҳозлар ақлли автоматлаштирилган бошқарув тизимига уланди. Бу, ўз навбатида, электр қурилмаларини замонавий кузатув камералари орқали реал вақт режимида масофадан кузатиш имкониятини беради.
2020 йилда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан умумий қуввати
118,3 МВт бўлган 6 та инвестиция лойиҳалари доирасида 2 та янги ГЭС ва 4 та модернизация доирасидаги ГЭСлар янги қувватларда фойдаланишга топширилди.
Жорий йилда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари доирасида халқимизга қўшимча равишда 543 миллион кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқарилишига замин яратилади. Қайд этиш лозимки, мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида, Жамият томонидан қўшимча 220 дан ортиқ янги ишчи ўринлари яратилди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Жамият томонидан жорий йилнинг январь-июль ойларида 7,1 МВт қувватга эга “Шаҳрихон ГЭСлар каскади” УК (ЖФК-2) ва 15,3 МВт қувватли “Қодирия ГЭСлар каскади” УК (ГЭС-3) модернизация қилиниб, фойдаланишга топширилган бўлса, йил якуни билан лойиҳа қуввати 26,5 МВт бўлган “Қамчиқ” кичик ГЭСи ҳамда лойиҳа қуввати 37,4 МВт бўлган “Зарчоб-1” кичик ГЭСи янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳамда унинг тизим ташкилотлари томонидан аҳолига янада қулайликлар яратиш, халқимизнинг хонадонларини ёритиш, кундалик маиший эҳтиёжлари учун зарур бўлган электр энергиясини ишлаб чиқариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.