Бугун Сирдарё вилояти таълим сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, замонавий талабларга жавоб берадиган тиббиёт инфратузилмасини шакллантириш борасида ҳам илғор ташаббус ва ғоялар рўёбга чиқадиган ҳудудга айланаётир. Мана шу саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш учун давлатимиз раҳбарининг яқинда вилоятга ташрифи асносида мутасаддиларга қатор топшириқ ва вазифалар берилди.
Президентимизнинг тегишли қарори билан 2021 йил 1 июлдан Сирдарёда соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ тажриба-синов ишлари бошланган эди. Ўтган вақт мобайнида ушбу янги тизим самара бериши тасдиғини топди. Хусусан, давлат тиббий суғуртаси ёрдами билан имтиёзли тоифага кирувчи фуқароларда турли касалликлар бўйича юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажариб келинди ва бу жараён давом этмоқда.
Энг муҳими, давлат тиббий суғуртаси тизими жорий этилиши натижасида ижтимоий аҳволи оғир, имконияти йўқ фуқаролар жамғарма ёрдами билан оғир асоратли, салмоқли маблағ талаб этувчи касалликлардан юқори технологик жарроҳлик амалиёти ёрдамида тез, осон ва чиқимсиз фориғ бўлмоқда. Бу “Инсон қадри учун” тамойилига тўла мос келади. Кейинчалик Гулистон тиббиёт кластерининг ташкил этилгани давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш учун тўлақонли замин ҳозирлади.
Президентимиз ана шу эзгу ташаббусни кенгайтириш мақсадида Гулистон шаҳрини мамлакатимизнинг “Инновацион медицина хаби”га айлантириш таклифини илгари сурди.
— Давлатимиз раҳбари билдирган фикр-мулоҳазалар вилоятнинг тиббий салоҳиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини юқорига кўтариш, сифатли тиббий хизматни янада ривожлантиришни назарда тутмоқда, — дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хуршид Ҳакимов. — Вилоятимизда тиббий туризм хабини ташкил этишга кўрсатма берилгани Тожикистон ва Қозоғистондан келаётган беморларни бемалол қабул қилишимиз, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишимиз учун катта имкониятдир. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда клиника ташкил этилиши ҳам аҳоли саломатлиги ҳамиша эътиборда эканидан далолат беради. Сирдарёда ҳозир бундай клиника йўқ. Агар шундай шифохона ташкил қилсак, тиббиётимиз сифатини янада оширишга хизмат қилади. Қолаверса, тиббиёт туризмининг ривожланишида ҳам аҳамият касб этади. Соҳага инновацион ечимларни татбиқ этиш имкониятини кенгайтиради. Юқори технологияли операциялар, диагностикаларни шу ернинг ўзида жорий қилсак, бу Сирдарё тиббиёти ривожига ҳисса бўлиб қўшилади.
Сирдарё пойтахтимизга яқин жойлашган. Шунингдек, у икки қўшни давлат — Қозоғистон ва Тожикистон билан қулай транспорт коридорига эга. Қолаверса, мамлакатимизнинг кўпгина вилоятларига олиб борадиган йўл Сирдарёдан ўтади. Шу боис, Гулистон тиббиёт кластери жаҳон андозаларига мос тиббий марказга айланиши кутилмоқда.
— Вилоятнинг тиббиёт хабига айлантирилиши халқимиз учун катта имкониятларга эшик очади, — дейди Гулистон тиббиёт кластери директори Шуҳрат Ҳусанов. — Аввало, аҳолининг “бир том остида” барча зарур муолажа ва маслаҳатларни олиб, вақти ҳам, маблағи ҳам тежалади. Шунинг баробарида вилоятда тиббиёт туризми ривожланади. Зиммамизга юклатилган барча вазифани сидқидилдан бажарсак, вилоятимизда дунё стандартларига бўйлашадиган тиббиёт маркази яратилади. Бу нафақат юртдошларимизга, балки қўшни давлатлар фуқароларига ҳам сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради.
Бугун Гулистон тиббиёт кластерининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шифохоналарни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш борасида эътиборга молик ишлар бажарилмоқда. Жумладан, юқори технологияли операцияларни ўтказишга мўлжалланган аппаратуралар, яъни анализатор, рақамли рентген, камерали микроскоп, видео эндоскоп каби тиббий ускуналар келтирилган. Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан сўнг бу хайрли ишлар шиддат билан давом этади. Зеро, инсон саломатлиги — олий неъмат. Соғлом инсон эса ҳар қандай жамиятнинг бебаҳо бойлигидир. Уни асраб-авайлаш, инсонни қадрлаш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналиши саналади.
Ижод мактабининг ойдин йўли
Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига дадил интеграциялашяпти. Ривожланган давлатлар билан кўплаб соҳаларда тенг ҳамкорликни йўлга қўйди. Ҳаётнинг барча жабҳасида илғор тараққиёт йўлидан жадал бормоқда. Жумладан, таълим соҳасида ҳам эътироф этса арзигулик натижаларга эришиляпти. Президентимиз таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистонни илғор замонавий билимга эга, келажакка дадил интиладиган, ватанпарвар ёшлар билангина қуриш мумкин. Ана шундай йигит-қизларни тарбиялаш учун бугун мамлакатимизда илм-фан, маърифатга катта эътибор қаратилмоқда.
Ана шу эзгу мақсад йўлида мамлакатимизда адабиёт ва бадиий ижод йўналишида бир қанча мактаблар очилди. Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Абдулла Қодирий, Ҳалима Худойбердиева номидаги хорижий тилларни ўргатишга ҳамда она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг ташкил этилгани истеъдодли болаларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорини тўғри йўналтириш ва ривожлантиришдек эзгу мақсадни ўзида мужассам этди.
Президентимиз Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Гулистон шаҳридаги ижод мактабини бориб кўрди. Ҳалима Худойбердиева ҳайкали пойига гул қўйди ва шоира ҳаёти ва ижодига бағишланган мўъжаз музейни кўздан кечирди. Ўқувчилар халқимизнинг суюкли ижодкори шеърларидан намуналар ўқиб берди.
Ижод мактабида умумтаълим фанлари билан бирга, она тили ва адабиёт чуқур ўргатилади. Айни пайтда 7-11-синфларда 180 нафар иқтидорли ўғил-қиз таълим олмоқда. Синфлар, компьютер хоналари, лаборатория, спорт зали ва ётоқхона замонавий жиҳозланган. Мактаб кутубхонасида 3 минг 500 дан ортиқ бадиий адабиёт жамланган.
— Президентимизнинг мактабимизга ташрифи барчамизда чексиз ғурур-ифтихор уйғотди, — дейди ижод мактаби директори Покиза Аҳмеджонова. — Бу, албатта, мактабимизга, ўқувчиларимизга эътибор, меҳр, болаларимизнинг келажагига масъулиятдан далолатдир. Ўқувчиларимиз — ижодкор болалар. Шеъриятга, адабиётга ошно. Бугун олдимизда улар етарли таълим оляптими, эртага олий ўқув юртига киришга билими етадими, деган саволлар турибди. Чунки бу йил илк битирувчиларимиз мустақил ҳаётга қадам қўяди. Синовли йил бўсағасидамиз. Ишимиз яхши натижа берса, отаоналар бераётган таълимимизга, мактабимиз салоҳиятига ишонади. Бу жараёнда она тили ва адабиётга меҳрли ёки туғма иқтидорли болаларимизнинг бирортасини назардан четда қолдирмаслигимиз, уларни излаб топиш ва мактабимизга жалб этишимиз лозим. Шу болаларга пухта таълим-тарбия берадиган ўқитувчилар сафини янада кенгайтириш ҳам долзарб масала. Бизга бу жараёнда катта ёрдамчи сифатида олий таълим муассасалари бириктирилди. Мактабимизга Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетларининг бириктирилгани салоҳиятли ўқитувчиларни жалб этиш имкониятини беради.
Дарҳақиқат, ижод мактабларини университетларга бириктириш, вилоятдаги мактаблар билан алоқасини мустаҳкамлаш, истеъдодли ёшлар китобларини чоп эттириш бўйича кўрсатмалар берилгани турли ҳудудларда истиқомат қиладиган ўқувчилар орасидан бадиий адабиёт ва ижоднинг бошқа турларига қизиқадиганларни аниқлаш, адабиётни теран ҳис қиладиган болалар истеъдодини рўёбга чиқариш сари дадил қадам бўлди.
Яхши ният, катта орзу-умидлар билан бошланган ҳар қандай хайрли иш, албатта, вақт ўтиши билан мевасини беради. Мазкур таълим масканида сўз санъатини севган истеъдод эгалари, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадиган билимли, салоҳиятли кадрлар, буюк ёзувчи ва шоирлар, сўз санъати ижодкорлари етишиб чиқиши шубҳасиз.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири