Халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этиш, ҳамкорликда стартапларни йўлга қўйиш эса мамлакат илмий салоҳияти даражасини оширади.
Илмий ишланма ва технологик янгиликлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини боғловчи зарур механизмга айланаяпти. Жаҳон бозорларида рақобатбардошликка эришнинг муҳим шартларидан бири — мазкур соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш.
Бутун дунёда инновация ва стартап бир-бири билан чамбарчас боғлиқ атамаларга айланган. Стартаплар билан бугун абстракт ғояларни ҳақиқий маҳсулот ва хизматларга айлантириш мумкин ва бунда илм-фаннинг ўрни катта.
Стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Венгрия давлати билан ҳамкорликда танловлар ташкил этилиб, натижада қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда маҳсулот ва хизматлар яратилмоқда.
— Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили октябрь ойида Венгрияга расмий ташрифи чоғида икки мамлакатнинг масъул идоралари ўртасида ҳамкорликда стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан келишувга эришилган эди, — дейди Инновацион ривожланиш агентлиги мутахассиси Самандар Шукуров. — Шунга кўра, Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Венгрия Республикасининг Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ҳамкорлигида эълон қилинган “Ўзбекистон — Венгрия стартап лойиҳалар танлови” натижаларига кўра, жами 15 та лойиҳа молиялаштирилган. Мазкур стартап лойиҳалар икки мамлакатнинг масъул ижрочи корхоналари томонидан амалга оширилиши ҳамда келажакда талаб юқори бўлган бозорларда кенг жорий этилиши мақсад қилинган.
Озиқ-овқат заҳиралари башорат қилинади
Қишлоқ хўжалигимиз истиқболли соҳалардан. Халқимиз меҳнаткаш, ер билан тиллаша олади. Аммо йил сайин озиқ-овқатга талаб ортиши ва иқлим ўзгаришлари бунинг ўзи етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Шу сабаб, соҳа билан боғлиқ йўналишларга ҳам рақамли технологиялар кириб келаяпти. Венгрия ва Ўзбекистонда катта маълумотларни таҳлил қилиш ва машиналаштирилган ўрганиш технологиялари орқали қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат соҳасидаги қарор қабул қилишни қўллаб-қувватлаш тизимининг саноат тадқиқоти ва техник-иқтисодий асослаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
— Қишлоқ хўжалигида илмий асосланган хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида халқаро тажрибани ўргана бошладик, — дейди лойиҳа муаллифи Сайиджаҳон Ҳасанов. — Венгрия бу борада муносиб объект бўлди. Лойиҳанинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноатида қарор қабул қилишни рақамлаштириш ва инсон омилини камайтириш техникаларини ишлаб чиқишдан иборат. Бунинг учун, аввало, тармоқда катта маълумотлар базасини ишлаб чиқиш зарур. Бусиз рақамли технологияларни мукаммал тарзда ишга тушира олмаймиз.
Биргина мисол, йилдан-йилга ерларнинг шўрлашиш даражаси ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, ер юзида ҳар йили 24 тонна тупроқ деградацияга учрайди, яъни ҳосилдорлигини йўқотади. Ечимлардан бири сифатида эса олимлар алмашлаб экиш амалиётини таклиф қилмоқда. Аммо деградация жараёнини ерга уруғ қадаб, маълум вақт ўтгач билиш яна бир йилни йўқотишга олиб келади. Юқорида таъкидланган лойиҳа эса уни олдиндан аниқлаш имконини беради. Бунда қишлоқ хўжалигидаги тупроқ ва суғориладиган ерларнинг деградацияга учраш даражаси аниқлаб борилади. Натижада тўғри мониторинг йўлга қўйилади. Лойиҳадан кўзланган яна бир мақсад — рақамли технологиялар ва малакали мутахассислар ёрдамида озиқ-овқат заҳираларини башорат қилиш амалиётини йўлга қўйиш. Қолаверса, экин майдонининг ҳолатига кўра, энг кўп ҳосил берувчи экин турини аниқлаш орқали иқтисодий самарадорликка эришиш.
Лойиҳа раҳбарининг таъкилдашича, стартап доирасида яратилган хизматларга озиқ-овқат соҳасида фаолият олиб борувчи корхоналарда юқори талаб мавжуд. Венгриянинг юқори тажриба эга бўлган “Basilicon Consulting Kft” корхонаси мутахассислари билан ҳамкорликда платформа ишлаб чиқилиб, 30 га яқин маҳаллий ҳамда хорижий корхоналарга 15 турдаги хизмат кўрсатилмоқда.
Ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган платформа
Ҳамкорликда яна бир — “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа корхоналарига рақамли иқтисодиёт ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун “Secube” бошқарув платформасини жорий этиш” стартап лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу корхоналар фаолияти давомида муҳим маълумотларни хавфсиз сақлаш, юзага келиши мумкин бўлган хавфларни таҳлил қилиш имкониятига эга бўлган ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган платформа ҳисобланади.
— Стартап лойиҳа доирасида яратилган хизматларга банклар, суғурта компаниялари, кредит уюшмалари, кичик ва ўрта бизнес корхоналари ва бошқа турдаги иқтисодиёт тармоқларида талаб юқори, — дейди лойиҳа раҳбари, “Smart IT Solutions team” МЖЧ директори Рустам Абдуллаев. — Бугунги кунда банк тизимларида маълумотларни сақлаш доирасида хизмат кўрсатувчи Европадаги энг йирик “Kürt Zrt” корхонаси билан ҳамкорликда яратилган хизматлар Венгрия мамлакатида ҳам кенг йўлга қўйилмоқда. Лойиҳа доирасида 20 га яқин маҳаллий ҳамда хорижий корхоналарга 10 турдаги хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. “Secube” имкониятлар доимий равишда ошириб борилади. Кейинчалик ахборотларни қайта ишлаш, автоматик тарзда тавсиялар ишлаб чиқиш фукциялари ҳам қўшилади.
Мутахассисларнинг айтишича, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги халқаро ҳамкорлик янги иш ўринларини яратилишига, аҳоли фаровонлиги ошишига, мавжуд иқтисодий ва ижтимоий муаммолар бартараф этилишига, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилиши керак. Айнан шунинг учун ҳам илмий ва инновацион соҳаларда алоқалар ўрнатилган мамлакатларнинг ривожланган соҳа ва тармоқларига кўпроқ эътибор қаратилиб, айнан қайси йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш белгилаб олинади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг глобал иқтисодий макондаги нуфузини юксалтиришда илмий ва инновацион соҳалардаги халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти катта. Илғор инновацион технологиялар эса миллий иқтисодиётимизнинг самарадорлиги ва меҳнат унумини оширади.
Феруза ЖЎРАЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири